Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида мингинчи юбилей буйрак трансплантацияси бўлиб ўтди, дея «Газета.uz»га тиббиёт муассасасидан хабар берилди.

Операция сурункали буйрак етишмовчилигининг сўнгги босқичида бўлган аёлда ўтказилди, унинг эри донор бўлди. Беморлар аллақачон нормал ҳаётга қайтишган.

Жарроҳлик амалиётининг барча босқичлари, беморларни операциядан олдинги ва кейинги даволаш тиббиёт марказининг трансплантологлар жамоаси томонидан ўзлаштирилди. Бугунги кунда жарроҳлар бир иш кунида бир вақтнинг ўзида тирик қариндош донордан иккита буйрак трансплантациясини амалга оширмоқда.

Бу операциялар бир вақтнинг ўзида тўртта операция хонасида тўртта жарроҳлар гуруҳи томонидан амалга оширилишини англатади: иккита гуруҳ буйрак намуналарини олиш, иккита жамоа эса тўғридан-тўғри трансплантация жараёнида ишлайди.

Операция гуруҳларига қон томир жарроҳлиги ва буйрак трансплантацияси кафедраси мудири, профессор Фазлитдин Шамситдинович Бахритдинов бошчилик қилмоқда.

Трансплантация дастурининг жорий этилиши нафақат пойтахтимизда, балки Ўзбекистоннинг вилоятлари ва бошқа чекка ҳудудларида ҳам трансплантация ёрдами ҳажмини ошириш ҳамда аъзолари терминал шикастланган беморларни даволаш натижаларини яхшилаш имконини бермоқда. Буйрак трансплантацияси беморларга ҳаётини янада сифатли давом эттириш имкониятини беради.

Сўнгги йилларда буйрак кўчириб ўтказиш операциялари сони кескин кўпайиб, йилига 300 дан ортиқ операцияга етди, дея таъкидланади жарроҳлик маркази хабарида.

«Бизда педиатрия трансплантацияси бўйича ҳам тажрибамиз бор. Болалар трансплантациясининг ўзига хос хусусиятлари ва қийинчиликлари мавжуд, аммо бу энг муҳим йўналиш бўлиб, жаҳон статистикасида ҳам болалар трансплантация ва диализга кўпроқ муҳтожлиги кўринмоқда. Айни пайтда биз турли ёшдаги болаларга 50 га яқин муваффақиятли трансплантацияни амалга оширдик», — дейилади хабарда.