Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) Ўзбекистонда зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси ва журналист Ирина Матвиенко атрофида юзага келган вазиятга изоҳ берди.

3 май куни жамоатчилик фаоли Ўзбекистонни вақтинча тарк этгани, бунга номаълум шахсдан ўлим таҳдидини олгани сабаб бўлганини маълум қилганди. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган.

АОКА «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига мувофиқ давлат журналистнинг касбий фаолиятини амалга оширишда ҳимоясини таъминлашини эслатиб ўтди.

Қонуннинг 14-моддасига кўра, журналистнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Бу каби ҳимоявий кафолатлар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.

«АОКА бу каби ҳолатларни сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид хатти-ҳаракатлар сифатида кескин қоралайди», — дейилади хабарда.

Агентлик Бош прокуратурага вазиятни ўрганиб, унга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб расмий хат йўллаган ҳамда журналист ҳаёти хавфсизлиги таъминланиши ва қонунчиликка зид равишда таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишига ишонч билдирган.

Эслатиб ўтамиз, вазият ИИВ Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан ҳам ўрганилмоқда.

Ирина Матвиенко Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан кўплаб шов-шувли зўравонлик ҳолатларини эълон қилган. Улар орасида Хоразм вилоятидаги 1-оилавий меҳрибонлик уйининг вояга этмаган 3 нафар тарбияланувчиси мансабдор шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурланган воқеалар ҳам бор.

Nemolchi.uz лойиҳасининг саъй-ҳаракатлари аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишига ҳам хизмат қилди.