Тошкент рамзларига чизгилар
Марказий универмаг яқинидаги китоб расталари
Марказий универмаг яқинидаги китоб расталари тошкентликларнинг бир неча авлоди учун қадрдон жой ҳисобланади. Чинорлар соясида катта авлод ўтмиш билан юзлашса, ёшлар бугунги куни нафаси билан яшайди: сайр қилади, суҳбатлашади, китоб ўқийди. Йўл-йўл нақшли соябон остидаги расталар – китобсеварлар учун жаннатнинг ўзгинаси. «Газета.uz» ушбу китоб расталари қандай пайдо бўлгани, улар нимаси билан Тошкент рамзларидан бирига айланганини ўрганди.

Марказий универмаг яқинидаги китоб расталари тошкентликларнинг бир неча авлоди учун қадрдон жой ҳисобланади. Чинорлар соясида катта авлод ўтмиш билан юзлашса, ёшлар бугунги куни нафаси билан яшайди: сайр қилади, суҳбатлашади, китоб ўқийди. Йўл-йўл нақшли соябон остидаги расталар – китобсеварлар учун жаннатнинг ўзгинаси. «Газета.uz» ушбу китоб расталари қандай пайдо бўлгани, улар нимаси билан Тошкент рамзларидан бирига айланганини ўрганди.

Космонавтлар метро бекати ёнидаги «Мовий гумбазлар» боғида жойлашган ёйма китоб бозори, эҳтимол, пойтахтда сақланиб қолган ягона иккинчи қўл китоблар бозоридир. 30 йиллар муқаддам ҳозир йўл-йўл соябонлар остидаги расталар ўрнатилган жойдан троллейбуслар юрарди. Китобларни эса йўлакларда ерга ёйиб сотишган. Ўша сотувчилардан баъзиларини ҳозир ҳам расталар ортида учратиш мумкин. Харидорлар ва яқин атрофдаги уйларда яшовчилар кекса сотувчиларнинг исмларини яхши билишади: «Ольга Александровна, хайрли кун!», «Рустам, салом! Нима янгиликлар?», — деб ўтишади.
Нигина Худайбергенова ўсмирлик чоғида метрода шаҳар четидан хиёбонгача, у ердан эса «Мовий гумбазлар»га борганларини эслайди. Боғда у китоб расталари оралаб юрар, сотувчилар билан суҳбатлашар ҳамда улғайиб, пул топишни бошлаганида хоҳлаган китоб ва жилоли журналларини сотиб олиши ҳақида орзулар қиларди. Шундай бўлди ҳам.

У қўлига қаҳва кўтариб олиб, ерга ёйилган нарсалар олдидан ўтишни, мельхиор қошиқлари, маржонлар, пластиналарни кўздан кечиришни яхши кўришини тан олади. Расталардаги жилоли журналларга диққат билан тикилади — Нигина Худайбергенованинг сўзларига кўра, уларнинг баъзилари шаҳарнинг бошқа жойида йўқ. Китоблар танлайди.

«Шеърлар тўпламини сотиб олиб, шу ерда ўтираман. Мутлақ бахт ва янги ҳиссиётлар», — дейди Нигина Худайбергенова.
Тошкентдаги X-Places Шаҳар тадқиқотчилари жамияти ўлкашуноси Рустам Хусановнинг фикрича, айнан китоб қаторлари «Мовий гумбазлар» боғини, у билан бирга Тошкентни ҳам киши қайта-қайта боргиси келадиган шинам масканга айлантиради.

«Марказий универмагдан бошлаб у ерда бутун бошли шаҳар ҳикоялари яшайди. Мана, бир киши барча ўткинчиларни ўзи билан шахмат ўйнашга таклиф қилса, яна бири аккордеон билан. Нуроний бир онахон эса шундоққина асфальтга тўшалган салафан устига китобларни териб қўйган. Ундан кейин эса уй ҳайвонлари дўкони олдида навбатчилик қиладиган мушуклар, заргарлик буюмлари, чарм буюмлар ва яна китоблар. Шу тарзда эски буюмлар бозори шакллана бошлайди. Вазалар, ҳайкалчалар, мелхиор ва нишонлар инсон нигоҳи ва қизиқишини ўзига тортадиган бир дунё ҳиссиётлардир», — дейди Рустам Хусанов.

Ўлкашуноснинг фикрича, китоб қаторлари боғ стержени ёки марказий картинаси бўлиб, унинг атрофида шаҳар қиёфаси шаклланади. Қилиш мумкин бўлган энг яхши иш — уни ўз ҳолига қўйишдир.
Инглиз тилидаги Uzbek Journeys блоги муаллифи Пенелопа Прайс ҳам худди шундай фикрни қўллаб-қувватлайди. У 2010-2021 йилларда Марказий Осиё, асосан Қирғизистон ва Ўзбекистонга жамоавий турлар ташкил этган. Сайт ўқувчилари ва Uzbek Journeys мижозлари Европа, Жанубий Америка давлатлари ва Австралия фуқароларидан иборат.

