1986 йилнинг 26 апрелига ўтар кечаси Чернобиль атом электростанцияси (АЭС)даги портлаш минглаб тақдирларга таъсир қилди. Припять ва Чернобиль ҳеч ким яшамайдиган арвоҳ-шаҳарларга айланди, Украина, Беларусь ва Россиянинг минг-минглаб квадрат километр ҳудуди радиациядан зарарланди, Европанинг ўнлаб мамлакатлари осмонида радиация булути пайдо бўлди. Қурилиб, фойдаланишга топширилган вақти «энг хавфсиз ва инновацион» дея таърифланган АЭСнинг фалокати эҳтимолий қурбонлари сони (камида 4 минг киши) ва етказган иқтисодий зарари бўйича атом энергетикаси тарихидаги антирекордчига айланган.

Ўзбекистондан узоқда бўлишига қарамай, ушбу фожиа ўзбекистонликлар тақдирига ҳам дахлдор. Ўзбекистон чернобилчилари уюмшаси раиси Юрий Никонов берган маълумотга кўра, 1986−1989 йиллари Чернобиль АЭС фалокати таъсир қилган ҳудудларда тозалаш ва қурилиш ишларини олиб боришда 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қатнашган. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда омон қолган чернобилчиларнинг мингга яқини Ўзбекистонни тарк этган. Пенсия жамғармасидан «Газета.uz»га билдиришларича, 2023 йилнинг 1 апрель ҳолатига 476 киши (шундан 11 нафари аёллар) Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатини тугатиш қатнашчиси, 4000 киши (44 нафари аёллар) эса ҳалокат оқибатида нурланган шахс сифатида нафақа олмоқда.

Чернобилда бўлган ўзбекистонликларнинг аксарияти бугун 60 ёш атрофида ва фалокат кўламини бутун танасида ҳис этади — улар нурланиш касаллиги сабаб соғлиғини йўқотган. Орадан 37 йил ўтса-да, радиациянинг зарари ҳамон сезилади. «Газета.uz» сана муносабати билан ўзбекистонлик бир неча чернобилчилар билан суҳбатлашди. Суҳбатдошларнинг бир қисми ҳарбий хизматчи, бир қисми эса «партизан» — яъни, Чернобиль фожиаси оқибатларини бартараф этиш учун ташкил этилган меҳнат отрядларининг ишчиси.

Акмал Игамбердиев

Ўзбекистон чернобилчилар уюшмаси Фарғона шаҳар бўлими раиси

1985 йили Фарғона давлат педагогика институтини тамомлагач, армияга кетдим. Ярим йил Волгограднинг Волжский шаҳрида сержантлик ўқишида таҳсил олдим. Шу ерда заҳарланган сувни тозалашни ўргандим. Хизмат даврида «мени ўз хоҳишимга кўра Афғонистонга юборинг», деб ариза ёздим. Командирим эшитгиси ҳам келмади. «Шу ерда қоласан» деб буйруқ берди.

Ҳадемай сержант бўлдим. Хизматни давом эттириш учун Болтиқбўйига — Литванинг Каунас шаҳрига юборилдим. Шу орада Чернобилда фалокат рўй берди, биз эса унинг оқибатларини бартараф этишга сафарбар қилиндик. Ўшанда қандай бахтсиз ҳодиса юз берганини батафсил айтишмади. Бир эшелон бўлиб ўша тарафга жўнадик. 5 минг нафарча ҳарбий хизматчи Беларуснинг Гомель шаҳрига тушдик. Бу ерга тўғри Чернобилдан шамол эсгани учун атом чанглари ҳам бирга учиб келиб, ҳамма нарсани зарарлаган экан. 15 кундан сўнг Украина томонга — Припятга кўчдик.

Мен хизмат қилган бўлинмада автокран, радиостанция, сув ташувчи машиналар, «Камаз» бор эди, мен айримларини ҳайдардим. Ҳарбий хизматчилар, аскарлар, ишчиларнинг сон-саноғи йўқ эди. Ҳар куни АЭСнинг ёрилган қисмини тозалашга неча-нечамиз чиқиб тушардик. Қанчадан қанча техника бузилиб, ишдан чиқди — саноғи йўқ. Лекин асосий иш қўлда қилинарди. Тепага чиққан одам бир парча, бўлакни олдими, тезда пастга тушиши шарт эди. Узоқ туриш, юриш мумкин эмасди.

