Жиззах вилояти прокуратураси томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган, фуқаро Д.Р. 300 нафардан ортиқ шахснинг пул маблағларини ўзлаштиргани айтилган хабар ўрганилди.

Аниқланишича, Д.Р. А.Ғ. ва Р.Н. биргаликда 103 нафар фуқарони ўзлари тайёрлаган сохта ҳужжатлар асосида АҚШга бориши учун Green Card лотереясидан ютуқ чиққанига ишонтириб, алдаш йўли билан уларнинг жами 2 млрд 597 млн сўм пул маблағларини қўлга киритган.

Жиноят ишлари бўйича Арнасой тумани судининг тегишли ҳукмига кўра, Д.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) ва бошқа моддалари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маҳкум Д.Р. жазони ўташига монелик қиладиган оғир касалликка чалингани сабабли унга нисбатан ҳукм билан тайинланган жазонинг ижроси 4 ойга кечиктирилган. Вилоят суди апелляция инстанциясининг тегишли ажримига кўра, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд қарорларининг қонунийлиги ўрганилганда, протест келтириш учун асослар топилмаган. Бундан ташқари, А.Ғ. ва Р.Н. терговдан яширингани сабабли уларга нисбатан суднинг ажримига кўра, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, қидирув эълон қилинган.

«Газета.uz» Green Card дастурига мустақил ариза топшириш ва натижаларни текшириш бўйича қўлланма тайёрлаган.

Green Card`нинг 2024 йилги мавсуми учун натижалар 6 май куни АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинади.