Ўзбекистонда апрель ойида 262 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан 29,7 млн куб метр ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Ҳолатлар истеъмолчилар тоифаси бўйича таҳлил қилинганида, асосан:

  • АГТКШларда 4 та ҳолатда 0,5 млрд сўм;
  • иссиқхоналарда 3 та ҳолатда 0,8 млрд сўм;
  • ишлаб чиқариш корхоналарида (асфальт, оҳак, гипс, чинни маҳсулотлари, нон маҳсулотлари) 43 та ҳолатда 10,8 млрд сўм;
  • умумий овқатланиш шохобчаларида 45 та ҳолатда 0,4 млрд сўм;
  • бошқа улгуржи истеъмолчилар томонидан 167 та ҳолатда 16,4 млрд сўмни ташкил этган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон бўйлаб апрель ойида 225 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 5,5 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилди. Уларнинг энг кўпи Андижон, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.