Станциядаги ишлардан ташқари бизни посёлка ичкарисига — тупроқни қўпориб, машинага ортиш, дарахтларни тозалаш, нурланган йўлларни ювишга жалб этишди. Атом чанги шунчалик ёмон эканки, бир шамол бўлса ёки сал ҳаракат сезилса, тезда тепага кўтарилиб, ҳаммаёқни қайтадан нурлантира бошларкан. У ерда ёмғир ҳам жуда кўп ёғарди. Чанг тепага кўтарилган пайт ёмғир ёғса, сувга қўшилиб, ўша ҳудудда айланиб юраверарди. Энг ёмони шу эди. Эртасига қуёш чиқса, яна тўзон, яна радиация. Ҳаммаси қайтадан бошланарди. Биз ҳам тозалашдан тўхтамасдик.

Кўзга кўринмайдиган атом чанги эгни-бошимизни аямасди. Ҳар куни чўмилардик. Кийимимизни албатта тозасига алмаштирардик. Захирамизда учтадан кийим-бошимиз бор эди. Алоҳида махсус кийимимиз бўлмаган. Илк борган кунларимиз ҳаммага респиратор тарқатилганди. «Тез-тез алмаштириб туринг» дейилгану, бундан бошқа қўшимча берилмаган. Ой охиригача ўша битта респираторни ишлатганмиз. Кўпчилигимизники сарғайиб, титилиб-йиритилиб ҳам кетганди.

Ҳарбий қисмимиз батальонларга бўлинган ва ҳар бирининг ўз техникаси, машинаси, ошхонаси, ҳаммоми, чодирлари, ҳатто кўчма кинотеатри ҳам бўларди. Биров бировникига қарамас, ҳамма ўз ишини билиб қиларди. Овқат масаласи антиқа эди. Уч маҳал иссиқ овқат ердигу, лекин ҳамма жой заҳарлангани учун маҳсулотлар консерваланган, яхшилаб қадоқланган ҳолда олиб келинарди. Қуритилган картошка ва сабзилар қоплаб, мева-чевалар эса консерваларда келтириларди.

Ҳар ҳафта ҳаммадан қон таҳлили олинарди. Лекин жавоби ва натижаси ҳеч кимга айтилмасди. Ҳамма ўзини асраши, гигиенага риоя қилиши шартлиги қайта-қайта такрорланарди. Ҳозирги машиналар пультига ўхшаш митти «накопитель» берилганди, бир қарич ипи бор. Шимимиз ё кўйлагимиз тугмасига илиб қўярдик, у нурланиш даражасини ўлчаб турарди. Қанча нурланганимизнинг ҳисоб-китобини шунга қараб билишарди. Бироқ бунинг ҳам натижаларини ҳеч ким айтмас, «шунча нурланибсан, мана бунча дозада олибсан» демасди. Аппаратчани ҳаммадан бир вақтда йиғиб олиб, натижасини яширишарди.

Сочи қалин, мўйловли йигит эдим. Чернобилга келгач, бирдан бошоғриқ, соч тўкилиши бошланди. Нурланиш ёмон бўларкан. Соч тўкилаверса, қийин экан. Шартта мўйловимни қириб, кал бўлиб олдим. Шундан кейин сал енгиллашдим, бошоғриқлар ҳам камайгандек бўлди. Мени кўриб, бир офицер ҳам шундай қилди.

Тўрт ойча Мартинович деган жойда бўлдик. 1986 йилнинг августида қисмимиздаги 5000 аскарни рағбатлантириш бошланди. Институтда меҳнат таълимига ўқиганим учун ёзув-чизувни яхши эплардим. Сув тозалашдан ташқари хат ишларига қарашганим учун раҳбарлар фақат менга 15 кунлик таътил берди.

Фарғонага келдим. Бошоғриғим ҳеч қолмасди. Кейин бош, бўйин, қўлларимда катта-катта қизил доғлар чиқа бошлади. Аввал шишиб, ўрни ўйилиб-ўйилиб қоларди. Худди нимадир ёнаётгандек қиздирарди. Таътилдан сўнг яна Чернобил АЭСга қайтдим. Октябрда Каунасга ўтдим. Танамдаги ярани кўриб, ҳамма ҳайрон қолди. Тезда дори-давосини қилишди, калций хлор, яна қанақадир томчи уколлар улашди. Ҳозир тиббиётда қандай даволаш усули бордир, лекин ўша пайтда кўпчилик шошиб қолган, айнан қандай дори-дармон шифолиги, қандай чора кераклигини биров билмасди. Мен эса юз-кўзим ёниши, ловиллаб азоб беришидан қийналардим.

