Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Индонезияни 2023 йилги U-20 Жаҳон чемпионати мезбонлигидан четлатишга қарор қилди. Бу ҳақда 29 март куни федерация президенти Жанни Инфантино ва Индонезия футбол ассоциацияси (PSSI) раҳбари Эрик Тоҳир ўртасидаги учрашувдан сўнг маълум қилинди.

«ФИФА мавжуд шароитлардан келиб чиқиб, Индонезияни ФИФА U-20 Жаҳон чемпионати-2023 мезбонлигидан чиқаришга қарор қилди. Янги мезбон имкон қадар тезроқ эълон қилинади, турнир саналари ҳозирча ўзгаришсиз қолмоқда. PSSI`га қарши потенциал санкциялар ҳам кейинги босқичда ҳал қилиниши мумкин», — дейилади хабарда.

ФИФА мезбон мамлакатни ўзгартиришга қарор қилган бўлса-да, шартлар ўзгармади: турнир 20 майдан 11 июнгача бўлиб ўтади. Мазкур турнирда Ўзбекистоннинг 20 ёшгача бўлган футбол терма жамоаси ҳам иштирок этади.

Аввалроқ Индонезия футбол ассоциацияси 31 мартга белгиланган қуръа ташлаш маросимини сиёсий сабабларга кўра кейинга сурганди. Бали губернатори Уэйн Костер мамлакат раҳбариятига Исроил терма жамоасининг Жаҳон чемпионатида иштирок этишига рухсат бермасликни сўраб мурожаат қилган (Исроил ёшлар жамоаси ҳам ЖЧга йўлланма олган) ва Жакартада ҳам худди шундай талаблар билан норозилик намойишлари ўтказилган.

Маълумот учун, Индонезия 2016 йилда мамлакат расмийларининг футбол ташкилоти фаолиятига аралашуви туфайли халқаро мусобақалардан четлатилганди, кейинчалик ФИФА буни бекор қилган. Қолаверса, Ироқ ёшлар терма жамоаси ҳам ЖЧ-2023 да Исроилга рўбарў келса, бу жамоага қарши майдонга тушмаслиги ёки умуман турнирда қатнашмаслиги мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган.

ФИФА ушбу қарорга қарамай, яқин ҳамкорликда ва президент Видодо ҳукумати кўмагида PSSI`га 2022 йил октябрь ойида юз берган фожиадан кейин Индонезия футболини ўзгартириш жараёнида фаол ёрдам беришга содиқлигини билдирган. Яқин орада ФИФА президенти ва PSSI президенти ўртасида кейинги муҳокамалар учун янги учрашув ўтказилиши кутилмоқда.