1 майда ўтказилган брифингда сўзга чиққан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари миссияси хулосасига кўра, 30 апрель куни Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси бўйича референдум «юқори ташкилий савияда, эркин ва очиқ муҳитда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўтди».

«Референдум ташкилотчилари фуқароларга ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш имкониятини яратди», — дейилади ҳужжатда, ундан парчани Тошкентда бўлиб ўтган брифингда МДҲ бош котиби ва миссия раҳбари Сергей Лебедев ўқиб эшиттирди.

«Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юқори савияда ташкил этилгани аниқ. Овоз беришни ташкил этиш борасида сезиларли ижобий ўзгаришларни кўряпмиз. (Хусусан), юқори технологик ускуналар ва бутун кампаниянинг юқори даражада ахборот ёритилиши», — деди у.

«Мен Ғарб оммавий ахборот воситаларида бу ерда ахборот ёритилиши ёмон экани, одамлар нимага овоз бераётганини билмаётгани ҳақидаги хабарларни кўрдим. Лекин бу танқидлар тўлиқ ёлғон эканини ҳаёт кўрсатди ва буни фактлар тасдиқлайди. Ўзбекистон фуқаролари ўзгартишларни муҳокама қилишда иштирок этиш учун тўлиқ имкониятга эга бўлди», — деди Сергей Лебедев.

«Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини диққат билан кузатган миссиямизнинг барча аъзолари бу ерда ахборот қандай кенг ёритилганини кўрди», — дея қўшимча қилди у.

«Овоз берганларнинг 90 фоизи ушбу тузатишлар киритилишини ёқлаб, 9 фоизигина ўзгартишларга эътироз билдиргани халқнинг мазкур тузатишлар киритиш мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини тўлиқ англаб етганидан далолатдир», — деди миссия раҳбари.

«Кеча мен Жиззах вилоятида ҳам, Тошкент шаҳрида ҳам кўплаб сайлов участкаларида бўлиб, журналистларнинг саволларига жавоб берган бир қанча овоз берувчиларнинг тилидан шахсан ўзим „Ҳа, мен онгли равишда ушбу тузатишлар учун овоз беряпман, чунки уларда мамлакатда демократияни мустаҳкамлаш, кўплаб тоифадаги фуқароларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш учун ушбу тузатишлар киритилмоқда ва олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам беради“, деганини эшитдим», — деди МДҲ бош котиби.

«Телевидение ва радиолардаги муносабатлар, ёшларнинг ҳам, кекса авлод вакилларининг ҳам фикрлари одамлар ушбу ўзгартишлар зарурати ва моҳиятини тушуниб, Конституцияга киритилган ўзгартишлар учун овоз берганини тасдиқлади», — деди у.

«Очиғини айтганда, кузатувчиларимиз Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигининг бузилиши ёки овоз беришда ҳеч қандай тўсиқларни аниқламади», — деди Сергей Лебедев.

Сайловчиларнинг юқори иштироки — қарийб 85 фоиз — фуқароларнинг янги таҳрирга бефарқ эмаслигидан далолат беради, «бу жуда юқори фаоллик», деди у.

Сергей Лебедев сайлов комиссиялари аъзоларининг «саводхонлиги ва малакаси», шунингдек, уларнинг махсус тренинглар тарзида ташкил этилган яхши тайёргарлигини таъкидлаб ўтди.

МДҲ миссияси 12 апрелдан референдум ўтказиш бўйича кампанияни кузатишни бошлаган. 8 нафар кузатувчи — МДҲ Ижроия қўмитаси ходимлари узоқ муддатли асосда ишлади. Ҳамдўстликка аъзо 8 давлатдан қисқа муддатли кузатувчилар референдумдан икки кун олдин Ўзбекистонга келди.

Миссияда жами 95 нафар кузатувчи бор эди. Лебедевнинг таъкидлашича, бу референдумдаги барча кузатувчиларнинг (380 дан ортиқ) тўртдан бирини ташкил этади. Унинг сўзларига кўра, улар — МДҲ мамлакатлари марказий сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари, парламент депутатлари, дипломатик корпус вакиллари «кузатув тажрибасига эга бўлган профессионал одамлар».

Душанба куни Сергей Лебедев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. У Ҳамдўстлик бош котиби ва миссия аъзоларига «мамлакатнинг барча ҳудудларида фаол ишлагани ҳамда референдумнинг бориши ва натижаларига юксак баҳо бергани учун» самимий миннатдорлик билдирди.

Суҳбат чоғида «референдум якунлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва мамлакатимизда демократик янгиланишларни давом эттиришда муҳим босқич бўлишига ишонч билдирилди»