Ўзбекистон энергия учун қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланиш ва саноат секторининг юқори даражада энергияталаблиги туфайли ҳавога иссиқхона газларини чиқариш жадаллиги бўйича дунёда бешинчи ўринни ва Европа ва Марказий Осиёда энг юқори ўринни эгаллайди. Бу қишда мамлакат катта энергия инқирозига дуч келди. Қазилма ёқилғилар сайёра, инсоният ва иқтисодиёт учун боши берк кўчадир. Қайта тикланадиган энергияга жадал равишда ва яхши бошқариладиган тарзда ўтиш барча учун очиқ энергия хавфсизлиги ва дунёга зарур бўлган яшил иш ўринларини яратиш учун ягона йўлдир. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг 22 апрелда нишонланадиган Халқаро ер кунига бағишланган рукни. У бу йил «Сайёрамизга сармоя киритиш» зарурлигига бағишланган.

Ўзбекистоннинг углерод изини камайтириш ва ўзининг иқлим билан боғлиқ бўлган мақсадларига эришиш йўлидаги интилишларини инобатга олган ҳолда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга айланди.

Мўл қуёш ва шамол ресурслари, халқаро кўмак ва технологик ютуқлар туфайли Ўзбекистон ўзининг энергетик ландшафтини ўзгартириш ва барқарор келажакка йўл очиш учун ноёб имкониятларга эга. Бироқ шундай мақсадга эришиш учун барча манфаатдор томонларнинг, шу жумладан, сиёсатчилар, инвесторлар ва хусусий секторнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари талаб этилади. Бу мақолада Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетика ва энергия самарадорлигини яхшилаш муаммолари ва имкониятлари кўриб чиқилади ҳамда янада соф ва фаровон келажак сари қадамларни жадаллаштириш бўйича ечимлар таклиф қилинади.

Ўзбекистон тоғ-кон, қайта ишлаш ва ресурсларни қазиб олиш саноати туфайли сўнгги ўн йилда ғаройиб иқтисодий ўсишга эришди. Бироқ бундай ўсиш омадсизликлардан холи эмас. Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакат энергия учун қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланиш ва саноат секторининг юқори даражада энергияталаблиги туфайли ҳавога иссиқхона газларини чиқариш жадаллиги бўйича дунёда бешинчи ўринни ва Европа ва Марказий Осиёда энг юқори ўринни эгаллайди.

2023 йилнинг қиш даврида Ўзбекистонда минглаб одамлар аномал совуқ ҳаво вақтида қарийб икки ҳафта давомида ишончли энергия таъминотисиз яшашга мажбур бўлди. Энергия таъминотидаги узилишлар эскириб қолган инфратузилманинг заифлигини ва мавжуд энергия тежовчи технологияларнинг номутаносиблигини намоён қилди.
Мамлакатнинг айрим ҳудудларида табиий газ ёки электр энергияси каби энергия манбаларининг етишмаслиги сабабли аҳоли ўз уйларини иситиш учун кўмир ёқишга ўтди. Бу, айниқса, ҳаво сифати ва иссиқхона газлари чиқиндиларининг тўпланиши нуқтаи назаридан салбий оқибатларга олиб келди.

Яна бир хавотирлантирадиган соҳа — бу тижорат ва турар жой қурилиши соҳасидир. Бутун дунёда умумий иссиқхона газлари чиқиндиларининг тахминан 40 фоизи қурилиш секторига (ёритиш, иситиш, иссиқ ва совуқ сув таъминоти учун электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш) тўғри келади. Мазкур ўртача кўрсаткич Ўзбекистонга ҳам тааллуқли бўлиб, Ўзбекистоннинг биринчи БМТ ИЎДК бўйича икки йиллик янгиланган ҳисоботига кўра, бу ерда мамлакатдаги умумий энергия истеъмолининг 22 фоизи саноат ва қурилишга, 21 фоизи эса уй-жой қурилишига тўғри келади.

Йилдан йилга Ўзбекистон аҳолисининг сони кўпайиши билан энергияга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Пировардида мамлакатнинг энергия захираларига бўлган эҳтиёж ортиб борган сари энергияга ўсиб бораётган талабни мамлакатнинг барқарор ривожланишини ва у иқлим ўзгариши бўйича Париж келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажаришини таъминлаган ҳолда, қайта тикланадиган манбалар ҳисобидан қондириш зарур.

Ўзбекистоннинг катта режалари

Ўзбекистон ҳукумати энергия захираларини диверсификация қилиш мақсадида энергетика соҳасида ислоҳотларни амалга оширмоқда. Биринчи қадамлардан бири сифатида инвесторлар учун, халқаро хусусий компанияларга электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш учун қуёш электр станцияларига инвестиция киритиш имконини берувчи қулай муҳит яратилди. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда ушбу соҳага 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилиб, Навоий ва Самарқанд вилоятларида бир қанча қуёш электр станциялари ўрнатилди.