Кейин қўлларимдаги қизил тошмалар худди нори билан туғилган боланикидек қип-қизариб кетганди. Белим, бўйинларимга ҳам чиқди. Балки ёзишингиз шартмасдиру, лекин айтмасам бўлмайди: биздан олинган қон таҳлиллари, дозиметрдаги кўрсаткичларнинг бари ёқиб юборилган, бирор маълумот сақланмаган. Ким қанча нур олганини билмасин, дейишган-да.

Яхшиямки қариндош-уруғимнинг ярми шифокор. Тинмай даволандим, неча марта Тошкентга келиб-кетдим. Мен олган «иссиқ укол»ларнинг саноғи йўқ — ичим ҳам ёниб кетарди гўё. Охири, қийналиб юрганимни кўрган аптекачи қўшним бир малҳам берди. Ўшани бир ой суртгандим, яра қуриди. Лекин асорати қолган. Совуқ сув теккизсам, ловиллаб кетади.

1993 йили чернобилчилар учун Ўзбекистон бўйича оммавий кўрик бўлди. Ўшанда уч хил касаллик билан гуруҳ ногиронлигига чиқарилганман. Ҳозир жигар, томоқ, кўз кўриш қобилиятида пасайиши, қанд, юрак касалликларим бор. Бахтимга, фарзандларим, аёлим шифокор. У-бу жойим оғриса, дарров дори-дармонини қилишади.

Бахтиёр Қодиров

Фарғона шаҳрида яшайди

Ҳарбий хизматни 1972−1974 йилларда ўтаганман. 1987 йилнинг 11 майидан 10 октябригача Чернобилда бўлганман. Ўшанда 33 ёшда эдим. Муҳандис-қурувчи бўлиб ишлардим, айни вақтда захирадаги офицер ҳам эдим. Чернобиль АЭСдаги портлашдан сўнг мени округ ҳарбий комиссариатида тузилган фалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича махсус гуруҳга қўшишди.

Украинага кетишимиз арафаси ота-оналар, чол-кампирлар военкомат олдига йиғилиб, «Буларни қаерга олиб кетяпсизлар? Чернобиль портлади, деб эшитдик. Ўша ергами?», деб сўрашди. Чунки ҳарбий хизматни ўтаб бўлган йигитларнинг яна армияга чақирилаётганига ҳамма ҳайрон, нима бўлаётганини тушунмасди. «Йўқ, Чернобил яқинида Славутич деган янги шаҳарча қуриляпти. Ўғилларингиз бу ерда ҳам қурилишда ишлаяптими, у ерда ҳам худди шу ишни қилади. Боғча, мактаб, касалхона қуради. Буларнинг рухсатномаси йўқ-ку, қандай қилиб Чернобилга киради?!», деган жавоб янгради.

Бу гапларга ишониб йўлга чиқдик. Украинага етиб боргач, тўғри Чернобилга олиб боришди. Тиббий кўрикдан ўтиб, махсус кийим-бош олгач, 55237-ҳарбий қисмга қўшилдик. Орамиздан баъзилар қочмоқчи эди. Харитани очсак, уч томонимиз тўла ёпиқ, фақат 8 километрга чўзилган Қизғиш ўрмон (Рижий лес) тараф очиқ эди. Ўрмондаги арчалар, дов-дарахт сап-сарғайиб, қовжираб кетганди. Ниятимизни сезиб қолиб, жиддий огоҳлантиришди, трибунал, суд, қамоқ билан қўрқитишди. Шундан кейин кўндик.

Бу ерда ҳам аскарларга бошлиқ, ҳам портлаган блокдаги ишларни бажарувчи «партизан» эдим. Армияда кимёвий урушга тайёргарликдан ўтган учун Чернобилда асосан 3- ва 4-блокда ишладим. Келмасимиздан аввал «Қурилишда прораб бўлиб ишлайсизлар» деб роса ишонтирганлари учун Чернобиль хаёлимизга ҳам келмаганди. Лекин бу ерда ишни ҳам қилдик, ҳарбий қисмдаги 140 дан ортиқ аскарни ҳам ўқитдик.

Чернобилда 19 та район бўлган. «Партизан» бўлиб келадиганлар қўлидаги ҳунари, касб-корига қараб районларга бўлиниб, ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашган. Менга ўхшаб армияда кимёвий уруш оқибатларини ўрганган ва бунга қарши махсус тайёргарликдан ўтганлар 14-районга келтириларди. «Камикадзе райони» дейиларди ўшанда. Бу ҳудуд анча махфий, ҳаммаям киритилавермасди. Махсус рухсатнома билан кириб-чиқардик.

