Тошкент рамзларига чизгилар: Сайилгоҳ кўчасидаги рассомлар
Тошкентнинг рамзлари кўп: «Чорсу»даги овқат бозори, китоб расталари, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси, «Мовий гумбазлар» хиёбони, Тошкент телеминораси, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри, музейлар, метро бекатлари ва бошқалар. Айнан шундай рамзлар сайёҳга ўлка ҳақида таассурот беради, хулосалар чиқаришига сабаб бўлади. «Газета.uz» ўттиз йилдан ортиқ Сайилгоҳ кўчасида қўним топган ва шу чоққача қанчадан қанча буюртмачи, ташрифчининг суратини чиз(аёт)ган рассомлар ҳақида ҳикоя қилади.
Тошкентнинг рамзлари кўп: «Чорсу»даги овқат бозори, китоб расталари, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси, «Мовий гумбазлар» хиёбони, Тошкент телеминораси, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри, музейлар, метро бекатлари ва бошқалар. Айнан шундай рамзлар сайёҳга ўлка ҳақида таассурот беради, хулосалар чиқаришига сабаб бўлади. «Газета.uz» ўттиз йилдан ортиқ Сайилгоҳ кўчасида қўним топган ва шу чоққача қанчадан қанча буюртмачи, ташрифчининг суратини чиз(аёт)ган рассомлар ҳақида ҳикоя қилади.
Пойтахтга йўли тушиб, Мустақиллик майдони, Амир Темур хиёбонини кўрмоқчи бўлганлар Сайилгоҳ кўчасига ҳам йўл солиши тайин. Автомобиль ҳаракатланмайдиган бу кўча ўтган асрнинг 80-йилларидан пиёдалар бехавотир юриши мумкин бўлган йўлга айлантирила бошланган. Ташрифчиларни турли санъат асарлари, сувенирлар, ҳунармандчилик буюмлари билан ўзига «чақирадиган» Сайилгоҳ 1912 йилгача «Соборный» («Соборный» ва Константин майдонларини боғлаб тургани учун кўча шундай деб аталган), 1918 йилгача Кауфман, орада Салар, 1992 йилгача эса Карл Маркс кўчаси деб номланган.
У барча даврларда ҳам Тошкентнинг энг олди кўнгилочар кўчаларидан ҳисобланган. Чор даврида бу ерда Дорожновнинг газлама, Соберейнинг китоб, савдогар Захонинг гастрономик дўкони (ҳозирги «Зарафшон» ресторани ўрнида), шаҳар думаси аъзоси Орифхўжабой Азизхоновнинг катта савдо растаси жой олган.

Совет даврида эса кўчада шаҳардаги йирик дўконлар («Динамо», «Болалар дунёси», «Марказий универмаг» кабилар), қўғирчоқ театри, кинотеатр жойлашган ва тошкентликларнинг дам оладиган асосий масканларидан бўлган.
Бугун китоб расталари «Марказий универмаг» яқинига кўчган. 635 метрга етадиган Сайилгоҳда рассомлар, турли-туман суратлар, антиквар ва совғабоп буюмлар қатори кўчанинг Амир Темур хиёбонига элтадиган йўлида — икки тарафга кўчма киосклар ўрнатилган.

Бунда тадбиркорлар ва ҳунармандлар савдо-сотиқ қилади. Кўчани шаҳарликлар Нью Йоркнинг машҳур йўлига қиёсан «Бродвей» деб атайди. Кўнгилочар масканлар, антиқа буюмлар, санъат намуналари ва доимий ташрифчилар билан тўлалигига шу ном тилда ўрнашиб қолгандир, эҳтимол. Айниқса, шом чўккач кўча машшоқларининг скрипка, гитара, аккордеонидан тараладиган куй кечки сайрга аллақандай тафт қўшади.
реклама
реклама
Кўчанинг қоқ белида сурат солиб ўтирган «кўча рассомлари» эса Сайилгоҳнинг ҳақиқий эгалари гўё. Шу атрофда жойлашган идора, ишхонасига ўтиб қайтадиганларнинг аксари улар билан таниш: ўтганда салом-алик қилади, ҳол-аҳвол сўрайди. Дарсидан кейин шу ерга шошиладиган рассом талабалар ҳам бор. Айримларига соатлаб уларнинг ишини томоша қилиш, ҳар кун келиб, нимадир ўрганиш ёқади.

Баъзилари хомаки суратига қўшимча детал, маълумотни бехосдан топиб ҳам олади. Битирувчи курсдагилари эса контракт пулини тўплаш илинжида митти курси, бўёқ-қалами ва турли шаклдаги қоғозларини қўлтиқлаб, улар сафидан жой олади. Айримлар талабалик пайтиданоқ шу ерни «ишхона-ижодхона»га айлантирган.
Бу ерда узоқ йиллардан бери ишлаётганлар кўп. Ҳатто айрим рассомлар ҳазиллашиб: «Шу ерда туғилганмиз. Асосий уйимиз шу», дейди. Ҳар кун янги қиёфа ва қаҳрамонларни акс эттириш уларга чўт эмас.

