5 май куни Тошкент шаҳрида янги банк — «Yangi Bank» рўйхатдан ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати.

Кредит ташкилотига Марказий банк бошқарувининг қарори билан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Yangi Bank 2019 йил ноябрь ойида ташкил этилган Сингапурнинг Yangi Holding PTE LTD компаниясига қарашли Yangi Group МЧЖга тегишли.

2020 йил 19 июнь куни рўйхатдан ўтган Yangi Group раҳбари аввал «Ўзагроэкспортбанк» (банк Олим Чодиев компаниясига сотилган) бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Амерқулов Одил Гаивиллаевич ҳисобланади. Шунингдек, у Yangi Crypto (100%), Yangi Finance Mikromoliya Tashkiloti (0,1%) ва Innsoft (25%) микромолия ташкилоти асосчиси сифатида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистон Марказий банки иккита янги банк — Apex Bank ва Hayot Bank`ни рўйхатдан ўтказганди.