1986 йил 26 апрель, шанба куни соат 01:23 да Чернобиль АЭСнинг 4-энергия блокида портлаш содир бўлади. Реактор бутунлай вайрон бўлган ва атроф-муҳитга катта миқдордаги радиоактив моддалар чиқиб кетган.

Воқеа содир бўлганидан сўнг, радиация ўлим даражасига қарамай, ҳукумат зудлик билан аҳолини эвакуация қилиш тўғрисида қарор қабул қилмаган. Чернобиль АЭСдан икки километр узоқликда жойлашган Припятни эвакуация қилиш 27 апрелнинг иккинчи ярмида бошланган. Чернобилни (АЭСдан 20 км узоқликда) эвакуация қилиш тўғрисидаги қарор эса авариядан бир ҳафта ўтиб, фақат 4 май куни қабул қилинган.

Мазкур техноген ҳодиса ҳалок бўлган ва унинг оқибатларидан жабр кўрган одамларнинг тахминий сони бўйича ҳам, иқтисодий зарар жиҳатидан ҳам ядро энергетикаси тарихидаги энг йирик авария ҳисобланади.

АЭСнинг қурилиши

Чернобиль АЭСнинг қурилишининг биринчи босқичи 1970 йилда бошланган. Техник хизмат кўрсатувчи ходимлар учун станция яқинида Припять шаҳри барпо этилган. 1977 йил 27 сентябрда 1000 МВт қувватга эга РБМК-1000 реактори бўлган станциянинг биринчи энергия блоки Совет Иттифоқининг энергия тизимига уланган. Кейинчалик яна учта энергия блоки ишга туширилган, станциянинг йиллик энергия ишлаб чиқариш ҳажми 29 млрд киловатт-соатни ташкил этган.

Фото: Чернобиль АЭС қурилиши/Виталий Козлов архивидан. pripyat-city.ru

1982 йил 9 сентябрда Чернобиль АЭСда биринчи авария содир бўлди. 1-энергия блокини синовдан ўтказишда реакторнинг технологик каналларидан бири қулаб тушиб, ядронинг графит деворлари бузилган. Қурбонлар бўлмаган, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш тахминан уч ой давом этган.

Реактордаги портлаш

1986 йил 26 апрелга ўтар кечаси Чернобиль АЭСнинг 4-энергия блокида турбинавий генератор синовлари ўтказилаётган бўлган.

Реакторни ўчириб қўйиш (шу билан бирга, режага кўра фавқулодда совутиш тизими ўчирилган) ва генератор параметрларини ўлчаш кўзда тутилган эди.

Бироқ реакторни хавфсиз равишда ўчиришнинг иложи бўлмаган. Москва вақти билан соат 1 дан 23 дақиқа ўтганида энергия блокида портлаш ва ёнғин содир бўлган.

Фото: Украина ФВВ

Фото: Василий Горохов архивидан/pripyat-city.ru

Фавқулодда вазият атом энергетикаси тарихидаги энг катта фалокатга айланди: реактор ядроси бутунлай вайрон бўлган, энергия блоки биноси қисман қулаб тушган. Атроф-муҳитга бир қатор радиоактив моддалар сезиларли даражада тарқалган.

Хиросима ва Нагасакидаги бомбардимонлардан фарқли ўлароқ, портлаш жуда кучли «ифлос бомба» га ўхшаган, чунки авариянинг зарарли омили радиоактив ифлосланиш бўлган. Ёнаётган реактордан чиққан булут турли хил радиоактив материалларни, биринчи навбатда ёд ва цезий радионуклидларини Европанинг аксарият қисмига етказиб берган.

200 минг квадрат километрдан ортиқ майдон радиоактив ифлосланиш таъсирига учраган, шундан 70 фоизи — Украина, Беларусь ва Россия ҳудудига тўғри келган.

Бутун аҳоли, 115 мингдан зиёд киши, атом электр станцияси атрофидаги 30 километрлик четлатиш зонасидан эвакуация қилинган. Фожеа оқибатларини бартараф этиш учун 600 мингдан ортиқ одам қатнашган.

Аварияни бартараф этишда биринчилардан бўлиб ўт ўчирувчилар иштирок этган. Атом электр станциясидаги ёнғин ҳақида сигнал 1986 йил 26 апрелда соат 01:28 да олинган. Эрталабгача авария содир бўлган жойда Киев вилоят ёнғин хавфсизлиги бўлимининг 240 нафарлик шахсий таркиби етиб келган.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ангелина Гуськова:

«Мен воқеа ҳақида мамлакатда биринчилардан бўлиб, фожеа содир бўлганидан бир соат ўтгач хабардор бўлдим. „Ангелина Константиновна, ғалати воқеа — станцияда ёнғин, портлашлар ва нурланишга жуда ўхшаш реакцияга учраган беморлар“, дейишарди менга. Кейин бир қатор белгиларни айтишни бошлашди. Мен бу радиация касаллигига жуда ўхшаётганини айтдим. Аммо барча техниклар бундай бўлиши мумкин эмас дея таъкидларди».

Александр Петров, Москва авиация марказининг борт муҳандиси:

«Бизнинг вазифамиз дастлаб «ёнғинни ўчириш учун авиация техникасини қўллаш» дея янгради.

Якшанба куни бизни «тревога» билан уйғотишди. Баъзилар парад кийимини кийган, баъзилар қандай қийимни кийишга улгурган бўлса, ўша аҳволда — вертолётларга ўтирган. Етиб келганимизда, у ерда нима бўлаётганини ҳали ҳеч ким билмаган. Фақат Припятдан катта автобуслар билан одамлар эвакуация қилинаётганини кўрганимизда, ўша ерда жуда катта муаммолар бўлганини билганмиз.