АЭСда реакторлар тўртта бўлган. Ҳар бирининг ораси 500 метрдан тақсимланган. Лекин 3-ва 4-реакторларни, харажатларни камайтириш учунми ёки бошқа сабабми, жуфтлаштириб қуришган. Биридан иккинчисига ўтиш мумкин бўлган. Лойиҳалаштириш хатоси худди шу жойдан келиб чиққан. Лекин 4-блок буткул вайрон бўлгани билан 3-блокка деярли зарар етмаганди. Шунинг учун ўртада бетон девор қуриш буюрилди.

«Биологик девор» қурилиб, икки блокнинг томини тенглаштириб, ташқи томонларини 25 миллиметр қалинликдаги металл қопламалар билан ўраб, бетон билан шуваб ташлаганмиз. Иш шу билан тугамаган. Блоклар орасига қўшимча 1,5 метр қалинликдаги тўсиқ қўйганмиз. Ичкаридаги ҳамма хавфли элементлар қутиларга солиниб, махсус ўрамларга ўралиб, «Камаз», «Белаз»ларда махсус гўристонларга кўмиб келинарди. 4-блок ичида бошланган иш томни ёпгачгина тугаган. Тозаловдан кейин том қисми шуваб ташланган ва қалин пўлатлар билан қўшимча қопланган.

Портлаш рўй берган ўчоқда бўлганман. 3- ва 4-блок ўртасига девор қурилгач, ҳудудда радиация даражаси камайган ва Горбачёв 3-блок реакторини юргизишга буйруқ берган. Бу халқаро ҳамжамият олдида: «Мана, ҳаммасини бартараф этдик. Хавф даражаси пасайди. Ҳаммаси жойида» дейиш учун қилинган.

Бу ердаги бир ойлик хизматимиз беш ойга тенглаштирилган эди. Икки ярим ойлик ҳақимга битта «Москвич» сотиб олиш мумкин эди. Реактор ичида, хавфли ҳудудда ишлаганим учун катта ҳақ тўланарди. Лекин шерикларимнинг 70 фоизи бевақт ўлиб кетди. Ичкарида узоқ қолиш мумкин эмас, ҳар бир аскар 15 сонияда ишини бажариши шарт эди. Мабодо тугатолмаса, ташқарига чиқариларди-да, ўрнига кейингиси яна 15 сонияга кириб кетарди. Бир аскар 3−4 марта кириб чиққач, жавоб бериларди.

Қўлимизда қалам-дозиметр, бўйнимизда «таблетка» деган умумий қурилма бўларди. Ҳудудга кириб чиқаётганда қалам-дозиметрни ҳисоботчиларга берардик. Қанчалик нуранганимизни дафтарга қайд этишарди, аммо ўзимизга айтишмасди. Агар 3 даражагача рентген нурини олсам, қонун бўйича жавоб олишга ҳақим бўларди. Бироқ ишчини йўқотиш, ўрнига бошқа хизматчи тополмаслик хавфи туфайли бизга ҳеч қачон рости айтилмасди. Аслида меъёридан кўп нурланиш олиб, ишлаб юраверганмиз.

Ҳозир кўриш қобилиятим пасайган. Чернобилга биринчи келган кунларимиз кўзойнак берилганди. Лазер нурини кесади, тақиб юринг дейиларди. Биз бўлсак бепарво юриб, баъзан чўнтагимиздан чиқармасдик ҳам уни.

Баҳром Джаббаров

Ўзбекистон чернобилчилари уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси

18 ёш эдим. 1986 йил майида Украинанинг Чернигов шаҳрида ҳарбий хизматимни бошладим. Июнь ойида тревога бўлди. Раҳбарлар ортиқча сўз демай, «Машғулот ўтказамиз!», деб хабар беришди. Мен батальон командирининг ҳайдовчиси эдим. Табиийки, командир ҳаммадан аввал айтилган жойга етиб бориши шарт. Алоқа полкида хизмат қилардик. Колонна бўлиб йўлга тушдик. Боришимиз билан жамики махсус кийим-бош, аппарат билан таъминлашди. Украинанинг Днепр дарёсидан кечиб ўтсак, одамлар респиратор тақиб юрибди. Яна ҳам ичкарироқ кирсак, газга қарши ниқоб кийганларга йўлиқдик. Кимга қарасак, шу аҳвол. Дарёни кечиб ўтганимиздан кейингина бор гапни билдик. Унгача биров миқ этмаганди.

Бизнинг қисмни шаҳар типидаги Иванково посёлкасидаги мактабга жойлаштиришди. Ростини айтсам, шароити кутганимиздан зиёда эди. Ёки алоқачилар муҳим таркиб бўлгани учун шундай қилишганми, билмадим. Озиқ-овқатимиздан тортиб, кийим-бошимизгача — ҳаммаси юқори талабга жавоб берарди. Тўрт ойни шу ерда ўтказдим.

Командирим татар миллатига мансуб мусулмон бўлгани учун «Джаббаров, сен ошхонада ишлайсан! Офицерларга овқат тайёрлайсан! Бошқа жойга силжима!», деб буйруқ берди. Айни пишиқчилик пайти эди. Мактаб ҳовлисидаги олма, нок, аллақанча мева ғарқ пишган, лекин биттасини ҳам узиб еёлмасдик — заҳарланган эди, «Заражено!» тахтачаси илиб қўйилган. Атрофдаги аҳоли уйлари тақа-тақ муҳрланган. Ҳамма эвакуация қилинганди — машина, уйдаги жиҳозлар, катта-кичик буюм, кийим-кечак — қандай бўлса, шундайича қолдириб кетилганди. Фақат сал наридаги уч-тўрт қария уйини ташлаб кетолмаганди.

Қисмимиз ишини бошлади. Машинамиздаги алоқа симлари, антенналарни чиқариб, маълумотларни йиға бошладик. Командирга ҳайдовчи бўлганим учун реактор яқинига ҳам бориб келардик. Ҳар куни тушлик пайти ҳар биримизга 100 миллиграмдан тоза спирт бериларди. Ичмайдиган ҳам ичиши шарт эди. «Ичингизни тозалайди. Нурни ювади», дейишарди. Сувга қўшиб ичардик. Кўйлагимиз чўнтагига ручкага ўхшаган дозиметр солиб юрардик, заҳарланишимиз даражасини ўлчарди. Ўлчагичда радиация даражаси ошиб кетса, тезда бошқа ҳудудга кўчардик. Ҳар куни кечки пайт ГАЗ-66 машинасида пархона келарди. Навбати билан кириб парланардик.

Ҳарбий билетимизнинг ортига неча миллирентген олганимиз ёзиларди. Албатта, дозасини камайтириб қўйишарди. Реактор яқинида каттароқ ёшдагиларнинг ҳам ишлаб юргани, темир, тош парчасини ушлаб олиб тушаётганини кўрардим. Кўпчилик яхши ҳақ илинжида ҳам ишлагани келарди. Реакторнинг том қисмига чиқиб, каттароқ темир, бирор парчани олиб, тезда пастга ташласангиз, офицерлар қўлингизга конверт тутқазарди. Унда фахрий ёрлиқ, бир парча қоғозга ёзилган нурланиш даражангиз каби ҳужжатлар бўлади. Ортига қайтгач ҳукумат буйруғи билан имтиёзлар бериларди.

Биз алоқачи бўлганимизга тез-тез алмашавермасдик. Таътил ҳам кам бериларди. Лекин мен ўша йилнинг ноябрида ортга қайтолдим. Дадам кўз шифокори эдилар. Малака ошириш учун Киевга борганларида фалокатдан тўла хабар топиб, мени ортга қайтариш пайига тушганлар. Ўзлари ҳам айрим чернобилчи беморларни даволаганлар. Кетмайман десам, «Э, болам, гап нимадалигини билмайсан!», дедилар. Шундан кейин Чернобиль ҳудудидан чиқиб кетдим.

1988 йили ўша пайтдаги Қишлоқ хўжалиги институтига ҳужжат топширдим. Лекин имтиҳондан ўтолмадим. Келаси йили Тошкентдаги Енгил саноат ва тўқимачилик институтининг пахтани дастлабки ишлаш факультетига кирдим. Ўқишни тамомлаб, тумандаги пахта комбинатига ишга кирдим. Кейин комбинат Гулистонга кўчирилди. Қарасам, ойлиги пастроқ, қилган меҳнатга арзимайди. Ишдан бўшаб, электросетга жойлашдим. Соҳамдан узоқлашдим. 2006 йили Ўзбекистон чернобилчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўйича раисман.

1992 йил 6 апрелда Ўзбекистон парламенти ва ҳукуматининг Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган ўзбекистонликларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақидаги қарори чиққанди. шу қарор баҳона аввалига оммавий тиббий кўрикдан ўтдик. Коммунал тўловларнинг 50 фоизини давлат тўлаб берарди. Компенсацияларимиз яхши эди, лекин йиллар ўтиб қарорлар ўзгариб кетди.

