Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда корхоналарни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби хабарига кўра, президент тадбиркорларга кредит юкини енгиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги олти йилда бу соҳада жами 527 млн долларлик 177 та лойиҳа ишга туширилган. Хорижий инвестициялар 9 баробарга ортиб, 35 та корхона халқаро GMP стандартини жорий этган. Натижада ишлаб чиқариш 3 баробарга, экспорт 5 баробарга ошган.

Лекин маҳсулотлар бозорини топиш, сифат ва рақобат борасида масалалар кўплиги сабабли 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажми бироз камайган. Импорт эса ошган.

Тармоқда умумий қиймати 725 млн долларлик 207 та лойиҳани амалга оширилади, шундан 68 таси бу йил ишга туширилиши керак.

Шунинг учун «Асакабанк» лойиҳаларнинг 25 фоизгача қисмига ўз улуши билан кириб, инвестор сифатида иштирок этиши белгиланди. Маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш ва айланма маблағ билан таъминлашга 300 млн доллар узоқ муддатли кредит ресурслари жалб қилинади. Банк ҳузурида фармацевтика лойиҳалари маркази очилиб, тадбиркорларга ёрдам кўрсатади.

Шунингдек, йиғилишда кам қувватда ишлаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳисобига, 400 турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва 670 миллион долларлик импорт ўрнини қоплаш мумкинлиги айтилди. Бунинг учун корхоналарга 18 ойгача муддатда 1 млн долларгача «револьвер» кредит, экспортчиларга тушум суғуртасини гаровга олган ҳолда 2 млн долларгача кредит берилади.

Онкология ва онкогематология учун зарур бўлган дори воситалари ва моддаларни хориж технологияси асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имконияти кўрсатиб ўтилди. Йиғилишда соҳадаги кўплаб корхоналарни GMP сертификати талабларига мослаштириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, Тошкент фармацевтика кластеридаги лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.