Ўшанда об-ҳаво иссиқ, қуёшли бўлган, қариялар далага картошка экишда давом этаверганлар. Маҳаллий аҳоли инфекция, хавф ҳақидаги хабарларга ишонишмасди. Радиактив зарар кўрган ҳудудни тарк этишни хоҳлашмаган. Ўша авлод вакиллари уруш, портлаш, бомбардимонларни эслайди, аммо бу ердаги хавфни кўз билан кўриб бўлмаган.

Бизда вертолётда ДП-5 деб номланган датчик бор эди. Ушбу қурилманинг максимал шкаласи соатига 500 рентгенни ташкил этади ва у шкаладан чиқиб кетаётганини кўрганмиз. Шундан сўнг барчаси жиддий эканлиги ва ҳазилга ўрин йўқлиги аниқ бўлган".

Радиация даражасини ўлчаш жараёни.

Фото: Игорь Костин/ ТАСС

Ҳақиқат айтилмаган

Украинани радиоактив булут қоплаганида, республика пойтахтида 1 май намойиши бўлиб ўтган. Минглаб одамлар Киев кўчалари бўйлаб юрган, шу билан бирга Киевда радиация даражаси соатига 50 микрорентгендан 30 минггача кўтарилган эди. 28 апрелдан кейинги дастлабки 15 кун радионуклидларнинг энг кўп тарқалиши кузатилган. Бироқ, СССР етакчиси Михаил Горбачёв авария тўғрисида фақат 13 май куни мурожаат билан чиққан.

Чернобиль АЭСидаги авария тўғрисидаги маълумотлар билан бирга қурбонларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари ва ҳудудларнинг радиоактив ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар ҳам таснифланган. Ғарбий ОАВ 26 апрель куни кечқурун бутун дунёга фожиа ҳақида хабар берган, лекин СССРда расмий ҳокимият бу масалада узоқ вақт давомида сукут сақлаган.

Радиоактив булутлар катта ҳудудларни қамраб олаётгани ҳақида Ғарбда кўплаб хабарлар ёзила бошлаган ва Совет Иттифоқида фақат 29 апрел куни Чернобиль АЭСидаги «оз миқдордаги радиоактив моддаларнинг оқиши» ҳақида хабар берилган эди.

Содир бўлган авариянинг оқибатларини бартараф этиш ва иккинчи портлашнинг олдини олиш учун 3 нафар дайверлар — Алексей Ананенко, Валерий Беспалов ва Борис Баранов кўнгиллилар сифатида, сувни бассейндан ўтказиб юбориш учун клапанларни очиш мақсадида радиоактив сувга шўнғишган. Эътиборли жиҳати шундаки, кўпгина манбаларда учала дайверларнинг барчаси бир неча ҳафта ичида вафот этганлиги ҳақида хабар берилади. «Эркаклар қўрғошин тобутларида муҳрланган қопқоқ билан кўмилган. Ҳатто ҳаётдан маҳрум бўлган бўлса-да, уларнинг таналари радиоактив нурланишга тўла бўлган» деб кўпгина хабар тарқалган. Бироқ, бу ҳақиқатга зид.

«Чернобиль дайверлари». Фото: medialeaks.ru

Аслида эркаклар сув костюмларини кийишган, аммо улар йўлаклар бўйлаб сузишга мажбур бўлмаганлар: ўт ўчирувчиларнинг насослари сув сатҳини пасайтирган ва сув кўпи билан тиззагача бўлган. Сурилма топилган, клапанлар очиқ, ҳавф йўқ. Шу билан бирга, уч дайвернинг ҳеч бири ўлимга олиб келадиган нурланиш дозасини олмагани аниқланган. Фожеадан кейин бир неча йиллар ўтиб Борис Бабанов 2005 йилда юрак ҳуружи оқибатида вафот этган, қолган икки нафар дайверлар ҳаёт.

Халқаро ядровий хавфсизлик бўйича маслаҳат гуруҳи INSAG-7 авария содир бўлишига сабаб бўлган асосий омиллар деб қуйидагиларни келтиради:

  • реактор хавфсизлик стандартларига жавоб бермаган ва хавфли конструктив хусусиятларга эга бўлган;
  • хавфсизликни таъминлаш қисмидаги эксплуатация регламенти сифатининг пастлиги;
  • миллий ва маҳаллий даражаларда атом энергетикасида хавфсизлик бўйича тартибга солиш ва назорат қилиш тартибининг самарасизлиги, ядро масалаларида хавфсизлик маданиятининг етишмовчилиги;
  • операторлар ўртасида ҳам, операторлар билан лойиҳачилар ўртасида ҳам хавфсизлик бўйича самарали маълумотлар алмашинуви бўлмаган, ходимлар станциянинг хавфсизлигига таъсир қиладиган хусусиятлар ҳақида етарли тушунчага эга бўлмаган;
  • ходимлар бир қатор хатоларга йўл қўйган ва мавжуд кўрсатмалар ва синов дастурларини бузган.

Авариядан кейинги дастлабки уч ой ичида 31 киши вафот этди, 1987 йилдан 2004 йилгача бўлган яна 19 та ўлимни фожеанинг бевосита оқибатлари билан боғлаш мумкин дейилади. ЖССТ ўрганишларига кўра, авария оқибатида 4000 нафаргача одам вафот этган бўлиши мумкин.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

2016 йил 8 декабрда БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида бўлиб ўтган ялпи мажлисда БМТ Бош ассамблеяси консенсус асосида Беларусь делегацияси ташаббуси билан тайёрланган «Чернобиль АЭСидаги фалокатнинг узоқ муддатли оқибатлари» резолюциясини қабул қилган.