Июнь ойидан Ўзбекистон ва Черногория ўртасида доимий тўғридан-тўғри авиарейслар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда 25 апрель куни Тошкентда ўтган икки давлат туризм тадбиркорларининг очиқ мулоқотида маълум қилинди, дея хабар берди Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Қайд этилишича, рейслар Ўзбекистоннинг Prestige Travel компанияси томонидан амалга оширилади.

«Бу икки мамлакат туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун янги имконият ва муҳим қулайликлар яратади. Амалга оширилаётган ишлар мамлакатлар аҳолисининг сифатли ҳордиқ чиқаришлари учун муҳимдир», — дея таъкидлади компания раҳбари Ойбек Аҳмедов.

Шу билан бирга, тадбир давомида эндиликда ўзбекистонликлар Черногория давлатига визасиз боришлари мумкинлиги ҳам эълон қилинди.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 22 та давлатига визасиз бора оладилар. Яна 33 давлат Ўзбекистон фуқаролари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этган.