Хоразм вилояти Урганч туманида ноёб ҳайвонларнинг шохларини сақлаган шахслар аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида, вилоят ИИБ ва Табиат ресурслари бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Урганч туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Натижасида, Урганч тумани буюм бозорининг юк автомашиналари автотураргоҳида фуқаро Ж.М. бошқарувидаги Isuzu русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, фуқаролар Р.Н., Р.Э., Х.Ҳ., Ғ.А. ҳамда Ғ.Э.га тегишли бўлган жами 7 дона полиетилен қопда 47 дона буғу ва 3 дона жайрон шохлари борлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда

Маълумот учун, буғу ва жайронлар ноёб ҳайвонлар қатори уларнинг тана аъзолари Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган.