Тошкент рамзларига чизгилар: «Ўзбекистон» меҳмонхонаси
«Ўзбекистон» меҳмонхонаси – сайёҳлар албатта бориб кўришлари керак бўлган Тошкентнинг асосий диққатга сазовор масканларидан бири. Ўз даврининг оламшумул қурилиши бўлган бу иншоот қисқа вақт ичида пойтахт рамзига айланди. «Газета.uz» тошкентликлар эркалатиб «Узбечка» деб атайдиган меҳмонхона рамзлари ҳамда унинг биносига 50 йил давомида киритилган меъморий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилади.
«Ўзбекистон» меҳмонхонаси – сайёҳлар албатта бориб кўришлари керак бўлган Тошкентнинг асосий диққатга сазовор масканларидан бири. Ўз даврининг оламшумул қурилиши бўлган бу иншоот қисқа вақт ичида пойтахт рамзига айланди. «Газета.uz» тошкентликлар эркалатиб «Узбечка» деб атайдиган меҳмонхона рамзлари ҳамда унинг биносига 50 йил давомида киритилган меъморий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилади.

Миллий безакли брутализм

«Ўзбекистон» меҳмонхонаси 1974 йилнинг октябрида — қурилиш бошланганидан беш йил ўтиб очилди. Бино архитектор Илья Мерпорт бошчилигидаги муаллифлик жамоаси томонидан лойиҳалаштирилган. Меҳмонхона қурилиши ўн йилликнинг оламшумул бунёдкорлик ишларидан бўлди.

Модернизм даври архитектураси тадқиқотчиси, Tashkent Modernism лойиҳаси асосчиси Александр Фёдоров лойиҳалаштириш босқичида меҳмонхона «Интерист» деб номлангани ҳамда қаватлар сони ва сиғими камроқ бўлганини сўзлаб берди.

«Бироқ Тошкентнинг советлар давлатининг „шарқий фасади“ ва „витринаси“ сифатидаги аҳамияти аста-секинлик билан кучайиб бораётгани, халқаро тадбирлар ўтказилаётгани ҳамда сайёҳлар оқими ортаётгани лойиҳа миқёсининг кенгайишига олиб келди ва у ўша даврнинг энг муҳим қурилишларидан бирига айланди. Қаватлар сони 17 тагача, сиғимдорлиги эса 750 та ўриндан 900 тагача ортди», — дея қайд этди Александр Фёдоров.
Меҳмонхона архитектураси Европа ва Шарқ услубларини ўзида мужассамлаштиради.

«„Ўзбекистон“ модернизмнинг турли йўналишлари: ориентализм ва брутализм услубларини ўзида умумлаштирган объект ҳисобланади. Шарқона фасаднинг йирик деталлари ҳамда қарийб тўмтоқ ён томонлари ва ресторан блоки томида пластик бўғотлари бўлган бино маҳобати брутализм хусусиятларини ифодалайди», — дейди Александр Фёдоров.
реклама
реклама
Ғарбий фасад декоратив бетон панжара билан безатилган. Унинг амалий вазифаси декоративликдан кўра муҳимроқ. У деразаларни қуёшнинг тўғридан-тўғри тушадиган нурларидан тўсиб туради. Бунинг шарофати билан бинога безиён нур тушади.
«Муаллифлар жамоаси томонидан топилган панжарали ечим ҳам функционалликни намоён этади, ҳам ориентализмнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Республика раҳбариятига бу ғоя жуда ёқди ва юқори даражада маъқулланган бўлажак йирик объектларни лойиҳалаштиришда фойдаланиш учун олинади», — дейди Фёдоров.

Меҳмонхона биноси тузилиш жиҳатидан баланд иншоот ҳамда унинг орқа томонига туташувчи икки қаватли стилобат (иккала бино учун ҳам умумий бўлган пастки қават — тарж.)дан таркиб топган. Қурилманинг очиқ майдон узра қад ростлагани ҳамда кенг зинапоялар унинг маҳобатидан сўз очиб, баландлик ҳиссини кучайтиради.
Баланд блоклар ва стилобат ўртасида галерея, сузиш ҳавзаси ва ресторанли ички ҳовли ўрнатилган. Жазирама вақтларда бу ердаги ҳарорат мақбул ҳолатда қолади.
Ҳозирда меҳмонхона фасади олдида метронинг Амир Темур станциясининг кириш қисми жойлашган, бироқ 1974 йилда у ҳали йўқ эди — метро фақатгина уч йилдан сўнг — 1977 йилда пайдо бўлди. Ўша вақтларда «Инқилоб майдони» деб номланган станцияни ҳам Илья Мерпорт лойиҳалаштирган.
Очилиш вақтида юқори қават ойнаванд бўлган. Кириш қисми устидаги айвонча ҳам йўқ эди, у 1990 йиллар охирида амалга оширилган реконструкциядан кейин пайдо бўлган.

