Тошкент рамзларига чизгилар: Телеминора
Тошкент телеминорасига ташриф буюрувчилар унинг фойесидаги ҳашаматли панно ва шаҳарнинг ажойиб манзараларини намоён этувчи кузатув майдончасини энг кўп қадрлашади. 110 метр баландликдаги «Коинот» ресторани ҳам минглаб жуфтликлар учун оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг тамал тоши қўйилган маскан сифатида эъзозланади. Тошкентнинг ушбу тимсоли телеминора ходимлари учун нима сабабдан севимли экани эса — махсус материалимизда.
Тошкент телеминорасига ташриф буюрувчилар унинг фойесидаги ҳашаматли панно ва шаҳарнинг ажойиб манзараларини намоён этувчи кузатув майдончасини энг кўп қадрлашади. 110 метр баландликдаги «Коинот» ресторани ҳам минглаб жуфтликлар учун оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг тамал тоши қўйилган маскан сифатида эъзозланади. Тошкентнинг ушбу тимсоли телеминора ходимлари учун нима сабабдан севимли экани эса — махсус материалимизда.
Совет модернизми ёдгорлиги бўлмиш — Тошкент телеминораси — 40 йилдан буён кенгайиб бораётган пойтахтнинг чор тарафидан кўриниб турибди. Бир неча йил олдин унга ўрнатилган 250 та ёруғлик чироқлари туфайли минора тунда олтиндек ял-ял ёнади.

Асосий кириш эшигидаги қоровуллар ортида меҳмонларни экскурсоводлардан Ширин Холтўраева ва Фарҳод Содиқов кутиб олишади. Ёшлар ташриф буюрувчиларни ёғоч полли узун галерея бўйлаб олиб боришади, бу ерда меҳмонлар дунёнинг турли телеминоралар макетларини томоша қилишлари мумкин.
Фойеда экскурсоводлар ташриф буюрувчилар эътиборини Абдумалик Бухорбоевнинг флоренция ва рим услубидаги мозаик панносига қаратади. Мазкур панно олтита композициядан иборат. Рим услубидаги панно мармар, металл ва ярим қимматбаҳо тошлар: яшма, сердолик, лазурит, оникс, селенит ва бошқалардан тайёрланган. Флоренция панноси эса — вулқон туфидан (ғовак тоғ жинси – тарж.) ишланган.
Фарҳод Содиқовнинг айтишича, паннода ўзбек маданиятининг кўплаб тимсоллари яширинган. Орқага бир-икки қадам ташлаб, 1980 йилларнинг телефото (телевизор прототипи), Тошкент курантлари, телевизор экрани ва бошқа тимсоллари тасвирини кўриш мумкин. Йиллар ўтган сайин паннонинг қадри ошиб бормоқда, дея қайд этади Фарҳод Содиқов.
реклама
реклама
Телеминоранинг кузатув майдони олтинчи қаватда — 100 метр баландликда жойлашган. 2022 йилда бинолар таъмирланди, панорамали ойналар ўрнатилди. Янгилари каттароқ бўлгани боис шаҳар манзарасини янада кенгроқ бурчакларда кўриш имконияти яратилди.
«Бу ердан бутун Тошкентни кўриш мумкин, — дейди Ширин Холтўраева. — Мен уч йилдан бери пойтахтнинг ўсишини кузатаман. Янги бинолар, Tashkent City пайдо бўлаётганини кўраман. Бу ерда сиз ҳамма нарсани бир қарашда кўришингиз мумкин».
  • Телеминоранинг иш вақти

    Объектга ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача кириш мумкин
  • «Коинот» ресторанининг иш вақти

    Соат эрталабки 10 дан кечки 11 гача. Телеминоранинг ўзига соат 20:00 дан олдин бориш муҳим
  • Кириш пули

    • 7 ёшгача бўлган болалар — бепул;
    • 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ва нафақахўр Ўзбекистон фуқаролари учун — 20 минг сўм;
    • катталар ва чет эл фуқароларига — 40 минг сўм.
  • Экскурция нархи

    Текин. Аммо экскурсоводлар ҳар доим ҳам бўш бўлавермайди
Тошкент телеминораси, бу — баландлиги 375 метр бўлган темир конструкциядир. Қурилиш зарурати 1978 йилда пайдо бўлди, чунки телевидение ва радиоэшиттиришлар қамровини кенгайтириш зарур эди. Унгача бу вазифа МТРК минорасидан («Пахтакор» метро бекати чиқишида) амалга оширилган. Анҳор канали яқинидаги минора олти йил давомида бунёд этилган. Тантанали очилиш маросими 1985 йил 15 январда бўлиб ўтган.
Телеминоранинг юқори қисмида — 220 метр баландликда — радио ва об-ҳаво станциялари мавжуд. Бироқ у ерга ташриф буюрувчиларнинг чиқишларига рухсат берилмайди.

370 метр баландликда эса 2х4 метр ўлчамдаги Ўзбекистон байроғи ўрнатилган. Байроқ ҳар икки ёки уч йилда бир марта алмаштирилади.
реклама
реклама
Минора пойдевори — бу 11 метр чуқурликдаги ёстиқ бўлиб, у 9 магнитудали зилзилага бардош бера олади. Минора ҳар бири 93 метр баландликда учта оёқ устида туради.
«Телеминора оёқларини елкамизда тутиб турамиз!», — дейди жонкуярлик билан Нодира Ҳамидова.
Очиқ юзли, қувноқ табассумли бу аёл пойтахт рамзини тоза сақлайди. Қувноқликда ундан қолишмайдиган ҳамкасби Муяссар Махкамова муассасада тартибни сақлашда унга ёрдам беради.
  • Қаранг-да, фотосуратларимни Snapchat`га қўйиб юрмайсизми ишқилиб? — деб сўрайди Муяссар опа баланд овозда, жилмайиб.
  • Сиз Snapchat`да бормисиз?
  • Замонавий технологияларни билмайди, деб ўйлайсизми? — дея жавоб беради у бошини сараклаганча.
Аёл ҳамкасблари ва Тошкент рамзига оидлиги сабабли ўз ишини севишини таъкидлайди.

«Ишимни ўзгартиришни таклиф қилишди, лекин аризага қўл қўйишга куч тополмадим, — дейди Нодира опа. — Мана, 11 йилдан бери ишлаб келяпман».
Унга ташриф буюрувчилар ва чет элликлар билан мулоқот қилиш айниқса кўпроқ ёқади. «Улар: „Нақадар гўзал экансиз, лекин швабра сизга ярашмаяпти“ дейишади, — дея табассум қилади Нодира опа. — Мен эса хафа бўлмайман. Бу ерда ишлаётганимдан фаҳрланаман. Меҳнатларим шарофати билан фарзандларим университетда ўқишмоқда».

«Менинг маълумотим йўқ, — дея суҳбатга қўшилади Муяссар опа. — Лекин ўз фарзандларимни ўқитишга ваъда берганман».
Ердан 110 метр баландликда «Коинот» ресторани жойлашган. Илгари унинг иккита зали бор эди: «қизил» ва «кўк», лекин таъмирдан кейин улар бирлаштирилди. «Қизил зал» интерьеридаги совет брутализми замонавий лофт билан алмаштирилди. Рестораннинг асосий хусусияти — айланувчи пол тамойили сақланиб қолган: меҳмонлар бир соат ичида Тошкент панорамасини тўлиқ кўришлари мумкин. «Коинот»ни телеминорага меҳри баланд йигит Сардор Носиров бошқаради.
«Мен “Бодомзор”да катта бўлганман. Болалигим минора билан боғлиқ. Дадам шу ресторанда ишлаганида 9 ёшда эдим. У бир вақтлар рестораннинг очилишида қатнашган. Ойда бир марта дадам мени ўзи билан ишлашга олиб борарди. “Коинот”га боришни жуда интиқлик билан кутардим», — деб эслайди Сардор.

Сардор Носиров ота изидан боришдан аввал Буюк Британияда таҳсил олган. Унинг сўзларига кўра, у ўқишни Burger King тез овқатланиш ресторанларида ишлаш билан умумлаштирган.

