Деярли нолга тенг миқдорда энергия истеъмол қилувчи уйнинг ташқи кўриниши қандай ва у нималар билан жиҳозланган? Ўзбекистондаги биринчи ана шундай намунавий уй Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги «Ёшлик» маҳалласида барпо этилди.

Уй Бирлашган миллатлар ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Глобал экологик фонд (ГЭФ) маблағлари ҳисобидан қурилган. Қурилиш ишлари ўтган йили бошланиб, жорий йилнинг май ойигача давом этди ва 1 майда якунланди. Қуйида энергия тежовчи уйнинг деталлари тафсилотларини кўриб чиқамиз.

Европа Иттифоқи бинолар энергия самарадорлиги директивасининг 2-моддасига мувофиқ, деярли нолга тенг ёки жуда кам миқдордаги зарур энергия қайта тикланадиган манбалардан, шу жумладан бевосита уйнинг ўзида ёки унинг яқин атрофида ўрнатиладиган қайта тикланувчи энергия манбалари технологиялари томонидан ишлаб чиқариладиган энергия ҳисобидан таъминланиши талаб этилади.

Бундай турдаги бинонинг ташқи деворлари, поллари ва томининг иссиқлик изоляцияси юқори иссиқлик ҳимоясини таъминлайди, бу энергия сарфини анъанавий типдаги изоляцияланмаган уйлардаги энергия сарфига нисбатан сезиларли даражада камайтиради.

Уйдаги қулайлик «яшил» материаллар, жиҳозлар ва техник ечимлар, қишда ва ёзда энг мақбул ҳароратни сақлаб туриш ҳисобига таъминланади. Уйнинг экологик барқарорлиги шундаки, у иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш орқали углерод изини камайтиради.

Уй қуйидаги хусусиятларга эга:

  • кам миқдордаги энергия сарфи;
  • юқори самарали қурилиш қобиғи;
  • мос лойиҳалаштирилган вентиляция, иситиш ва кондиционер ҳамда электр энергия тизимлари;
  • бино ҳудудида энергия ишлаб чиқариш имконияти.


Бинонинг оптималлаштирилган жойлашуви

Бино қиш мавсумида қуёш радиациясидан максимал даражада иссиқлик ажратиб олишга эришадиган ва ёзда бу иссиқликни минималлаштирадиган қилиб лойиҳалаштирилган.

Иссиқлик насоси

«Ҳаводан сувга» иссиқлик насослари — бу замонавий ва эски уйларни иситиш учун тежамкор ва энергия самарадор ечимдир. Ушбу турдаги иситиш тизими иссиқликнинг тоза ва барқарор шаклини таъминлайди, энергия харажатларини камайтиришга ёрдам беради.

Қуёш батареялари учун аккумуляторлар бевосита уйнинг яқинида ўрнатилган.


Том:

  • 3 мм қалинликдаги ҳимоя фольга қатламли гидрофоб гидроизоляция материали;
  • 150 мм қалинликдаги изоляцион шиша юни;
  • 2 мм қалинликдаги юқори зичликдаги буғ тўсувчи мембрана.

Том юзасида иссиқ сув учун мўлжалланган қуёш иссиқлик панеллари ўрнатилган.

Фотоэлектрик панеллар

Том қисмида ўрнатилган фотоэлектрик панеллар уйнинг барча эҳтиёжларини қондириш учун етарли бўлган 15 кВт / соат энергия ишлаб чиқаради.

Маҳалллий электр тармоғи

Қуёш панеллари томонидан ишлаб чиқарилган ортиқча энергия маҳаллий электр тармоғига сотилади.

Бинонинг деворига иссиқликни қайта тикловчи вентилятор (рекуператор) ўрнатилган.


Энергия тежовчи ойналар

Тўғри ўлчам, жойлашув ва уч қаватли иссиқлик ўтказувчанлик коэффициенти паст бўлган шишадан фойдаланиш иссиқлик йўқотилишини камайтиради ва қуёш нурлари ютилишини оширади.

Девор изоляцияси:

  • M-75 типдаги пишиқ ғиштдан қурилган ташқи девор;
  • 100 мм қалинликдаги иссиқлик ва товуш ўтказмайдиган тош толали плита;
  • 2 мм қалинликдаги шамол ва гидроизоляцион мембрана;
  • 6 мм кенгликдаги шамоллаш учун оралиқ;
  • 6 мм қалинликдаги фиброцемент плиталар.

Поллар:

  • 75 мм қалинликдаги экструдировка қилинган полистирол кўпик;
  • 5 мм қалинликдаги икки қаватли гидрошишадан гидроизоляция.

Инфографика:


Инфографика БМТТД ва Ўзбекистон Қурилиш вазирлигининг «Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ уй-жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси доирасида Глобал экологик фонд грант маблағлари ҳисобидан тайёрланган.