Тошкент рамзларига чизгилар: Чорсудаги «овқат бозори»
«Чорсу» миллий таомлар бозори — Тошкент ҳақидаги ҳикояларнинг энг асосий сюжетларидан бири. Бу ердаги эски шаҳар муҳити маҳаллий ошпазлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг аксарияти бир неча ўн йиллардан буён, ҳатто бир неча сулола вакиллари шу жойда меҳнат қилмоқда. «Газета.uz» ошпазлар қандай қилиб Тошкентнинг асосий рамзларидан бирини шакллантирганлари ҳақида ҳикоя қилади.
«Чорсу» миллий таомлар бозори — Тошкент ҳақидаги ҳикояларнинг энг асосий сюжетларидан бири. Бу ердаги эски шаҳар муҳити маҳаллий ошпазлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларнинг аксарияти бир неча ўн йиллардан буён, ҳатто бир неча сулола вакиллари шу жойда меҳнат қилмоқда. «Газета.uz» ошпазлар қандай қилиб Тошкентнинг асосий рамзларидан бирини шакллантирганлари ҳақида ҳикоя қилади.
Тошкентликлар ва сайёҳлар орасида «Овқат бозори» номи билан машҳур бўлган бу жойнинг кириш қисми кабоблардан кўтарилган тутун ва пар билан қопланган. Бозордаги ҳаёт қозондек қайнайди: ошпазлар ўз таомларидан татиб кўришга чорлайди, тиланчи овқатланаётганлардан садақа сўрайди.

Бу жойни ҳашаматли деб айтиб бўлмайди. Овқат бозорининг икки томонида жануб қуёшида ранги униққан баннер тортилган. Мовий осмонда сузаётган булутлар фонида арчалар тасвирланган ушбу баннер бозор ҳаёти ҳақидаги фотосуратларда шунчалик тез-тез чарақлаб турадики, у Чорсунинг мовий гумбазлари каби танилиб улгурди ҳам.

Овқат қаторларида хўрандалар собиқ Иттифоқ замонлари, қайта қуриш йилларини эслатадиган узун умумий стол-стулларда ўтиришади. Ўриндиқлар устига эскирган курпачалар тўшалган.

«Овқат бозори»нинг кўримсизлиги — ташқи қиёфа ва таомлар мазаси олдида аҳамиятсиз бўлиб қолади. Бу муҳитнинг посбонларини ҳар қадамда учратиш мумкин. Улар пештахталар орқасида, қозонлар бошида туришади.
Маъмура Эргашева
«Эски шаҳарга нима бўлибди, ўғлим? – деб сўрайди аёл. – Бу ердаги одамлар ҳам, бир-бирига муносабати ҳам бошқача, самимий».
Маъмура Эргашева 60 ёшда. «Овқат бозори»да у ягона аёл-ошпазга ўхшайди — анъанага кўра Ўзбекистонда паловни асосан эркаклар тайёрлашади. Маъмура опа пазандачиликни отасидан ўрганган. Қизалоқ олти ёшларда эди. Ўшандан бери у ёрдамчиликдан оилавий бизнеснинг тўлақонли аъзосига айланди. Аёлнинг учта фарзанди: икки ўғил ва бир қизи бор, неваралари сони ўн нафарга етган. Ҳаммаси бўлиб 17 киши бир том остида яшайди.
Маъмура опа оиласи билан эрталаб соат еттида бозорга келади, кечки саккизгача қолади. Уйдан чиқишга узоқ вақт тайёрланиш керак. Турмуш ўртоғи тунги 2 ларда туриб, зирвак тайёрлайди. У эрталаб соат 6:30да тайёр бўлиши керак.

Маъмура опанинг оши ўртача ёғли. Яхши димланган гуруч, оғизда эрийдиган гўшт бўлаклари ва нўхат – “Чорсу”да 45 йил меҳнат қилган аёл ошни маромига етказиб тайёрлашнинг ҳадисини олган.

