Германиянинг Siemens конгломерати Ўзбекистонда бир қатор энергетика лойиҳаларини амалга оширмоқчи, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

2 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми доирасида Siemens Energy ва «Иссиқлик электр станциялари» 4 та энергия тежовчи газ турбинаси ўрнатиш бўйича 72 миллион евролик шартномалар имзолади. Бухоро шаҳрининг 3-сонли иссиқлик таъминоти қозонхонасида ва Муборак ИЭМ корхонасида ҳар бирининг қуввати 54 МВтга тенг бўлган иккитадан, жами 4 та газ турбина ўрнатилади.

Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг умумий қуввати 216 МВтга ошади, шунингдек, йилига 1,7 миллион кВт/соат электр энергияси ва 1,5 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Шунингдек, 80 та доимий иш ўрни яратилади.

Siemens ҳам бир қанча янги электр станцияларини қуриши кутилмоқда. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов журналистларга маълум қилди.

«Таъкидлаш ўтиб керакки, Siemens компанияси биринчи марта [Ўзбекистондаги лойиҳаларда] нафақат ускуна етказиб берувчи, балки инвестор сифатида ҳам иштирок этяпти», — дейди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Германия концерни билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станциясини қуриш ва 2025−2026 йилларда ишга тушириш режалаштирилган. Германия компанияси Навоий кимё кластерида иссиқлик электр станциясини, шунингдек, умумий қуввати 1000 МВт бўлган шамол ва қуёш станцияларини қуришда иштирок этади.