13 апрель куни Тошкентнинг Яшнобод туманида Gentra пиёдалар йўлагидан ўтаётган аёлни уриб юборди, дея хабар бермоқда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Соат 10:50 атрофида туманнинг Маҳтумқули кўчасида 2002 йилда туғилган Р. И. бошқарувидаги Lacetti автомашинасида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёда — 1976 йилда туғилган У. Э.ни уриб юборган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

ЙТҲ оқибатида пиёда тан жароҳат олиб шифохонага ётқизилган, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Тошкент ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Видеодан кўриш мумкинки, йўлдаги бошқа автомобиллар пиёдани ўтказиб юбориш учун тўхтаб турган бир вақтда бошқа йўлакдан келаётган ҳавдовчи автомобилини тўхтатмаган.

Блогер Никита Макаренко ҳолат бўйича муносабат билдирар экан, воқеага ҳайдовчи эмас, балки Тошкент шаҳри, республика ва пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти айбдор эканлигини таъкидлади.

«Иккала тузилма ҳам туяқуш каби бошларини ерга кўмган ҳолда ўйнашади. Улар бизга вазиятни яхшилаш учун ҳеч қандай режа ҳам тақдим этишмайди. Балки Тошкент аҳолисини шу йўл билан камайтиришга қарор қилишгандир», — деб ёзади блогер.