Аргентина 2023 йилги 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги U-20 жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бу ҳақда ФИФАнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Делегация аъзолари мусобақа ўтказиш учун таклиф қилинган жойлар ва тегишли инфратузилмани бориб кўрди. Мезбонлик шартномаси мезбон ва маҳаллий ҳокимият томонидан бошқа барча тегишли ҳужжатлар билан бирга АФА томонидан имзоланган.

Турнир саналари 20 май — 11 июнь кунлари бўлиб ўтади. Шунингдек, мундиалга қуръа ташлаш маросими 21 апрель куни Цюрихда ўтказилади.

«Турнирда тўртта жамоадан иборат олтита гуруҳ қатнашади. Мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритган Аргентина Индонезиянинг ўрнига мусобақада иштирок этади. Аргентина ФИФА U-20 жаҳон чемпионати тарихидаги энг муваффақиятли давлат бўлиб, олти марта турнирда ғалаба қозонган, охирги марта 2007 йилда. Мамлакат 2001 йилда ҳам мусобақага мезбонлик қилган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ ФИФА Индонезияни мазкур чемпионат мезбонлигидан четлатишга қарор қилганди. Бунга мамлакат аҳолиси Исроил терма жамоасининг турнирда қатнашишига рухсат бермасликни талаб қилгани ва 31 мартга белгиланган қуръа ташлаш маросимини ортга сургани сабаб бўлганди.

Мазкур турнирда март ойида Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам иштирок этади.