Жорий йилнинг февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш ишларини жадаллаштириш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган дадил фармон чиқарди. Президентнинг 57-сонли қарори йил охиригача умумий қуввати 4300 мегаваттни ташкил этадиган қуёш ва шамол электр станцияларини ўрнатиш назарда тутмоқда. Шунингдек, у 37 000 та уйнинг том қисмига қуёш панелларини ўрнатиш ва уларнинг ҳар бири ортиқча энергияни электр тармоғига қайтарган ҳолда сотиши мумкинлиги тўғрисидаги низомларни ўз ичига олади. Фармон шартларига кўра, давлат истеъмолчидан фойдаланилмаган энергияни сотиб олади ва шунда ҳар бир фойдаланилмаган киловатт/соат учун 1000 сўмдан ҳақ тўлайди. Шу тариқа «Қуёшли уй» дастури бутун мамлакат бўйлаб кам қувватли қуёш панеллари ўрнатилишини рағбатлантириш ва шу орқали президент фармони ижросини билвосита қўллаб-қувватлашга қаратилган.

матильда димовска, энергия тежамкорлик

Бухородаги қуёш панелли уй. 2022 йил октябрь.

Ҳукумат, шунингдек, янги қурилган кўп қаватли уйлар том қисми майдонининг камида ярмига қуёш панелларини ўрнатишга, 31 000 та кўп қаватли уйни эса иссиқлик изолациясини яхшилаган ҳолда жиҳозлашга даъват қилмоқда. Бу ислоҳотлар ва ҳаракатлар тўғри амалга оширилишида Ўзбекистонга 2030 йилга бориб ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йилдаги даражага нисбатан 35% га камайтириш мақсадига эришишга ёрдам бериши керак ва бу ҳақда 2021 йилдаги миллий даражада белгиланадиган янгиланган ҳиссаларда (Иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувида) таъкидланган.

БМТТДнинг илғор амалиёти

2000 йилдан бошлаб БМТТД миллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлиги масалалари устида турли томонлардан иш олиб бормоқда. Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТТД Ўзбекистоннинг иқтисодий секторларини, жумладан, қурилиш секторини яшиллаштириш бўйича сиёсий ҳаракатларни кучайтириш ва стандартларни ишлаб чиқиш учун техник ёрдам кўрсатмоқда.

Бир нечта моделлар, жумладан, соғлиқни сақлаш муассасалари ва мактабларда барқарор маҳаллий энергетик тежамкор материаллар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда синовдан ўтказилди. Энди эса ушбу моделларнинг тажрибасидан фойдаланиш ва уларни кенгайтириш вақти келди.

Масалан, БМТТД билан Глобал экологик фонд ва Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлигининг қўшма дастури турар жой бинолари ташқи деворлари, поллари ва томларинининг оқилона иссиқлик изолациясини таъминлаш учун ҳамёнбоп замонавий технологиялар ва қурилиш материалларидан фойдаланишга кўмаклашмоқда. «Ўзбекистонда барқарор қишлоқ уй-жойи учун бозорни қайта тузиш» лойиҳаси давлат сиёсати ва ҳаракатларини асослаб бериш учун илғор тажрибаларни ишлаб чиқишга қаратилган.

матильда димовска, энергия тежамкорлик

Биноларни иссиқлик тасвирлагич билан текшириш (энергия аудити жараёни).

БМТТД бир қатор тегишли қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш орқали турар жой биноларининг энергия самарадорлигига қўйиладиган талабларни кучайтириш масаласида ҳукуматни қўллаб-қувватлади. Бу Ўзбекистонда 2020 йилдан буён турар жой биноларининг энергетик самарадорлигининг кўрсаткичлари яхшиланишига олиб келди.

Бундан ташқари, БМТТД томонидан турар жой секторида қайта тикланадиган энергия манбаларининг афзалликларини намоён қилиш мақсадида 2019−2020 йилларда 1328 та турар жой биноларида қуёш панеллари тизимларидан фойдаланиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилди. Қуёш панелларини жорий этишнинг бу тажрибаси кейинчалик «Қуёшли уйи» давлат дастури орқали янада кенгайтирилиши мумкин.

матильда димовска, энергия тежамкорлик

Ўтган йили Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги «Ёшлик» маҳалласида деярли нолга тенг энергия истеъмоли таъминланган биринчи уй-жой қурилди. Ўйлаймизки, бу уй Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича мажбуриятларини бажариш имконини намоён қилувчи намуна бўла олади ва барча уйлар қишда иссиқ, ёзда салқин ва йил давомида энергетик жиҳатдан тежамкор бўлишини кафолатлайди.

матильда димовска, энергия тежамкорлик

Деярли нолга тенг энергия истеъмоли таъминланган уй макети.

Ҳозирги вақтда БМТТД Энергетика вазирлигига Қайта тикланадиган энергия манбалари Халқаро агентлигининг (IRENA) SolarCity Simulator воситасидан фойдаланишда кўмаклашмоқда. Бу восита яшил молия механизмлари асосида қуёшли шаҳарларни барпо этиш учун мустақил (автоном), тармоқли ва/ёки гибрид техник ечимларининг иқтисодий, молиявий ва экологик афзалликларини моделлаштириш учун фойдаланилади.

Қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергетик жиҳатдан тежамкор қурилишни оддий истеъмолчи учун ҳамёнбоп қилиш мақсадида БМТТД имтиёзли молиявий маҳсулотларни ишлаб чиқмоқда. Бу борада БМТТД Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро жамғарма ва қатор тижорат банклари билан ҳамкорлик қилади. Анъанавий молиялаштириш имкониятларидан фойдалана олмайдиганлар учун имтиёзли «яшил кредитлар» синовдан ўтказилиши мумкин. Бундай кредитлар ёрдамида қишлоқ аҳолиси барқарор «яшил» технологияларга сармоя киритиш, иқтисодий имкониятларини таъминлаган ҳолда, шу билан бирга, экологик тоза усулларни тарғиб қилиш имкониятига эга бўлади.

матильда димовска, энергия тежамкорлик

Деворларни базальт билан қоплаш бўйича тренинг, 2020 йил.

Амалиёт ва илғор тажрибаларни олиб кириш БМТТДнинг ҳукуматларни қўллаб-қувватлашдаги асосий қўшимча қиймати бўлиб хизмат қилган. Масалан, БМТТД тажриба ҳудудларида уй хўжаликлари даражасида энергетик аудитларни ўтказиш бўйича кенг қамровли тадқиқот ва тажрибалар ўтказди. Бундай аудитларнинг асосий мақсади энергия йўқотиш жойларини аниқлаш ва уйларнинг энергетик самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдир. Аслида, энергетик аудитларнинг афзалликлари энергияни тежаш билан чекланиб қолмайди, чунки улар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, уй хўжаликларига электр энергия учун тўловларни камайтиришга ҳамда Ўзбекистоннинг узоқ муддатли барқарор ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин. Қишлоқ уй хўжаликларида ўтказа олган мазкур тажрибавий энергетик аудитининг натижалари тез орада тайёр бўлади ва келгусида маҳаллий иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ уй-жой қурилишини оқилоналаштириш бўйича асосли тавсиялар беради, деган умиддамиз.

Бундан ташқари, БМТТД кўмагида ҳукумат алоҳида эътибор бинолар ва турар-жой секторларида энергия самарадорлигига ва ИГ (иссиқхона газлари) чиқиндиларини камайтиришга қаратилган бир қанча қурилиш кодексларини ишлаб чиқди ва қабул қилди. Масалан, «пассив уй» концепциясига асосланган энергетик самарадорлик бўйича қурилиш стандарти жорий этилди.

матильда димовска, энергия тежамкорлик

Дармштадтдаги «пассив уй», Германия.

Ушбу ёндашув бинонинг экологик изини камайтиришга, уни қулай ва, шу билан бирга, арзонлаштиришга имкон беради. БМТТД бундай ёндашув бўйича ҳуқуқий кодекс ишлаб чиқилишига ўз ҳиссасини қўшди ва бу кодекс Ўзбекистонда стандарт ёки келажакдаги қурилишга айланишига, узоқ муддатли фойда олиш салоҳияти туфайли аҳоли ўртасида тез оммалашишига ишонади. Мазкур ташаббуснинг рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун маҳаллий мутахассисларни барқарор изоляциялаш усуллари бўйича ўқитишни ташкил этиш зарур.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бир зумда содир бўладиган жараён эмас, бироқ Ўзбекистон энергетика соҳасини барқарор ривожлантириш тарафдори экани ва унинг кенгайишига хизмат қиладиган сиёсатни олиб бораётгани ҳақиқатдан ҳам илҳомлантирадиган ҳолатдир. Унинг ташаббуслари мамлакатнинг табиий захираларини асраш ва келажак авлодларнинг барқарор иқтисодий келажагини таъминлашга ваъда бермоқда. Ўтмишда кўплаб энг илғор амалиётлар ва моделлар синаб кўрилган, энди эса уларни кенгайтириш вақти келди.

Бу йилги Бутунжаҳон ер куни «Сайёрамизга сармоя киритиш» масаласига бағишланган ва ҳукуматлар, инвесторлар, бизнес ва фуқаролик жамиятини сайёрамизни ҳимоя қилиш учун биргаликда ишлашга чақиради. Қазилма ёқилғилар сайёрамиз, инсоният ва иқтисодиёт учун боши берк кўчадир. Қайта тикланадиган энергияга жадал равишда ва яхши бошқариладиган тарзда ўтиш барча учун очиқ энергия хавфсизлиги ва дунёмизга зарур бўлган яшил иш ўринларини яратиш учун ягона йўлдир.

Ўзбекистон халқи ва ҳукумати барқарор ривожланиш йўлидан олға интилаётган экан, биз БМТТД доирасида билим ва илғор тажриба билан алмашишни давом эттириш, қурилиш тармоғини декарбонизация қилиш стратегиясини қўллаб-қувватлаш ҳамда, ҳамма учун янада тоза, яшил ва фаровон келажакни таъминлаш мақсадида қайта тикланадиган энергия манбаларини, шунингдек, барқарор ривожланишга кўмаклашувчи яшил молиявий механизмларни илгари суриш мажбуриятини зиммамизга оламиз.