2023 йилнинг 27−29 апрель кунлари Тошкент шаҳрида GreenArt халқаро ландшафт санъати экофестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ландшафт санъати уюшмаси хабар берди.

Экофестиваль ҳар йили ўтказиладиган тадбир бўлиб, бу йил экология, боғча ва шаҳар боғдорчилиги соҳасидаги халқаро экспертлар атроф-муҳитни яхшилаш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун таклиф этилади.

Мақсад мамлакатдаги экология ва кўкаламзорлаштириш муаммоларига жамоатчилик эътиборини жалб қилишдан иборат. Фестиваль доирасида халқаро илмий анжуман, ёшлар форуми ва кўргазма ўтказилади.

Тадбир Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги кўмагида Ландшафт санъати уюшмаси томонидан ташкил этилади.

Фестивалдан кўзланган мақсадлар:

  • идоравий ташкилотлар ходимларининг касбий, экологик саводхонлигини, малакасини ошириш;
  • боғдорчилик жараёнига кенг жамоатчиликни жалб этиш;
  • ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари орасида юқори малакали, ғоявий, ташаббускор мутахассисларни шакллантириш. Талабаларни барча жараёнларга фаол жалб этиш — лойиҳалаш, кўкаламзорлаштириш ва кўчатларни парвариш қилишдан тортиб, бошқа мамлакатларнинг ихтисослаштирилган университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасини кўчат материаллари билан таъминлаш учун янги кўчатзорлар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш;
  • юқори сифатли экиш материалини шакллантиришнинг замонавий усулларидан фойдаланиш.

Кўргазма-савдода маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ва питомниклар ўз маҳсулотлари даражаси ва сифатини намойиш этиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади.

Ёшлар форуми доирасида Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабалари ва ёш мутахассислари таълим дастурида иштирок этиб, ўз лойиҳаларини яратади. Танлов натижаларига кўра энг яхши лойиҳалар танлаб олинади ва амалга оширилади.

Ўзбекистон ландшафт санъати уюшмаси 2020 йилда рўйхатдан ўтган бўлиб, ўзида боғдорчилик ва ландшафт дизайни, питомник соҳаси мутахассисларини бирлаштирган. Уюшма «Яшил шаҳар» кўнгиллилар ҳаракатининг ташкилотчиси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур уюшма Тошкент ва Бухородаги ўнлаб масканларда профессионал ободонлаштириш ишларини олиб борган. Тошкент ва Бухорода COVID-19`дан вафот этган шифокорлар хотирасига бағишланган «Хотира хиёбони»ни обод қилиш, Taskin болалар хосписида кўчат экиш, 1937−1942 йилларда қатағон қилинган ўзбекларга бағишланган Хотира боғида ободонлаштириш ишларини олиб бориш шулар жумласидан. «Ушбу ижтимоий лойиҳаларнинг асосий ютуғи Ўзбекистон аҳолисининг мустақил равишда кўчат экиш ташаббуси бўлганидадир», — дейилади уюшма хабарида.