Йигит 2010 йилда Ўзбекистонга қайтиб келади. Дарҳол телеминора ресторанида ишлай бошлайди. Аввалига буфетчи бўлган, уч йилдан сўнг зал мудири, кейин ресторанни бошқара бошлаган.
Телеминорадаги фаолияти давомида Сардор кўплаб қизиқарли воқеаларга гувоҳ бўлган. «Коинот» — бу эркаклар севган аёлларига турмуш қуришни таклиф қиладиган жой. Яқиндан бошлаб эса одамлар бу ерга ибодат қилиш учун ҳам келишмоқда.

«Ҳаммаси 2017 йил ёки 2018 йилда иш кунларининг бирида бир гуруҳ аёлларнинг бизга ташриф буюриши билан бошланди. Улардан бири олдимга келиб, намоз ўқиб олишни сўради. Унинг айтишича, у узоқ вақтдан бери бизнинг ресторанда ибодат ўқишни орзу қилар экан. Унинг илтимосидан ҳайрон бўлдим, лекин биз жойни тартибга келтирдик. Ўшандан буён ҳам шунга ўхшаш зиёратга келадиганлар сони ортиб бормоқда», — деди Сардор Носиров.
реклама
реклама
Унинг сўзларига кўра, таъмирдан кейин ташриф буюрувчилар оқими кўпайган, шу боис раҳбарият «кўк зал»ни ҳам таъмирлаш ниятида. Муассаса брендини тарғиб қилиш учун Сардор мутахассисларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

Яқинда ресторанда фахрий ходимлар йиғилиши бўлиб ўтди, унда Сардорнинг отаси ҳам иштирок этди.

«Ўзгаришларни кўриб, ривожланишдан хурсанд бўлди. Дадам мен билан жуда фахрланади», — дейди Сардор.
Тошкент телеминорасининг асосий вазифаси — телерадиоузатиш. Унинг сифатига объект бош муҳандиси Бекзод Қўчқорбеков масъул. Мутахассиснинг айтишича, телеканал ва радиостанциялар ўз студияларида контент тайёрлаб, уларни телеминорага узатади. У, ўз навбатида, контентни томошабинларга узатади. Эшиттириш радиуси — 60-100 км. Сигнал Тошкент шаҳри ва вилояти, қисман Сирдарё вилояти, шунингдек, Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари ҳудудига тарқатилади.

Бироқ Тошкент телеминорасининг радиоэшиттириш радиусидаги барча аҳоли пунктлари ҳам сигналларни қабул қилмайди. Бундай жойларни топиш ва станцияларни ўрнатиш зарурлигини ўрганиш техник-ишлаб чиқариш лабораторияси ходимларининг иши. Унга Нумон Назиров раҳбарлик қилади.
«Биз тоғли ҳудудларни, оз сонли одамлар яшайдиган жойларни ўрганамиз, — дейди у. — Агар одамлар етарли бўлса, рақамли телевидение транслация қиладиган станцияларни ўрнатамиз».
Талабалик давридаёқ Тошкент телеминорасига ишга жойлашган бу икки мутахассис учун мазкур маскан болаликдаги радиотехника ва физикага бўлган қизиқишлари ушалган жой ҳисобланади.

«Кечгача қолиб кетар, баъзида тунни ҳам ўтказардим. Профессионал ускуналарнинг қандай ишлаши мен учун қизиқ эди, ҳамма нарсани ипидан игнасигача ўрганиб чиқишни хоҳлардим», — дейди бош муҳандис Бекзод Қўчқорбеков.
Унинг сўзларига кўра, ишлаган вақтида ҳеч қандай бахтсиз ҳодиса юз бермаган. Ишдан чиққан ускуналарни ҳар доим захирадагиси билан алмаштириш мумкин. Электр таъминоти узилганида эса тизим автомат равишда дизель генераторларига ўтади. Камдан-кам ҳолларда, бу қўлда амалга оширилади.

«Бизнинг ишимиз аниқ физика-математикага таянади, — дейди Тошкент телеминораси бош муҳандиси Бекзод Қўчқорбеков. — Ҳаммаси учун қўлланмалар ишлаб чиқилган. Ҳис-туйғуларга берилмаймиз, акс ҳолда хатога йўл қўямиз».
Матнни Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Рус тилидан Санжар Саид таржима қилди.
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг