Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун (ЎРҚ-836-сон)ни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

2022 йилнинг августида сенаторлар давлат қарзи тўғрисидаги қонунни маъқуллаган, бу кўрсаткичнинг максимал миқдори ЯИМга нисбатан 60% этиб белгиланиши кутилаётганди. Давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин. Уни самарали бошқариш учун эса уч йиллик стратегия ишлаб чиқилади.

Қонун билан давлат органларининг давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатлари белгиланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Қонунга кўра, давлат қарзини бошқариш қуйидагилардан иборат:

  • давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш;
  • давлат томонидан маблағ жалб этиш;
  • давлат томонидан жалб қилинган маблағларни бошқариш;
  • давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш;
  • давлат қарзини реструктуризация қилиш;
  • давлат томонидан жалб қилинган маблағларни қайтадан кредитлаш;
  • давлат кафолатини расмийлаштириш ва тақдим этиш;
  • давлат қарзига оид шартномаларни ва давлат кафолатларининг рўйхатини юритиш;
  • давлат қарзининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
  • давлат қарзи бўйича хизмат кўрсатилишини таъминлаш ва давлат кафолатларини бажариш.

Шунга кўра, давлат қарзини бошқариш стратегияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан фискал стратегия билан биргаликда 3 йил муддатга тасдиқланади. Давлат қарзи ички ва ташқи қарзни ўз ичига олади ҳамда қисқа (1 йилгача), ўрта (1 йилдан 5 йилгача), узоқ муддатли (5 йил ва ундан ортиқ муддатга) бўлиши мумкин.

Давлат қарзининг энг юқори миқдори ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак.

Давлат қарзи ҳажми ЯИМнинг 50 фоизига етганда, Вазирлар Маҳкамаси парламентда ушбу стандартдан ошиб кетишининг олдини олиш чораларини кўриш бўйича таклифларни киритади. Ушбу нормада иқтисодий инқирозлар юз берганда ЯИМга давлат қарзининг кескин ошиши эҳтимоли ҳисобга олинади.

2023 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 29,2 млрд долларга (ЯИМга нисбатан 36,4 фоиз) етган. Бу мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.