Меню фақат палов билан чекланиб қолмайди. Маъмура опанинг қўлидан лағмон, шўрва, манпар, норин ва нўхатли таомлардан ҳам татиб кўриш мумкин.
Ошпазнинг айтишича, харидорлар овқат таъми ўзгарган бўлса, дарҳол пайқашади ва унга айтишади. Шунинг учун у овқат қилишга масъулият билан ёндашади: салат учун энг яхши помидорни танлайди, ишончли одамдан янги гўшт сотиб олади, ўз фарзандлари учун тайёрлаётгандек пиширади.
«Овқат алоҳида мазали чиқишига учун бир чимдим меҳр ҳам қўшиб юбориш керак», — дейди Маъмура опа.
Оила Генерал Узоқов кўчасида ўзбек таомлари ресторани очишни режалаштирмоқда. У овқатларни олиб кетиш форматида ишлаши кўзда тутилган. Маскан 22:00 дан иш бошлайди. Маъмура опа бутун жараённи шахсан ўзи бошқариш ниятида. Аммо оила Чорсудаги нуқтани ҳам ташлаб қўймоқчи эмас.

Маъмура опанинг тан олишича, иш куни тугаши билан чарчаб қолади, лекин Худо унга яна бир бор умр берса ҳам, ошпазлик касбини танларди.

«Қанча яшасам, шунча овқат пишираман. Бу менинг санъатим», — дейди у.
реклама
реклама
Абдулазиз Қодиров
Сомса сотувчиларининг хилма хил овозлари орасида бир кишиники алоҳида ажралиб туради. Бу овоз харидорларга «Азиза опанинг сомсаси»ни таклиф этаётган йигитга тегишли. Бу жумла Чорсудан ташқарида ҳам кенг танилган бренддир.

Сомсани Азиза опа Қодированинг набираси Абдулазиз ҳамда амакиваччаси Даврон Усмонов сотади. Абдулазизнинг айтишича, аслида бренд амакиси Нурилла Қодиров туфайли пайдо бўлган. Бунга 30 йиллар бўлган.
«Амакиси сомса пишириш санъатини ўрганишга қарор қилади. Ўзига устоз топиб, унинг қўлида тўрт йил ишлаган, – дейди Абдулазиз. – Зарур билимларни ўзлаштириб, устоз дуосини олиб, сомсахона очишга рухсат олган».

Бу пайтда Абдулазизнинг отаси Хайрулла ака ҳарбий хизматдан қайтган эди. Акаси Нурилла ва онаси Азиза опа билан биргаликда новвойхонани ривожлантиришга киришдилар. Нурилла сомса пиширган, Азиза опа эса «овқат бозори»да сотган.

Кунига 1,5 минг донадан сотилди – овқат одамларга шунчалар ёқди. Мижозлар кейинги сафар сомсапазни қандай топа олиш мумкинлигини сўрашганида, Азиза опа: «Азиза опанинг сомсасини суриштиринг», деб жавоб беради. Чорсунинг асосий брендларидан бири шу тариқа дунёга келади. Абдулазизнинг фикрича, Қодировлар оилавий бизнесининг муваффақият қозонишида амакисининг устози розилиги катта рол ўйнаган.
Азиза опанинг сомсаси думалоқ, кафтдек келади. Ўзининг гижирлаган, бир оз шўрроқ хамири билан ажралиб туради. Сомсага тўғралган янги гўшт ва уни сувлигина қилиб турадиган бир бўлак думба ёғи солинган.

Бугунги кунда оилавий бизнесни Абдулазиз бошқаради. Айтиш мумкинки, бу иш унга мерос қолган: амакиси Нурилла ака 2014 йилда оламдан ўтган, отаси Хайрулла ака эса нафақага чиқишга қарор қилган.

Абдулазиз бизнес юритиш ва келажак учун режалар тузиш учун етарли тажрибага эга. Бозорда 10 йил ишлаб, арава тортишга ҳам, пиёх арчишга ҳам, тандир устида туришга ҳам улгурди.