Ҳозир ҳам имтиёзларимиз бору, илгаригидек эмас. Коммунал тўловларга 150 минг сўм нафақамизга қўшиб берилади, холос. Илгари йилда бир марта МДҲ давлатларининг бирига бепул бориб-келиш имтиёзимиз бор эди. Текинга авиабилет олиб, хоҳлаган бир давлатимизни кўриб келардик. Яқинда Санкт-Петербургга бораман десам, аэропортда 400 мингдан сал зиёд компенсация пули сўралди. Нега десам, «Бу Россия томонининг қарори, кўрсатилган хизмат учун», дейилди. Ҳайрон қолдим.

1990 йиллари уй сўраб, ҳокимиятга мурожаат қилгандим. Ана-мана деб, орадан йиллар ўтиб кетди. Бугун синглимнинг ҳовлисида 12 жон яшаймиз. Ўз уйим, болаларимга қоладиган ҳовли-жойим бўлса, қанийди.

Раҳматилла Хайруллаев

Қўқон шаҳрида яшайди

Раҳматилла Хайруллаев (ўртада).Раҳматилла Хайруллаев (ўртада).

1989 йили 18 ёшга тўлдим. Лекин октябрда туғилганим учун армияга ўртоқларимдан кейин чақирилдим. Дастлаб, совет-афғон уруши тугаб бўлганини билмай, «Афғонистонга бораман!» деб ариза ёзганман. Ноябрда охирги эшелон билан Москвага юборишди ва ҳаммани шу ерда қисмларга тақсимлашди. Энг охири вокзалда 7 бола қолдик. Шундан 5 нафаримизни Брянск шаҳрига юборишди.

Шаҳарчага кириб боришимиз билан бошга оғриқ кирди, ҳаракатларимиз сустлашди. Ёш бўлганимиз учун унча эътибор бермаганмиз, чарчадик шекилли, ўтиб кетади, деб юраверганмиз. Оз сонли аҳолиси бор бу шаҳарчада 1990 йилгача хизмат қилдим. Биз турган ҳудуд Чернобилга яқинлигини ҳеч ким айтмаган, бизнинг ҳам ақлимиз етмаган. Ўртадаги масофа 30 километр эди. Чернобиль фожиасидан бехабар ҳарбий тайёргарлик кўраверганмиз. Атрофдаги ўрмонларда югуриб, машқлар бажараверганмиз. Шаҳар аҳолисини ҳам кўчиришмаганди. Маълум ҳақ эвазига кетмаслик шарти қўйилганди. Ҳаёт бир нави ўтиб турарди.

Биринчи келган кунларимиз «Меваларни еманглар, ажриқда ётманглар!» деб огоҳлантиришган. Ёш эмасмизми, қўл силтаб, мева-чеваниям еганмиз, ўт-алаф устида, ўрмонлардаги махфий омборларни қўриқлаб думалаб ётганмиз ҳам. Биров «булар заҳарланмаган» демаган. Лекин негадир тез-тез чарчаб қолаверардик. Югуриб бўлганимиздан кейин ҳам ҳаллослашимиз тезда ўтиб кетмасди.

Орадан 6 ой ўтгач, бизни Ростов-Ярославскийга кранчиликка ўқишга юборишди. Дипломни олиб, яна қисмимга қайтдим ва хизматимни давом эттиравердим. Бир куни раҳбарлардан бири қўлимга йўлланмани тутқазиб, ёнимга бир «партизан»ни қўшиб, «Сенга берилган нарсаларни ташиб берасан!» деди. Буйруққа бўйсуниш шарт эди. Одамлар эвакуация қилинган, ташлаб кетилган ҳудудга кирдик. Аввалига қўрқдим. Жуда хунук бўларкан кимсасиз жойлар. Хуллас, ҳувиллаган жойлардаги темир-терсакларни ташишга киришдим.

Офицерларимиздан бири хушёр эди. Радиация тарқалган ҳудудда хизмат қилаётганимизни сезиб қолиб, «Мен хат ёзаман, қўл қўйсангиз, юқорига жўнатамиз!», деди. Шу вақтгача Чернобиль ҳақида ҳеч ким лом-мим демаганди-да бизга. Мудофаа вазирига «Ёш йигитларни заҳарлаяпмиз, бунга йўл қўймайлик. Эртага ҳаёти барбод бўлади», мазмунида хат юборилди. Шундан кейин махсус шифокорлар отряди етиб келди. Ҳаммамизни бир четдан текширишни бошлади. 99 фоиз йигит юқори даражада заҳарланган бўлиб чиқди. Тиши емирилганларга темирдан тиш қўйилди. Тиббий кўрикдан сўнг қўлимизга дозиметр берилди. Шундан кейин яна 1 йилча шу зайл хизмат қилдик. Юқоридагиларга бировнинг соғлиғи, эртага омон қолиш-қолмаслиги қизиқ эмасди. Хизматини қилсин, буюрилган вазифани бажарсин, дейиларди фақат.

Қўқонга қайтиб келгач, аҳволим жуда оғирлашди. Баъзан ҳолсизланиб, қон қусган пайтларим ҳам бўларди. Бошим касалдан чиқмади. Анча йил даволангачгина ўзимга келдим. Ҳозир ҳам асорати билинади.

Алижон Ақбўтаев

Янгиер шаҳрида яшайди

1988 йили колхозда сувчи бўлиб ишлардим. Ёшим 36 да эди. Икки болам, доимий ишим бор эди. Пахтага сув очардим. Уйимизга военкоматдан Рустам деган одам келиб, Мўйдинов деган ўртоғим иккимизни военком чақираётганини айтди. Борсак, «Туркманистонга бориб, буғдой йиғим-теримига ёрдам берасизлар. Бу ердаги иш ўрнингиз, маошингиз сақланиб қолади», деган гап айтилди. Бир кунда тиббий кўрикдан ўтказиб, қўлимизга буйруғимиз тутқазилди.

Айтилган куни Сирдарё вилоятидан 120 киши эшелонга чиқдик. Қора денгиз бўйига бориб, поезддан тушдик. «Туркманистонга борасан дейилганди, нега бу ерга келдик?», деб сўрасак, «У ерда ишчи кўпайиб кетибди. Бокуга олиб кетамиз, узум терасизлар», дейишди. Бокуда бир ёки икки кунча турдик. «Йўқ, бу ерда ҳам ишчи кўп экан, энди тўғри Чернобилга кетасизлар», деган буйруқ янгради. Норози бўлдик. «Нега аввал бошдан айтилмади?», дедик баравар. «Кимдир қочса ёки норози бўлса, ҳарбий трибуналга берамиз!», дейилганидан сўнг Киевга йўл олдик. Вокзалда автобуслар шай турган экан. Ҳаммани жамлаб, Чернобилга олиб кетишди.

Ўшанда ёши 36 дан юқори, оила, бола-чақаси борларнинг кўпига шундай чақирув қоғози келганди. Ёшлар, ҳали уйланмаган ёки фарзанд йўқ йигитлар Чернобилга яқинлаштирилмасди. Биздек «партизан»лар эса бормайман деса, «ишинг ҳарбий судда кўрилиб, фалон йилга қамаласан!» дейиларди. Йўлда қочганларни 3 йилгача қамалганликлари ҳақида эшитиб қолардик.

Манзилга кечаси етиб бордик. Автобусдан тушиб, қатор тизилдик. Ҳаммадан касб-кори сўраб чиқилди. Ўртоғим ҳайдовчи эканлигини айтди. Мен бўлсам тракторчиман дедим. Шундан кейин тақсимлана бошладик. Мен Зелёный мысга партизан бўлиб кетдим. Борган кунимоқ қаттиқ йўтал бошланди. Кечасию кундузи тинмай йўталардим. Бир ярим ой азоб чекдим. Ўша ердаги шифокорларга кўринсам, «Ҳа, ўтиб кетади! Бир-икки ойдан кейин тўхтайди. Радиация зонасидасиз-ку», дерди. 15 кун Чернобилда ишласак, 15 кун округдаги қисмимизда бўлардик.

Озиқ-овқатдан камимиз йўқ эди. Уч маҳал иссиқ овқат бериларди. Кунига 100 грамм ароқ, самогон ё тоза спирт ичиш шарт эди. Ичмайдиган ҳам мажбурланарди. Негалигини сўрасак, «Танангдаги радиацияни ювади. Ичингни тозалайди. Ўлишни хоҳламасанг, ич!» дейиларди. Бир ойда 450−500 рубль ҳақ тўланарди.

