3 май куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида сайёр қабул ташкиллаштирилди. Жараён давомида бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова билан мурожаатчи аёл ўртасида можаро содир бўлди. Бу ҳақда хабар берган Kun.uz нашрининг ёзишича, аёл ва унинг қайнотаси бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев билан учрашмоқчи бўлган, бироқ унинг ўринбосари қабулга ўтказишни истамаган. Видеода мурожаатчилар бунга эътироз билдирганда Ортиқованинг уларга қўпол муносабатда бўлиб, ички ишлар ходимларига аёлни у ердан олиб кетишни сўраганини кўриш мумкин.

Мурожаатчи Севара Равшанованинг муддаоси Адлия вазирлиги ходими бўлиб ишлаган турмуш ўртоғининг қамоққа олиниши билан боғлиқ.

Унинг эри Ҳусан Равшанов Адлия вазирлиги марказий аппаратида ишлаган, шу йилнинг 3 февраль куни қамоққа олинган. У Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Абдумуталиб Дадажоновни коррупцияда айблаш орқали туҳмат қилишда гумонланиб, ҳибсга олинган. Унинг ҳибсда эканидан жамоатчилик апрель ойига келибгина хабар топган.

Нашрнинг ёзишича, Facebook`да «Sanjar Karimov» номли аккаунт эгаси 2022 йилда мақола ёзиб, унда Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи бўлган, ҳозирда Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётган Абдумуталиб Дадажонов пора беришда далолатчилик қилганликда айбланган. Тергов бу айбловларни туҳмат деб баҳолаган.

Мурожаатчи аёл Севара Равшанова Facebook`даги «Sanjar Karimov» номли аккаунт турмуш ўртоғига тегишли эмаслигини таъкидлаган. Бироқ ишга доир расмий ҳужжатларда Ҳусан Равшановнинг хизмат хонасидаги фойдаланувида бўлган компьютерда юқоридаги ҳолатларга алоқадор мазмундаги файллар борлиги аниқлангани келтирилган, дейилади хабарда. Унинг аёли маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, умр йўлдоши учинчи шахслар фитнаси қурбони бўлганини айтмоқда.

«Турмуш ўртоғим Адлия вазирлигида жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг бош маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Уларга бошлиғи қанақадир маълумотларни ташлаб, деталларни бир-бирига мослаб, чиройли қилиб, ёзиб бер ва менга ташла, деган. Эрим шу маълумотларни ёзиб, ташлаб берган, холос. Турмуш ўртоғимнинг иши буюртма бўлган, уюштирилган», — дейди у.

Севара Равшанова турмуш ўртоғига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳануз судга оширилмагани, гумонланувчи 3 февралдан бери қамоқда ушлаб турилганидан норози бўлиб бош прокурор қабулига кириш учун президент Шавкат Мирзиёев номига ариза ёзган. Унга президент Администрацияси томонидан Бўкада ташкил этилган сайёр қабулга келиш таклиф этилган.

У манзилга етиб борганда мурожаатни аввал бош прокурор ўринбосарлари эшитиб кўраётгани таъкидланган. Хусусан, унинг ҳужжатларини бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова кўриб, олдин унга мурожаат қилмагани, аризани олиб қолиши, ёрдамчилари кўриб чиқишини айтган. Аёл бош прокурор ҳузурига келганини айтиб, мансабдорнинг гапидан норози бўлган.

«Светлана Артикова бош прокурор қабулига киришимизга қаршилик қилди. Сайёр қабулга келганларни аввал бош прокурор ўринбосарлари эшитиб кўришаётган экан. Ташкилотчилар бизни Светлана Артиковага йўналтиришди. У дардимизни эшитиб, олдин менга мурожаат қилмагансизлар, аризани олиб қоламан, ёрдамчиларим кўриб чиқишади, деб айтди.

Ҳолбуки, бу пайтгача айни масала юзасидан Бош прокуратурага 5 марта мурожаат қилгандик. Бирортасига жавоб келгани йўқ. Шу сабабли Ўзбекистон президентига мурожаат қилиб, бош прокурор қабулига кириш учун ёрдам сўрагандим. 2 май куни кечқурун администрациядан қўнғироқ қилишиб, эртага Бўкага етиб боришимни айтишди. Шу сабабли келгандим бу ерга. Бизни Светлана Артикова қабул қилсин, деганим йўқ эди ҳеч кимга", — деди аёл.

Шунингдек, у қайнотаси иккалови бош прокурор олдига ўтказилмагани, аризалари олиб қолиниб, уларни жўнатиб юбормоқчи бўлишганини иддао қилган.

«Шунда қайнотам: „Майли, унда аризанинг иккинчи нусхасига мурожаатимизни олиб қолганингиз ҳақида қўл қўйиб беринг“, деб айтди. У қўл қўймаслиги, ёрдамчиси қўл қўйиб, олиб қолишини айтди. Қайнотам бу ҳолда бош прокурор қабулига киришимизга имкон беришини сўради. Шунда у аёл: „Сиз кимсиз менга буйруқ беришга?“ деб айтди. Унинг қайнотамга қилган муомаласи иззат-нафсимга тегиб кетди. „Муомалангизни тўғриланг. Ўзингиз кимсиз? Менга сизнинг қабулингиз керак эмас. Фақат бош прокурорнинг қабулига кириш учун бу ерга келдим“, дедим унга. Шу жараёнда Артикова қўлимдаги аризамни шахсий ҳужжатларим билан биргаликда юлиб олишга ҳаракат қилди. Табиийки, мен қаршилик кўрсатдим. Шу жараёнда ариза йиртилиб кетди. Бундан янада асабийлашдим», — дейди мурожаатчи.

Шундан сўнг уни бош прокурор қабул қилган ва мурожаатини эшитган. Севара Равшанова бош прокурор қабулида ички ишлар ва прокуратура ходимлари уни «копток қилишаётгани», турмуш ўртоғининг иши қачон судга ошиши ҳақидаги оддий маълумотни адвокатларга ҳам айтишмаётганини билдирди.

Ниғматилла Йўлдошев аризачининг кўз ўнгида масъулларга қўнғироқ қилиб, тергови якунланган иш нега ҳалигача судга чиқмаганига аниқлик киритди.

Бош прокурор қўнғироқ қилган мансабдор Равшан Ҳусановга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов хулосаси 28 апрель куни судга юборилганини маълум қилди.

Севара Равшанова Ниғматилла Йўлдошевдан эрига нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилишида амалий ёрдам сўради. Бош прокурор ушбу мурожаатни шахсан назоратга олиши, ён дафтарчасига ариза тафсилотларини ёзиб олганини, ёрдам беришга ҳаракат қилишини билдирди.