Қора қаламда 20-25 дақиқада битадиган буюртмалар бўёқлисидан кўра кўпроқ, уларга ҳам шуниси маъқулдек — тушум мўлроқ бўлади.
«Ҳозир ҳисобласам, 1992 йилдан бери шу ерда эканман. Талаба эдим. Стипендия етмасди. Қашқадарёда туғилиб ўсганман. 10 га кирганимда отам: „Мен-ку рассом бўлолмадим, сен ўқиб, одам бўл! Қишлоқда барибир одам бўлмайсан“, деб ўша пайти Чилонзордаги мусиқа ва рассомликка ихтисослашган мактабга жойлаб кетган. Тўнғич фарзандлигимга ҳамманинг умиди мендан эди. Қолган етти ука-синглини ортидан эргаштиради, дейишарди. Лекин мендан кейингилар бу йўлни танламади. Ҳаваскор рассом бўлишдию турмуш, рўзғор деб бошқа иш-соҳани танлашди», — дейди рассом Азамат Элмуродов.
«Ўсмирлигим шу кўчада ўтган. Тўп тепиб, ҳакиллаб юриш ўрнига негадир шу ерга югураверардим. Авваллари кўча бундан-да гавжум, оқими катта бўларди. Баъзан кўчма дўкон ва ошхоналар аралаш-қуралаш бўлиб кетарди. Шаҳар шовқини шу ерга кўчмаганми, дердингиз. Манзараси суратга муҳрлагулик бўларди. Соғинаман ўша атмосферани. Дарахтлариям ҳозиргидан серсоя, қуюқ, ижодга, ишлашга илҳом берарди. Расм чизишни тайинли устоздан кўра мана бу акаларимдан ўрганганман, — дейди исмини ошкор этишни ҳам, суратга олишимизни ҳам истамаган ёш рассом. — Бизни кўча рассомлари деб назарга илишмайди гоҳи. Билишмайдики, қанчадан қанча инсонга бир умрлик хотирани ҳадя қиламиз. Расмдан-да аъло совға борми, айниқса у ўзингнинг портретинг бўлса!».
Рассомлик осон эмас. Ҳар кимнинг диди бошқа. Дили танг буюртмачи билан ишлаш азоб, дейди ҳамма ижодкор.
«Мижозлар инжиқ бўлади кўпинча, — дейди Шуҳрат ака. — Айримлари „Ака, кўчада чизманг! Уйда чизиб беринг, биров кўрмасин!“ дейди. Баъзиси „Уста, фотосуратдагидек чиқмабди-ку!“ деб пешонасини тириштиради. Фото бошқа, қаламда чизилгани бўлак, десам, тушунадигани кам. Нарх борасида ҳам ҳамма турлича. Савдолашамиз, келишамиз. Ҳозир одамларда пул кам».
Азамат Элмуродов:
«Нонимиз — қоғоз-қалам.
Бундан бошқасини билмаймиз».
«Уч боламни шу касбим ортидан ўстирдим, ўқитдим, турмушга бердим, уй олдим. Катта буюртмаларни уйда чизаман. Мижознинг хоҳиш-истагига қараймиз доим. Баъзан иш кўнгилдагидек чиқмаслиги, буюртмачига ёқмаслиги мумкин. Бўлди, чизилган расм ўзимда қолади, бермайман, тўлаган пулини қайтараман. Лекин бу камдан кам бўлади», — деди рассом.

Бундан бошқа соҳада ўзингизни ҳеч синаб кўрганмисиз, деган саволимга Азамат ака: «Бадиий академиянинг хўжалик ишлари бўлимида 2 йилча ишлаганман. Ойлик кам эди, етказолмадим. Кейин яна шу манзилимга қайтдим. Бу ер худди бозор — кунига 100 минг ё 10 млн сўмгача топиш мумкин. Буюртма бўлмаса, бир сўм ҳам ишлолмайсан», — деди у.
  • Нарх

    Суратлар ҳажми ва мураккаблигига қараб ўзгаради
  • 150 минг сўмдан бошлаб

    Буёқда сурат чиздириш мумкин
  • 100 минг сўмга

    Қора қаламда сурат чиздирса бўлади
Айрим рассомлар эр-хотин бўлиб ишлайди. Эри сурат солса, аёли картиналар сотишда кўмаклашади. Навоийлик Ойбек Сафаровнинг турмуш ўртоғи мижозлар билан ишлашда ёрдам беради.

«21 йилдан бери шу кўчадаман. Талабаликда расм чизиб сотардик ўртоқлар билан. Аёлим ҳозир картиналар сотади нариги томонда, баъзан буюртмаларимга қарашиб, мижоз ҳам топиб беради. Иккаламиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қиламиз. Астойдил бўлсангиз, кунига 200-300 минг сўмгача топиш мумкин. Ҳар ҳолда, қуруқ қўл билан уйга қайтмаймиз», — дейди рассом.
Шуҳрат ака.
«Асосий даромад манбаим шу касбдан. Бундан бошқасини эплолмасам ҳам керак. Оилада 7 фарзанд бўлсак, 6 нафаримиз чизардик. Фақат мен ўқидим. Асли Хўжандданман. Ҳозир тез-тез бориб келишга имкон бор. Тошкентда яшаб, қолиб кетганимга 30 йилдан ошибди», — дейди Шуҳрат ака.
  • Фарзандларингиз ҳам давомчингиз бўлишини, шу ерда қўним топиб, ишингизни қўлингиздан олишини хоҳлайсизми?
  • Йўқ, асло! Нони қаттиқ. Яна бир томони, бизни ҳаммаям тушунавермайди. Рассом бўрига ўхшайди — ўзи билан ўзи, ёлғиз яшайди, бировга бўйсунмайди.
  • Шуҳрат ака сизчи?
  • Бир қизим интерьер дизайнерликка, ўғлим эса рассомликка ўқиган ва картиналар чизаяпти, кенжаси шу йўналишдаги ўқишга тайёрланаяпти (қувониб сўзлайди). Болаларимнинг танловига йўқ, демаганман. Ўзлари танласа, эртага камроқ афсусланади. Ўзим коллеж даражаси билан шу ерда қолганман. Бошқа иложим ҳам бўлмаган. Улар ўқиб, соҳасида профессионал бўлса, менга ортиғи керак эмас.
Пандемия ҳамма соҳа қатори рассомларнинг тирикчилигига ҳам сезиларли таъсир қилган. Қатъий карантингача сайёҳлар билан тўлиб-тошган кўча ҳалигача аввалги қиёфасига тўла-тўкис қайтмаган. Ҳамманинг умиди ёз фаслидан. Зора бу йилдан сайёҳлар оқими кўпайиб, яна аввалгидек шошиб-пишиб портретлар чизсак, дейди Азамат ака.
«Сайилгоҳ кўчасини бизсиз тасаввур қилишолмаса керак. Пандемиядан аввал сайёҳлар кўп келарди. Ҳозир тушум ҳам, иш ҳам кам. Кимам расм чиздирарди ҳадеб. Совға қиладиган ҳам ё туғилган кунга, ё байрамларга атаб буюртма қилади, — дейди Шуҳрат ака. — Илгари корейслар, ҳиндлар, арабу бошқа миллат вакиллари гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб турарди. Шошиб қолардик буюртма ёғилиб кетганидан. Карантин сабаб кўпининг оёғи узилди. Тўғри, вазият сал юмшади, лекин аввалгидек эмас-да. Бугун Англия, Франция, Европанинг бошқа мамлакатларидан келадиган сайёҳлар кўп. Аммо уларга бизнинг ишларимиз қизиқмас. Ҳиндлар бошқача эди-да. Санъатимизни жон дилидан яхши кўрарди. Араб билан хитойлик ҳам шундай эди. Малайзияликлар кўп сурат чиздирарди. Сабабини билмайман шу чоққача. Сўрай десам, тилини тузук билмайман».
Қор-ёмғир ёғмаса, қишнинг аямажуз кунларида ҳам, саратоннинг қоқ чилласида ҳам шу ерни макон қилган рассомлар бошқа манзилга ўтиб ишлашни ўйлашмайди. Баъзан бирдан шаррос ёмғир қуйса, шоша-пиша юз метр наридаги ошхона, кийим дўконларининг томи тагига қочишади. Ҳамманинг ўрни тайин, аниқлиги учун мижозлар ҳам адашмай доимий рассомини топиб келади. Биров бошқанинг буюртмачисига кўз олайтирмайди. Тўғри, ўртада гоҳи тортишув, «сен-мен» ҳам бўлиб туради, лекин ҳаммаси тезда илгариги ҳолига қайтиб, яна минг йиллик қадрдонлардек ҳангомалашиб, ишда давом этишади.

«Бизни одамгарчилик, устоз-шогирдлик бирлаштириб туради, — дейди Азамат ака ҳамроҳларига эшиттириб баланд овозда. — Боримиз ҳам, ташвишу қувончимиз ҳам ўртада».
Матнни Чарос Низомиддинова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».
Суратлар қиш охири ва баҳор бошларида олинган.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.