Самарқандда PUBG шахсий ҳисобини (профилини) 4,5 минг долларга сотишини айтиб 14 ёшли болани чув туширган ўсмирга нисбатан жиноий иш очилди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

2023 йил январь ойининг охирларида Каттақўрғон туманида яшовчи вояга етмаган 16 ёшли Т.Ж. ўзига тегишли бўлган Telegram мессенжердаги Frenzy account орқали PUBG ўйинининг профилини 7 000 АҚШ долларига сотиши ҳақида реклама жойлаштирган.

Шундан сўнг ушбу ўйиндаги профилини ўзига олдиндан таниш бўлмаган Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи 14 ёшли И.С.га сотишга келишиб, ундан жами 4 450 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни ўзига тегишли бўлган пластик картасига ўтказиб олган. Бироқ И.С.га PUBG`даги профилини бермасдан, ундан олган пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Т.Ж.га нисбатан Жиноят кодекснинг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.