14:12 да таҳрирланди. Аввал бошданоқ ЎзА хабарида, президент фармонига кўра, 11 ноябрь умумхалқ байрами сифатида нишонланиши айтилганди. Кейинроқ эса хабар таҳрирланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрни — «Умумхалқ байрами» сифатида дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида таклиф билдирди. Бу давлат раҳбарининг касаба уюшмалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида қайд этилган, деб хабар бермоқда ЎзА.

11 ноябрь Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида нишонланади. Таклиф маъқулланса, мазкур сана кейинги йилдан дам олиш куни бўлади.

Барча дам олинадиган байрам кунлари Меҳнат кодексига киритилган, шу боис, ноябрнинг 11 санаси ҳам кодексга киритилгач, амалда қўлланилиши мумкин.

Амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, Ўзбекистонда 9 та (ишланмайдиган) байрам саналари мавжуд:

  • 1 январь — Янги йил;
  • 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни;
  • 21 март — Наврўз;
  • 9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь — Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь — Конституция куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

Аввалроқ хабар берганимиздек, Меҳнат кодексининг 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги таҳририга асосан байрам санаси дам олиш кунига тўғри келса, ишланмайдиган кун қўшиб берилади.