Май ойида ҳаво ҳароратининг барқарор ўсиши давом этади, апрель ойига нисбатан ўртача 4−6 даража илиқроқ бўлади. Бу ҳақда Ўзгидромет хизмати агентлиги маълумот берди.

Синоптикларнинг маълум қилишича, ушбу йилда май қуруқ ва илиқ об-ҳаво билан бошланади. Хусусан, 1 май куни ҳаво ҳарорати +30…+33 даража атрофида бўлади. Сўнгра ҳафта давомида ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва кундузи +23…+28 даражани ташкил этади.

Ўн кунликнинг энг охирида эса ҳарорат яна кўтарила бошлайди. Кейинчалик май ойининг охиригача ҳарорат кечалари +10…+13 даражадан +17…+20 даражагача, кундуз кунлари +22…+25 даражадан +32…+35 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

1 майдан 10 майгача асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши мумкин, фақат 4 май куни шимоли-ғарбий ҳудудларда, 6−7 май кунлари республиканинг қолган ҳудудларида асосан момақалдироқли қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин. Умуман олганда, май ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

«Аммо шуни эсдан чиқармаслигимиз жоизки, май ойида об-ҳаво ўзгарувчандир. Кўпинча май ойида кучли жала ёмғирлар ёғади, бунда бир неча соат ичида ойлик ёғингарчилик меъёрининг ярмигача ёки ундан кўп қисми ёғиши кузатилади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли жала ёмғирлар ёғиб ўтиши, айниқса, хавфлидир. Улар сел каби табиий ҳодисанинг шаклланишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихига кўра, жуда камдан-кам ҳолларда май ойида кундузги ҳарорат +13…+18 даражагача пасаядиган кунлар кузатилади. Республика ҳудудининг катта қисмида 1989 йилнинг май ойи бошида кечалари совуқ кузатилган. Бу кузатувлар тарихидаги энг кечки совуқлардир.