26 апрель куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича HY273 рейси бортида бола туғилди, деб хабар берди компания матбуот хизмати.

Таъкидланишича, туғуруқ Истанбулга яқинлашганда бошланган. 1996 йилда туғилган йўловчи С.А. борт кузатувчиларига оғриқ бошланганини билдирган. Бригадир вазиятни баҳолаб, бортдаги йўловчиларга мурожаат қилиб, агар улар орасида шифокорлар бўлса, ёрдам беришларини сўраган.

Бироз вақт ўтгач, йўловчи ҳомиладорликнинг 28-ҳафтасида ўғил фарзандни дунёга келтирган. Хавфсиз қўнишдан сўнг Истанбул халқаро аэропортининг тиббиёт ходимлари бортга чиққан. Она ва чақалоқ клиникага ётқизилган, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланди.