Маҳмадали Асқаровни ҳақли равишда Тошкент ҳайвонот боғининг оқсоқоли деб аташ мумкин. У бу ерда 62 йил ишлаган. 1958 йил октябрь ойида у «Туёқлилар» бўлимига чорвачилик бўйича мутахассис бўлиб ишга кирди ва тўққиз йилдан сўнг бўлим бошлиғи бўлди.

Асқаровнинг сўзларига кўра, ўша пайтда ҳайвонот боғида 21 турдан ортиқ ёввойи туёқлилар яшаган ва муассаса шаҳар марказида — ҳозирги Экопарк ўрнида жойлашган эди. Жонзотлар орасида ламалар, морхўрлар, арҳарлар, жайронлар, буғулар, оҳулар, бизонлар, ҳинд буйволлари, зебралар ва Пржевальский отлари бор эди.

Тошкент ҳайвонот боғи архивидан.Тошкент ҳайвонот боғи архивидан.

Эски ҳайвонот боғининг ҳудуди атиги 3,5 гектар эди. Ундан икки гектарини хомғиштдан қурилган қафаслар эгаллаган. Қафаслар ичида жой жуда кам эди. Ҳайвонлар зич яшар, лекин шунда ҳам ҳайвонот боғида жонзотлар сони кўпайиб бораверган ва ходимлар бундан фахрланарди.

Зилзила бўлган куни Маҳмадали Раҳбарович ҳар доимгидек эрталаб соат олти яримда ишга келди. Ҳайвонот боғида уни директор, қоровуллар ва тунги сменанинг бир неча ишчилари кутиб олди. Аввало, барча ходимлар тўсиқларни текшириш ва ҳайвонларнинг ҳолатини текшириш учун юборилди. Асқаров ўз бўлимига бориб, ҳайвонлар ўзини бошқача тутаётганини пайқади.

«Оҳулар, ламалар ва буғулар ўз қўраларида тўпланиб, бир-бирига жипслашиб турарди. Кўринишидан, улар қўрқиб қолган эди. Воқеа содир бўлганидан сўнг икки-уч кун чамаси улар қўрғоннинг ичкарисига киришга қўрқиб, ташқарида қолишди, — дея эслайди Маҳмадали Раҳбарович. — Яхшиямки, ҳеч ким жабрланмади. Ҳайвонлар зилзилани олдиндан билиб, очиқ ҳавога югуришган».

Тошкент ҳайвонот боғи архивидан.Тошкент ҳайвонот боғи архивидан.

Асқаров ўз бўлимини кўздан кечиргач, бошқа ходимларга ёрдам беришга шошилди. Ҳудуд кичик бўлганлиги сабабли, ишчилар уни тезда айланиб чиқишди ва енгил нафас олишди — ҳайвонот боғи зилзиладан талофат кўрмади.

Корпусларнинг конструкциялари ва техник ҳолати сақланиб қолди. Ҳеч қандай қулашлар ва кучли вайронагарчиликлар бўлмади, фақат жуда эски бинолар ва тўсиқларда ёриқлар пайдо бўлди. Ушбу зарарларнинг аксарияти озиқ-овқат омбори биноси ва филлар ҳамда балиқлар бўлимларида бўлган.

«Афсуски, кичик аквариум балиқларининг бир қисми зилзила пайтида нобуд бўлди, — дея эслайди Маҳмадали Асқаров. — Биздаги аквариумлар учта жавонда турарди. Юқоридагилар қулаб, синиб кетди. Пастки аквариум ёрилиб кетди, лекин сувнинг ҳаммаси ҳам оқиб кетмади ва балиқлар сақлаб қолинди».

Ҳайвонот боғи директори Исхоқов болалар ўртасида гаплашувчи тўтиқуш кўтариб турибди, 1949 йил. Иллюстратив фото: «Письма о Ташкенте» лойиҳаси.Ҳайвонот боғи директори Исхоқов болалар ўртасида гаплашувчи тўтиқуш кўтариб турибди, 1949 йил. Иллюстратив фото: «Письма о Ташкенте» лойиҳаси.

Ҳайвонот боғи раҳбарияти зилзила оқибатларини бартараф этиш режасини ишлаб чиқиши керак бўлган ишчи комиссияни тузди. Воқеа жойига Москва ҳайвонот боғи ва Тошкент шаҳар Маданият ишлари бошқармаси вакиллари ҳам етиб келди. Таъмирлаш учун маблағ ажратиб, 15−20 га яқин ишчи билан ажратишди. Ишчилар ўз ҳудудига ишнинг боришини назорат қилиб туриши учун бўлим бошлиқларига бириктирилди.

«Ҳайвонларни кузатиш учун ҳар бир бўлимдан бир киши қолдирилди. Тунда ҳайвонот боғи жонзотлари, айниқса, балиқчи қушлар ва товуслар ҳар қандай шовқин ва такрорий зилзилаларга реакция билдирарди. Уларнинг қичқириғи бутун ҳайвонот боғини тутиб кетарди. Кундузи одамлар қуршовида ҳайвонлар ўзини хотиржам тутишарди», — дейди Асқаров.

Бир вольер таъмирланаётганида ундаги барча жонзотлар вақтинча бошқасига кўчирилган. Насл қолдириши кутилаётган ҳайвонлар учун эса махсус жой ажратилган.

Маҳмадали Раҳбаровичнинг сўзларига кўра, зилзиладан кейин ҳайвонот боғининг қайта тикланиши худди ҳар йиллик таъмирлаш ишларига ўхшарди. Улар асосан девор ва томлардаги ёриқларни ямашган. Қушлар ва приматлар жойлашган қафасларни таъмирлашга эҳтиёж ҳам туғилмаган — улар зилзиладан зарар кўрмаганди.

Тиклаш ишларида барча ходимлар, жумладан боғ директори ҳам қатнашган. Эрталаб соат 11 дан тушликгача улар таъмирлаш билан банд бўлса, қолган вақт кундалик вазифалари билан шуғулланган. Ишлар бир ҳафтада тамомланган. 1 май байрамига қадар зарар кўрган барча қафаслар тартибга келтирилган.

Маҳмадали Асқаровнинг айтишича, зилзила оқибатларига қарамай, ҳайвонот боғи ўз ишини давом эттирган ва ҳар куни ташриф буюрувчиларни қабул қилган. Иттифоқнинг бошқа республикаларидан Тошкентни тиклаш учун келган меҳмонлар ҳам ҳайвонот дунёси вакилларини томоша қилиш учун боғга мунтазам ташриф буюриб турган.