Ўтган ёзда Грузияга кўчиб ўтгунига қадар Пенелопа Прайс минтақада ярим йиллаб вақт ўтказиб, Бишкек ва Тошкентда галма-галдан яшаган. У Ўзбекистонга уюштирилган аксарият турлар пойтахтни ўз ичига олмаслигидан ҳайратланишини айтади.

«Сайёҳлар мамлакатга келиши билан одатда Тошкентда бир кун вақт ўтказиб, сўнгра дарҳол Самарқандга кетишади. Францияга сафарни Парижсиз тасаввур қилиб бўладими?» — дея ҳайратланади гид.
реклама
реклама
Прайснинг экскурсион турлари Тошкент бўйлаб тўрт кунлик саёҳатни ўз ичига олган бўлиб, бу муддат давомида Эски шаҳар, «Илҳом» театри, галерея ва уй-музейларга ташриф буюрилган. Сайёҳларга ҳамроҳлик қилган маҳаллий архитекторлар совет модернизми ва шаҳар қурилиши тўғрисида сўзлаб беришади. «Мовий гумбазлар» саёҳатнинг охирги нуқтаси бўлган.

«Қайси шаҳарда бўлмайлик, сайёҳлар ҳар доим: “Бу ерда оддий одамлар нима қилишади?” — деган саволни беришарди. Шаҳар марказидаги ажойиб боғ ўзининг бу саволга ўзининг мавжудлиги билан жавоб берди. Сайёҳларим серсоя йўлаклар бўйлаб сайр қилишни, музқаймоқ ейишни, эски журнал ва китобларни варақлашни, сотувчилар билан ўқиганлари ҳақида суҳбатлашишни яхши кўришарди. Бу болалар ва катталарга кенг маънода билим, таълимнинг қадр-қимматидан сабоқ берадиган ўзига хос муҳитни яратади», — дейди Пенелопа Прайс.
Йўлбошчи Тошкентдаги ҳаёти ва фаолияти давомида ўзининг соддалиги билан ҳайратга соладиган китоб қаторларига боғланиб қолишга улгурди. Пенелопанинг ҳатто Алексей исмли севимли сотувчиси ҳам пайдо бўлди.

«Унинг шарофати билан ҳозир инглиз, француз, рус ва ўзбек тилларида Ўзбекистон санъати ва тарихига оид китоблар тўпламим бор. Уларни Европада топиб бўлмайди», — дейди Пенелопа Прайс.
реклама
реклама
Ҳозирда гид Тбилисида яшайди. Грузия пойтахтининг диққатга сазовор жойларидан бири бўлган «Қуруқ кўприк» («Сухой мост») унга Тошкентдаги китоб расталари ҳамда эски буюмлар бозорчаси жойлашган «Мовий гумбазлар» боғини эслатади. Пенелопа Прайснинг сўзларига кўра, энг аввало серсоя боғда жойлашгани билан ёдга туширади. Сайёҳларни ўз тарихига эга бўлган турли хил буюмлар, эски китоблар ўзига жалб қилади.

Йўлбошловчининг фикрича, «Қуруқ кўприк»нинг асосий устунлиги шаҳар маъмурияти уни «жозибадор ва янги» қилишга уринмайди ва табиий равишда ривожланишига йўл қўйиб беради. Прайснинг сўзларига кўра, Тбилиси ҳукумати маҳаллий аҳоли ва сайёҳларнинг манфаатларини яхшироқ тушунади: эски шаҳар кўчалари ва ҳовлиларини сақлаб туришади, серсоя боғларда баланд мусиқалар бўлмайди.

«“Мовий гумбазлар” боғида «Қуруқ кўприк», митти «Янгиобод»га (Тошкентдаги эски буюмлар бозори назарда тутилмоқда — тарж.) айланиш учун барча имкониятлар мавжуд. Унга жамоат транспорти билан осонгина етиб олиш мумкин. У тоза ва ям-яшил, бир қанча қизиқарли дўкон ва кафеларга эга. Энг асосийси — бу ерда китоб стендлари бор. Улар оддий, серҳашам эмас — жозибаси ҳам шунда. Уларни шундайлигича сақлаш керак», — деб ҳисоблайди Пенелопа Прайс.
Аҳоли «гумбаз»даги китоб расталарини китобсеварлар учун жаннат, деб аташади. Абдуқодир Исмоилхўжаев сўнгги беш йил давомида керакли адабиётлар учун фақат шу ерга келади — ҳам уйига яқин, ҳам ассортименти каттагина. Унинг сўзларига кўра, жавонларда дўконларда йўқ эски китобларни учратиш мумкин. Энг сўнгги топилмалар орасида Жеймс Кервуднинг 1919 йилда нашр этилган «Шимол дарбадарлари» асари ҳам бор.

Йигит учун китоб расталаридан харид қилишнинг яна бир ёқимли томони шундаки, бу ерда сотувчилар билан мулоқот қилиш мумкин. Улар орасида кўп яшаб, кўп ўқишга улгурган кексалар ҳам оз эмас. Абдуқодир Исмолхўжаевнинг сўзларига кўра, улар билан ўқиганларини муҳокама қилиш алоҳида завқ бағишлайди.

Сора Тошмуҳамедова бу расталарга эсини таниганидан буён келади — оиласи уй кутубхонасини «гумбазлар»дан тўлдиради. Энг кўп танлов севимли мумтоз адабиётда тўхтайди.

«Бу ердаги китоблар — қалбга яқин. Улар ўзларини қачонлардир ўқиган одамларни бирлаштирадигандек», — дейди қиз.
реклама
реклама
Классика ва чет эл бадиий адабиётидан ташқари, пешлавҳалардан миллий мумтозларнинг ҳам ижод намуналарини топса бўлади. Сотувчиларнинг сўзларига кўра, психология, фалсафа, тарих, эзотерикага оид китобларга бўлган талаб юқори. Одамлар расталарга турли йилларда чоп этилган мактаб ва институтлар дарсликлари, техник, тиббий адабиётлар, болалар эртакларини сўраб ҳам келишади. Сотувчилар ўзларида бўлмаган китобларни топишга ваъда беришади.

«Китобчилар»нинг машаққатли меҳнатида уларга ярим ставка зоодўконда навбатчилик қиладиган, қолган вақтлари эса борлиқ ҳикматини англаган мавжудодлардек китоб тахламлари устида ётадиган боғ мушуклари ёрдам беришади.
Янги ва эски китоблар байрам ва ёмғирли кунларни ҳисобга олмаганда, йил-ўн икки ой сотилади.

«[Шаҳарда] улкан кутубхоналар қурилмоқда, бироқ шаҳарликлар уларга боришяптими? Қаторларда ниманидир излаётган, варақлаётган, сўраб-суриштираётган одамларни кўраман. Китобларни ўзларига ёки совға қилиш учун сотиб олишади, суҳбатлашишади. [Китоб расталари], бу — “Мовий гумбазлар”нинг ташриф қоғози», — деб ҳисоблайди тошкентлик Холида Аҳмедова.

Шаҳарга китоб расталари керак, дея ишонч билдиради пойтахтлик фотосуратчи Олег Золотих.

«У ерда барча ноёб нарсаларни топиш мумкин: болалар учун эртакларни ҳам, шунчаки қалбан яқин ва қайта чоп этилмайдиган яна нималарнидир. Шаҳар ҳукуматининг китоблардаги нафни кўра оладиган одамларга қиладиган муомаласини кўрганингда қонинг қайнайди. [Ундан кўра қаторлардаги] стеллажларни янгилашса, ёритиш тизими ўтказишса, ёнғин хавфсизлиги ҳақида қайғуришса бўларди», — дейди Олег Золотих.
Нигина Худайбергенова Марказий универмаг яқинидаги китоб расталари «хавф остида» эканлигига ҳалигача ишонмаслигини тан олади.

«Менинг хаёлимда китоб расталари, яхши сотувчилар ва Тошкент юраги бир-бири билан боғланган. Ҳокимиятимиз жон куйдираётган, бироқ асосийсини кўра олмаётган шаҳар қиёфаси дегани аслида шу. Тошкентга пластик тоғлар ва бизнес марказлари эмас, юрак керак. Тошкентни хиёбонсиз ва китоб расталарисиз тасаввур қилиб бўладими? Албатта [йўқ]. Шундай шаҳарда яшашни хоҳлардим. Аксинчасида эмас», — дейди Нигина Худайбергенова.
Ноябрь ойи ўрталарида «Мовий гумбазлар» боғида жойлашган китоб расталари сотувчилари шаҳар ҳокимлигининг бу жойларни кимошди савдосига қўйиш режасидан хавотирланиб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллашган эди. Унда узоқ вақтдан бери Тошкентнинг ўзига хос рамзларидан бирига айланган пойтахтнинг ягона иккинчи қўл китоб бозорини сақлаб қолишни сўрашган. Оммавий мурожаатдан сўнг Миробод тумани ҳокими Шуҳрат Пўлатов сотувчилар билан учрашганди. Ҳозирча китоб расталарининг тақдири бўйича якуний қарор қабул қилингани йўқ.


Материални Виктория Абдураҳимова тайёрлади, Санжар Саид таржима қилди.
Фотосуратлар муаллифлари: Евгений Сорочин, Зума Мирзалиева / «Газета.uz». Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг