7 апрель куни ижтимоий тармоқларда OLX.uz онлайн савдо платформаси орқали Тошкент шаҳри 250 миллиард долларга сотувга қўйилгани ҳақида эълон тарқалганди. Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази эълонни жойлаштирган фойдаланувчининг шахсига аниқлик киритди.

Ушбу эълонни қўйган фойдаланувчи Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқаро экани аниқланган. Бироқ тармоққа эълонни унинг 8-синфда ўқийдиган ўғли жойлаштирган.

olx.uz, киберхавфсизлик маркази, тошкент шаҳри

«Мен бундай эълонни ижтимоий тармоқларда кўргандим. Уни Тошкентга мослаштириб, ҳазил сифатида қўйганман. Лекин уни негатив учун тарқатмагандим, позитив нарса қилмоқчи эдим. Нима иш қилиб қўйганимни тушундим, қилган ишимдан афсусдаман», — деди ўсмир.

Ўқувчининг ота-онаси, ўқитувчилари ва мактаб раҳбарияти унинг хулқ-атвори ҳамда дарс машғулотларидаги иштирокини ижобий тавсифлаган.

OLX.uz бош директори Дониёрбек Турғуновнинг сўзларига кўра, мутахассислар томонидан Тошкент шаҳри сотилиши ҳақидаги эълон бир неча дақиқадан сўнг блокланган.

«IT технологиялар ривожланмоқда, ёшлар компьютер технологиялардан фойдаланиш бўйича ота-оналаридан ўзиб кетишди. Бироқ „бу ютуқлар эзгуликка, ватанни пуллаш эмас, унинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишга хизмат қилса“, яратилаётган шароитларга „муносиб жавоб берган“ бўламиз», — дейилади Киберхавфсизлик маркази хабарида.

Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.