Интерьерлар

Меҳмонхона холига кирганларнинг нигоҳлари айланасимон зинапояга тушади.
Ҳозирда унинг икки томонида лобби-бар, буфет, «ресепшн» мавжуд. Авваллари зинапоянинг ёнида ойнали бар бўлган.
Монументал санъат намуналари — барельеф ва мозаикалар «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг алоҳида фахри бўлган. Аммо 90-йиллардаги реконструкция пайтида барча ишлар йўқотилган.
Замонавий ресторан интерьерлари эса мана бундай кўринишга эга.
Бугунги кунда қаватларда аввалги кўринишнинг баъзи излари ҳали ҳам сақланиб қолган: зинапоя оралиқларида қават рақами кўрсатилган оригинал тўртбурчак плафонлар (шипга ўрнатилган лампа қопқоғи – тарж.), мармар ва паркет, коридорлардаги айрим алоҳида карнайлар.
реклама
реклама
Тошкентликлар «Узбечка» деб атайдиган меҳмонхонада 278 та хона мавжуд. 1990 йиллар охиридаги капитал таъмирдан сўнг хоналарда фақатгина паркетлар оригиналлигини сақлаб қолган бўлиб, улар ҳам айрим хоналарда гиламлар остида қолиб кетган.
«Ўзбекистон» меҳмонхонаси рамзлари — унинг ходимлари
Меҳмонхона очилган вақтдан буён 49 йил ўтди. У минглаб инсонларни иш билан таъминлаган бўлиб, айрим ходимлар бу ерда бир неча ўн йиллардан буён, су-шеф Ғайратжон Юнусов эса очилганидан бери ишлаб келмоқда. Бу ерга у кулинария билим юртини тамомлаши билан ошпаз ёрдамчиси сифатида ишга олинган.
«Ҳар куни ишга келар эканман, қаватларни санар эдим — меҳмонхона кучли таассурот уйғотар, алоҳида ажралиб турар эди, чунки ўша вақтларда Тошкент ҳозиргига қараганда пастроқ эди. Мен бу ерда ишлаётганимда жуда фаҳрланганман», — дейди су-шеф.
49 йил давомида ресторан менюси кўп маротаба ўзгарди. Су-шефнинг сўзларига кўра, ёнғоқ ва зираворли антрекотлар (молнинг қовурға гўштидан тайёрланган таом тури – тарж.) биринчи марта «Узбечка»да пайдо бўлган. Бу ерда шоколадли мусс ҳам тайёрланган. Қайта қурилишдан сўнг америкаликлар келишди ва ошпазларга пицца тайёрлашни ўргатишди. Замонавий менюга турли денгиз маҳсулотлари — краблар, қисқичбақа ва стейклар киритилган.

«Агарда мендан нима буюртма қилишни сўрашса, киевча котлет ва олмали бирогимизни тавсия қилган бўлардим», — дейди Ғайратжон Юнусов.

17-қаватдаги барда меҳмонларни бармен Шерзод Назаров кутиб олади. У ҳам 1993 йили билим юртини тамомлаши билан дарҳол «Узбечка»га келган. Биринчи йили у официантнинг шогирди бўлиб ишлаган — янги ходимларни дарҳол ташриф буюрувчилар олдига рухсат беришмайди. 2002 йилда бу ерда бар очилди ва Шерзод бармен бўлди.
Шерзоднинг фикрича, бармен — психотерапевт бўлиб, у кимга нима дейишини ва кимга умуман тегмаслик яхшироқ эканини ҳис қилиши керак. Кўп йиллик меҳнати давомида унинг доимий «беморлари» пайдо бўлган, улар шунчаки ичиш учун эмас, балки биринчи навбатда у билан суҳбатлашиш учун келишади.
реклама
реклама
Бугун одамлар «Ўзбекистон» меҳмонхонасига халқаро фестиваллар ва дискотекаларнинг гўзал даврига шўнғиш, илгари эришиб бўлмаган ўзига хос бирор нарса билан тўқнашиш учун келишади. Кўпчилик қуёш ботишини биргаликда томоша қилиш, манзарадан баҳра олиш ва селфи қилиш учун юқори қаватга ташриф буюради. Меҳмонлар ресторан ёки лоббида, хоналарда ёки айвонда турганча Тошкент рамзининг улуғворлиги ва атмосферасига сингиб, унинг суратини абадий хотираларига муҳрлашади.


Материални Иван Головченко тайёрлади.
Санжар Саид рус тилидан таржима қилди.
Замонавий фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Архив фотосуратлар ва ҳужжатлар «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ва Tashkent Modernism лойиҳаси раҳбарияти томонидан тақдим этилган.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг