Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида тарқалаётганолий таълим муассасалари ходимлари талабаларни уларнинг эркига зид равишда референдумда қатнашишга чорлаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Хусусан, Тошкентдаги ОТМлардан бирининг исми сир қолишини истаган талабаси 699-участка сайлов участкасида сайлов бюллетенларини тўлдириш ҳолатлари ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ётоқхонада яшовчи ва ижарага турувчи талабалар битта участкага юборилган. Талабага биттасига ҳеч қандай ишора қўйилмаган, қолганлари эса «Ҳа» деб белгиланган 20 тача бюллетень берилган. Талабанинг таъкидлашича, унга бу бюллетенларни қутига ташлаш буюрилган.

Шунингдек, университетда ташкил этилган сайлов участкаларида талабалар овоз беришлари талаб қилингани, овоз беришга келмаганлар рўйхати тузилиб, улар билан суҳбат ўтказилишидан огоҳлантирилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

«Қонунчилигимизга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Фуқароларни референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас», — дейилади Олий таълим вазирлиги хабарида.

Вазирлик талабаларнинг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркин бўлишини таъминлаш борасида қатъий позицияга эгалигини билдирди.

«Азиз талабалар! Башарти, бу борадаги ҳуқуқларингиз бирон-бир тарзда бузилаётган бўлса, +998712071762 рақамига ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беришингизни сўраймиз. Сизнинг ҳуқуқларингиз қонунга мувофиқ ҳимоя қилинади ва айбдорларга тегишли чоралар кўрилиши таъминланади», — дейилади хабарда.