Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияcининг йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ўтказилди, дея хабар бермоқда қуйи палата матбуот хизмати.

Йиғилишда мазкур қонун лойиҳаси билан 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшишга тўғрисидаги қўшимча киритилмоқда. Таъкидланишича, ҳозирги вақтда касаба уюшмалари тизимида 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар, 6 минг 700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар хизмат қилмоқда.

«Лекин амалдаги қонунларда 11 ноябрь санаси ишланмайдиган байрам куни сифатида эътироф этилмаган. Шунингдек, байрам тадбирларини ўтказишни ташкил этиш ҳамда ходимларни рағбатлантириш чораларини кўриш механизмлари белгиланмаган», — дейилади хабарда.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши «ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилишини» эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватлади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрни — «Умумхалқ байрами» сифатида дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида таклиф билдирганди. Бу давлат раҳбарининг касаба уюшмалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида қайд этилганди.

Маълумот ўрнида, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, Ўзбекистонда 9 та (ишланмайдиган) байрам саналари мавжуд:

  • 1 январь — Янги йил;
  • 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни;
  • 21 март — Наврўз;
  • 9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь — Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь — Конституция куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.