19 апрелдан бошлаб Yandex Go хизматини қўллаб-қувватловчи Ўзбекистондаги барча шаҳарларда имконияти чекланган фойдаланувчилар учун тест режимида айрим танловлардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди, деб хабар қилди сервис матбуот хизмати.

Энди ушбу вариантлардан фойдаланиш мумкин:

  • «Менга машина топишда ёрдам беринг»;
  • «Фақат ёзишаман»;
  • «Гапирмайман, аммо эшита оламан»;
  • «Ногиронлар аравачасидаман».

Махсус вариантлар Yandex Go иловасида алоҳида экранда кўринади. Улардан ҳар қандай тарифда фойдаланиш мумкин.

Ҳайдовчиларга ёрдам бериш учун хизмат амалий тавсиялар ишлаб чиқди, улар бозорнинг барча иштирокчилари учун мавжуд, дея таъкидлади хизмат. «Бу буюртма беришда ва саёҳатларда тушунмовчиликлар юзага келиши хавфини камайтириш мақсадида ҳайдовчилар учун тавсияларни янада қулайроқ қилишга ёрдам беради», — деб тушунтирди Yandex Go вакиллари.

Буюртмани қабул қилган ҳайдовчи учун дастур қулайлик имкониятлари билан саёҳатда нима қилиш кераклигини тушунтиради, масалан:

  • «Менга машина топишда ёрдам беринг». Саёҳат картасида ҳайдовчи фойдаланувчига автомобиль топиш, унга етиб бориш ва жойлашишда ёрдам кераклиги ҳақида изоҳга эга бўлади.
  • «Фақат ёзишаман». Бунда бирор киши овозли мулоқот қилиш имконига эга бўлмаса, ҳайдовчидан мулоқотни чат кўринишида олиб бориши сўралади.
  • «Гапирмайман, аммо эшита оламан». Ҳайдовчи буюртмага шарҳ олади, фойдаланувчи унинг саволини эшитади, лекин имо-ишоралар ёки матн билан жавоб беради.
  • «Ногиронлар аравачасидаман». Агар бу вариант танланса, ҳайдовчи «Ногиронлар аравачасида бўлади, ўтиришда ёрдам керак, багаж бўш бўлсин» деган изоҳга эга бўлади.

Агар ҳайдовчи бирон-бир сабабга кўра буюртмани махсус вариантлар билан бажара олмаса, уни рад қилиши мумкин.

Бу янгиликлар Yandex Go томонидан экспертлар — Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда «Шароит плюс» ногиронлар уюшмаси вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқилган. Уларни амалга ошириш режалари март ойи охирида Тошкентда Ўзбекистонда қулай муҳитни ривожлантиришга бағишланган давра суҳбатида муҳокама қилинган.