Якшанба куни кечқурун 14-Тошкент шаҳар референдум округи 649-участкасида комиссия аъзолари жараён тугагач урнага кўплаб қоғоз қўшаётгани акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътиборини тортди.

Марказий сайлов комиссиясининг изоҳ беришича, мазкур хабар зудлик билан шаҳар референдум округи томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, видеода кўрсатилган ҳолат муддатидан олдин овоз берганлар бюллетенлари солинган конвертларнинг яширин овоз бериш қутисига солиш жараёни бўлган.

Муддатидан олдин овоз берилган бюллетенлар солинган ёпиқ конвертлар овоз бериш қутисига ташланади. Видеода кўриниб турганидек, ушбу жараён комиссия аъзолари иштирокида очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилган, дейилади хабарда.