Ўша вақтда «Округ кўнгиллилари» деган, портлаган блок ичига кириб ишловчилар бўларди. «Бир ой ишлайсан. Кунига 5000 рублдан иш ҳақи ёзилади, кейин уйга жавоб берилади», деб қизиқтиришарди. Ундай бўлса ишлаймиз, деб наманганлик йигитлар блокда иш бошлашди. Хавфсиз жойда туриб, монитор орқали ичкаридагиларга буйруқ бериларди: «Бу тошни ёки темирни ол», «Мана бу винтни бурайсан», «Ичингда 45 гача сана — 45 бўлдими қайтиб чиқ. Буролмаган бўлсанг ҳам қайт! Ўрнингга кейингиси киради» каби.

Бир ой ўтгач, улар уйига кетди. Биз қолдик. Орадан икки ойча ўтгач, бу ерда қолган бошқа наманганлик йигитларга уйларидан хавотир аралаш хат келди: «Нима гап? Ўртоқларингнинг оғзи-бурнидан қон келиб ётибди. Аҳволи оғир. Қандай ишда ишлаяпсизлар?», деган мазмунда. Кейин билдик — блокка кириб ишлаганларнинг ҳаммаси бирин-кетин ўлибди. Эсимизни йиғиб, «йўқ кирмаймиз», дейдиган бўлдик.

Қўлимизга дозиметр бериларди. Турган жойингиз радиациясини ўлчаб, кейин ишланглар дейиларди. Нимагадир доим ноль чиқарди. Қаерни ўлчамайлик, ноль бўлаверарди. Бир куни билиб қолдик — дозиметрнинг шкаласини ортга буриб қўйишаркан. Радиация даражасини билмасин-да, ишида давом этаверсин, деб. Темир-терсаклар, ахлат-чиқиндиларда 1000−1500 миллирентген нурланиш бўлган. Биз эса билмаганмиз.

Бир куни «Алла Пугачёва келяпти, ошхона олдида тизилиб туринглар», деб эълон қилишди. Айтилган вақтда Пугачёва вертолётда келди-да, 7 дақиқача гапириб-гапириб, қайтиб учиб кетди. Шунда командиримиз: «Мана, кўрдингларми, ҳатто халқ артистиям радиация ҳудудига келиб, хизмат қиляпти. Ҳеч қандай нурланиш йўқ ўзи», деди. У ярим соат ҳам ўтиролмади-ку, биз бўлсак икки ойдан бери шу ернинг ҳавосидан нафас олиб юрибмиз, дейдиган одам топилмади. Бош, оёқ, бутун танамиз зир қақшаб оғрирди. Чидардик. Бошқа йўл ҳам йўқ эди. Дори-дармоннинг фойдаси сезилмасди.

Чернобиль зонасида трактор ҳайдаб юрганимда ўрмондан лоп этиб кийик ё ёввойи чўчқа катта йўл ёқасига чиқиб қоларди — жуни тўкилиб кетган бўларди. Маҳаллий қушлар қирилган, табиатга анчагина зарар етганди. Фақат қарға билан суварак ўлмаскан. Олмалар ғарқ пишган, бошқа мевалар ҳам бошини еб солган, лекин уларни ейиш қатъиян тақиқланганди. Анҳордаги балиқларни ҳам тутиш, пишириш мумкин эмасди.

Ер қатлами 1−1,5 метргача заҳарланганди. Катта-катта ўралар қазиб, уйлардаги жамики буюмларни келтириб, дори сепиб, ёқиб кўмиб ташлардик. Ҳамроҳларимнинг умри уй тозалаш билан ўтди. Припятдан эвакуация қилинган аҳолига уйидан битта игнани ҳам олиб кетишига рухсат берилмаганди. Ҳамма нарса қандай бўлса, ўша ҳолича ташлаб кетилганди. Менинг ҳам 6 ой умрим ўша ўлкада тош ташиш, одам боласининг кучи етмайдиган ишларни техника билан бажариш билан ўтди.

Қайтаётганимда ҳисобчидан пенсияга қўшиб бериладиган ҳақ бўйича қоғоз олиб келгандим. Туман пенсия жамғармасидаги ходимга берсам, йўқотиб қўйди. Нусхасини ҳам олиб қолмаган эканман. Зир югурдим. Украина, Москвагача бордим, қайта тиклашнинг иложи бўлмади — архиви ўта махфий, сир тутиларкан. Тошкентга бориб ҳам қўлимдан ҳеч нарса келмади.

Ҳозир 1 миллион сўмдан сал зиёд пенсия оламан. Лекин кампир иккимизнинг дори-дармонимизга етмайди. Аёлим саратонга чалинган. Ҳар ой даволатмасам, мазаси қочади. Оладиган пенсиямиз ижара ҳақимиз, дори, еб-ичарга учма-уч етади. Майли, шунисига ҳам шукр.