Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровни қабул қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, мулоқотда диний-маърифий йўналишларда, буюк аждодларимиз илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.

«Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис юртимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний таълим сифатини янада ошириш, ушбу йўналишдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиб, юртимиздаги диний таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Президент жамиятда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш бўйича ўз фикрларини билдирди.