Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев референдум участкалари ҳамда уларнинг атрофида жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун жами 30 900 дан ошиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари хизматга жалб этилганини маълум қилди. Бу ҳақда у Марказий сайлов комиссяси матбуот марказида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, референдумда қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам иштирок этмоқда.

Хусусан, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 9 679 нафар шахслар овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга.

«Референдум қонунчилигига кўра, референдумга 60 кун қолганда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги маҳкумларнинг овоз бериши учун жами 18 та референдум участкалари ташкил этилди. Мазкур референдум жараёнларида кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга ва улар тўсиқсиз ичкарига қўйилмоқда», — деди Бекмурод Абдуллаев.

ИИВ ўринбосарининг айтишича, соат 11:00 ҳолати бўйича ички ишлар органларига референдумга оид қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ариза ёки хабар келиб тушмаган. Участкаларда қонунбузилиши ҳолатларини аниқлаш, қайд этиш, ҳар томонлама ва сифатли кўриб чиқилиб ҳуқуқий баҳо берилишини таъминлаш мақсадида, суд, прокуратура ва ИИОнинг ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилган ва барча идораларда туну-кун навбатчиликлар ташкил этилган.

Бироқ «Газета.uz» мухбирлари Тошкентдаги референдум участкаларида бир қатор қоида бузилиши ҳолатларини қайд этди. Энг кўп кузатилган ҳолат — оила аъзолари учун овоз беришдир. Шунингдек, журналистлар кузатувчиларнинг суст эканлигига ҳам эътибор қаратган.