Вақти-вақти билан йигит «овқат бозор»га ҳам чиқиб, пештахта ортида туради. Оилавий бизнес қандай ишлашини яхшироқ тушунмоқчи, чунки амакисининг бизнеси учун масъулиятни ҳис қилишини айтади.
реклама
реклама
«Барча яхши ва ёмон гаплар унга қаратилади», — деб тушунтиради жияни.

Абдулазизнинг тан олишича, мижоз кутганига мос келмайдиган сомсага дуч келган пайтлар ҳам бўлади.
«Бу овқат. У машинада тайёрланган эмас», — дея изоҳ беради у.
Сомсапазнинг қўшимча қилишича, олов, ун, гўшт сифати, ҳатто об-ҳаво шароити ҳам таъмга таъсир қилиши мумкин, чунки улар сомсани очиқ ҳавода кўрпачага ўралган улкан саватларда сотишади. Бироқ бирор нарса нотўғри бўлса, хатоларни тузатишга ҳаракат қилишади.

Абдулазиз брендни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бугун улар кунига 200 дан 400 тагача сомса сотишади. Келажакда йигит фақат сомса тайёрлайдиган ресторан очишни режалаштирган.
Рустам Шерматов
Азиза опанинг нуқтасидан беш қадамча нарида, тутун ортида кабобчининг шарпаси кўринади. У қўра устида картонни силкитади. Бу кишининг исми Рустам Шерматов. Бу камгап одам ўз ишини 40 йил аввал топган.

80-йилларда ошпазлар сулоласи бўлган Шерматовларнинг оилавий нуқтаси собиқ «Москва» меҳмонхонаси (ҳозирги «Чорсу» меҳмонхонаси – таҳр.) остида жойлашган бўлиб, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бизнес «Овқат бозори»га кўчди.
«Менга шуниси кўпроқ ёқади. Ўзимга ўзим хўжайинман», — дейди у жазиллаб турган кабоб сихларини официантга узатар экан.

Гижирлаган қобиқли гўштнинг ўзи сувли, юмшоқ бўлади. Қиймали ёки жаз кабоб тўғралган пиёз ва кўкатлар билан тортиқ қилинади. Бир сихининг нархи – 14 минг сўм.
Шерматовнинг менюси кабоблар билан чекланмайди. Рўйхатда норин, нўхат шўрак ва бошқа таомлар ҳам бор. Ошпазнинг айтишича, унинг харидорлари етарли. Кимдир тушлик қилиш учун, кимдир эса буюртма беришга келади. Мижозларнинг орасида кўпчилиги сайёҳлар, айниқса россияликлардан иборат.
Маъмура Маметова
Хоним сотувчиси Маъмура Маметова билан гаплашишнинг деярли имкони йўқ – унинг таомига навбат бор.

«Олти дона – шу ерда», «Тўрттаси – олиб кетишга», «Яна иккита беринг», — дея харидорларнинг кети узилмайди.

Маъмура опа қайнонасининг ишини давом эттиради. У ҳам бу ишни ўзига мерос қилиб олган.
реклама
реклама
Маметовлар оиласининг иш куни эрталаб тўрт-бешда бошланади. Ишда учта бола иштирок этади: кимдир хамир қоради, кимдир картошкани тозалайди, кимдир қайла тайёрлайди.

Оила хонимдан ташқари, буюртма асосида норин, сомса, кабоб пиширилади. Эрталаб соат 10 га яқин асосий таом тайёр бўлиши керак - бу вақтда Маъмура опа бозорга боради.
Маъмура опа хоним сотган йиллар давомида бу ишнинг машаққатларини пайқамай ҳам қўйган.

«Бу аллақачон рефлекслар даражасида», — дейди аёл.

Унинг тан олишича, ўзи ва болалари хонимни татиб кўрмаган бир кун ҳам бўлмаган.

«Жонимга тегмаган», — дейди у.
Мант ва фотосуратлар муаллифи — Жаҳонгир Азимов / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Сиз бирор қизиқарли воқеани биласиз ва уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқчимиз? Ундай бўлса, ҳикояларингизни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг