25 апрель куни кечки пайт Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Бўзсув канали бўйида 20 ёшли аёл бир ярим ёшли боласи билан ўзини сувга ташлади, деб хабар берди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган 2 нафар ППХ ходими вазиятга гувоҳ бўлиб қолган. Улардан бири ўзини сувга ташлаб, аввал болани чиқариб олган ва шеригига топширган. Шундан сўнг аёл ҳам қутқарилган. Воқеа жойида болага биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, кейин она-бола 7-шаҳар клиник шифохонасига олиб борилган.

бахтсиз ҳодиса, бўзсув канали, ўз жонига қасд қилиш

«Биз шу маҳаллада яшаймиз, бу ерда жуда хавфли айлана оқим бор: одамни тортиб кетади. Бирор одамни қутқариш, айниқса, 2 кишини сақлаб қолиш жуда қийин, чунки чўкаётган одам олдидаги одамга талпиниб, униям чўктириб юборади», — дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Аниқланишича, 2003 йилда Бухоро вилоятида туғилган Моҳларойим исмли аёл турмуш ўртоғи уни ташлаб кетганидан сўнг руҳий ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб, шундай қилишга қарор қилган.

«Умуман яшагим келмай қолган, ҳаётга ишончим сўниб кетганди. Шунинг учун мен шундай қилдим. Болам менда бор ҳамма нарса эди ва уни ташлаб кетишни хоҳламадим. Ҳозир қилган ишимдан жуда афсусдаман. Фарзандимни сақлаб қолган ходимларга раҳмат», — дейди Моҳларойим.

Аёлни текширган психиатр унинг аҳволи «руҳий шок ҳолатида, аммо жисмоний саломатлиги жойида» эканини билдирди.

«Руҳий-асаб касалликлар бўйича шифокорларни чақиришга қарор қилинди. Ҳозирда уларнинг ҳаётига ҳеч нарса таҳдид солгани йўқ, ҳаммаси яхши. Биз психологик ва психиатрик ёрдам кўрсатишда давом этамиз», — деди шифокор.

Салкам 1,5 ёшли бола вазият ойдинлашгунга қадар меҳрибонлик уйининг чақалоқлар бўлимига топширилди.