24 апрел куни соат 21:49 атрофида Қашқадарё вилояти Китоб тумани «Гулистон» МФЙ да жойлашган 4 қаватли 68-уйнинг 13-хонадонида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

Портлаш оқибатида уйнинг дераза ва эшик ромлари жойидан қўзғалган. Фуқаро А.Э. енгил тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Воқеа жойига туманнинг ФВБ, ИИБ, ССБ, газтаъминоти бўлими ҳамда прокуратура масъуллари чиқишган. Ҳолат юзасидан тегишли соҳа вакиллари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.