Ўзбекистонга илк ташрифим мен учун жуда муҳим. Марказий Осиёда ривожланаётган демографик ва иқтисодий куч сифатида Ўзбекистон сўнгги йилларда улкан иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларга киришди, бунга Франция алоҳида эътибор қаратди, Ўзбекистон расмийлари эса Европа билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилмоқда.

Шу боис ўзимдан аввалги вазир-делегатлардан Жан-Батист Лемуан 2019 йилдаги ва Франк Ристернинг 2021 йилдаги ташрифлари, шунингдек, президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифлари якунлари бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифатини оширишга ҳисса қўшишдан мамнунман.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси томонидан президент Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи арафасида ташкил этилган Франция-Ўзбекистон бизнес-форуми мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг чинакам муваффақиятига айланди. У Ўзбекистоннинг Франция билан фаол ҳамкорликка содиқлигини намойиш этди ва мен ҳамкасбим Жамшид Хўжаев билан жуда самарали фикр алмашдим.

Шу билан бирга, президентларимизнинг икки мамлакат ўртасида юқори даражадаги ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашиш тўғрисидаги қўшма баёноти ҳамкорлик истиқболларини сезиларли даражада кенгайтиришга хизмат қилди.

2022 йилда умумий қиймати 5 млрд евро бўлган 30 дан ортиқ Франция-Ўзбекистон битимларининг имзолангани туфайли ўзбеклар ва французлар учун уларнинг амалий натижаларини кўришга кўплаб имкониятларни тақдим этди.

Франция компаниялари Ўзбекистонда, айниқса, коммунал хизматлар (Veolia, Suez, тез орада — Eiffage), энергетика (EDF, Total Eren, Voltalia, Orano) ва транспорт (Airbus, ATR, Alstom)нинг муҳим тармоқларида фаолияти кўрсатмоқда. Ишончим комилки, бу иштирок инфратузилма ва туризм каби бошқа соҳаларга ҳам татбиқ этилиши мумкин, чунки йирик лойиҳалар орқали компанияларимиз ўз маҳоратини умумий манфаатлар хизматига қаратмоқчи ҳамда икки томонлама ҳамкорлигимизга аниқ маъно бермоқчи.

Бу борада Тошкент ҳокимлиги ва Veolia компанияси ўртасида давлат-хусусий шериклик асосида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини бошқариш ҳамда Orano компанияси билан уран захираларини геология-қидирув ишларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик истиқболли ҳисобланади.

Франция Ўзбекистон иқтисодиётининг диверсификацияси ва карбонсизланишини қўллаб-қувватламоқчи. Франция тараққиёт агентлиги (AFD) томонидан қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантиришга йўналтирилган катта инвестициялар билан бир қаторда, бизнинг хусусий секторимиз кўникма ва тажрибани узатишда янада узоқроққа бориши мумкин.

Ўзбекистон бозори — ноу-хау кенг эътироф этилган француз кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун ҳақиқий имкониятдир. Шунинг учун ҳам менга Франциянинг 15 компаниясидан иборат делегация ҳамроҳлик қилмоқда, ўтган ойда эса MEDEF International бошчилигидаги 35 компаниядан иборат яна бир делегация Тошкентга ташриф буюрган эди. Айнан шунинг учун ташрифим жуда аниқ иқтисодий мазмунга эга: иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, маҳаллий ҳокимият органлари билан юқори даражадаги музокаралар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳамда Франция-Ўзбекистон бизнес-клубига (CAFU) аъзоси ҳисобланган француз компаниялари вакиллари билан учрашув. Шунингдек, иқтисодий ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонда Франция Савдо-саноат палатаси ташкил этилишига умид қилмоқдаман.

Иқтисодий алоқаларимиздан ташқари, таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорлигимизни ҳам унутмайман: Ўзбекистон Марказий Осиёда энг кўп француз тилида сўзлашувчилар ҳамда француз тилини ўрганувчилар ва пандемия даврида кучли зарар кўрган олий таълим соҳасида ҳамкорлик қиладиган давлатдир. Ҳозирда олий француз-ўзбек таълим муассасасини яратиш лойиҳаси ўрганилмоқда.

Хориждаги Франция фуқаролари бўйича вазир делегати сифатида мен ташрифим чоғида Ўзбекистондаги 200 кишидан иборат ва ўтган йилдан буён ўсишда давом этаётган жуда фаол француз жамияти билан учрашиш имконига эга бўлдим. Улар алоқаларимизни мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқда.

Барча ўзбекларга шуни айтмоқчиманки, мен яқинда Парижда икки кўргазма — Луврдаги «Ўзбекистон воҳалари мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида» ҳамда араб дунёси институтида президентлар Эммануэл Макрон ва Шавкат Мирзиёев томонидан ҳамкорликда очилган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмалари билан ажойиб тарихи ва маданияти нишонланган мамлакатга ташриф буюраётганимдан жуда хурсандман. .

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстлик бардавом бўлсин!