Марказий банк аҳолидан чипталар, барча турдаги коммунал хизматлар, давлат божи ва бошқа хизматлар учун тўловларни амалга оширишда олинадиган комиссияларнинг энг юқори миқдорини белгилашни таклиф қилмоқда. 1 майдан комиссия тўловчидан эмас, балки тўлов суммасидан чегириб ташлаш йўли билан ундирилади.

Унга кўра, комиссиянинг максимал миқдорини БҲМнинг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда (60,6 минг сўм) белгилаш режалаштирилмоқда.

Мазкур тартиб қуйидаги ҳолатларда амал қилади:

  • барча турдаги давлат божлари ва маъмурий жарималар учун тўловлар;
  • давлат хизматлари марказлари томонидан, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун тўловлар;
  • мактабгача таълим ташкилотларига, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасаларига, шунингдек олий ўқув юртидан кейинги таълим, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар;
  • барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар;
  • Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ундириладиган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш учун тўловлар;
  • E-auksion электрон савдо платформаси ва K-Savdo автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар;
  • авиация, темирйўл ва жамоат транспортининг бошқа турларида саёҳат қилишда чипталар сотиб олиш учун тўловлар.

Масалан, олий ўқув юртларида иқтисодиёт йўналиши бўйича ўқиш нархи 9 129 930 сўмни ташкил этади. Бунда банк комиссияси 1 фоиз бўлганда қўшимча тўлов 91 299,3 сўмга айланади. Чекловнинг жорий этилиши эса 25 299,3 сўмни тежаш имконини беради.

Қарор лойиҳаси матни билан regulation.uz порталида танишиб, унга 2 майга қадар ўз таклифларингизни қолдиришингиз мумкин.

Иқтисодчи Отабек Бакиров лойиҳа ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

«Рўйхат бўйича гўёки халқ тараф бўлиб воситачилик ҳақи (йиғимлар)нинг чегаравий миқдори белгиланаётган тўловларнинг аксари, онлайн иловалардан фойдаланувчилар учун деярли ҳаммаси деса ҳам бўлади, бепул. Яъни бозор конъюнктураси, банклар ва тўлов тизимлари ўртасидаги кучли рақобат туфайли кўрсатилган хизмат учун тўловларга воситачилик ҳақи тўловчидан эмас, етказиб берувчидан ундириш тизими анчадан буён ишламоқда. Яъни қанақадир қўли оёғидан, оёғи қўлидан ўсиб чиққан чиновниксиз ҳам бозор ҳаммасини тартибга солиб қўйган», — дейди иқтисодчи.

Шунингдек, у лойиҳа қонунга зид эканини таъкидлади.

«Воситачилик ҳақининг чегаравий миқдорининг белгиланиши «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга ҳам зид. Ё бўлдими, қонунларни йиғиштириб қўйиб низомлар ва оғзаки топшириқлар билан ишлашга ўтамизми?», — деб ёзади Бакиров.