Самарқанд шаҳрида болани мунтазам равишда калтаклаб келган энагага суд ҳукми ўқилиб, у 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon ахборот дастурида маълум қилинди.

Унга кўра, ургутлик 37 ёшли судланувчи аёл Самарқанд шаҳрида ижарада яшаб, танишининг фарзандига энагалик қилган. Эвазига онадан ижара пулининг ярмини олган.

«Менда ҳозир фарзанд йўқ, лекин сенда иккита фарзанд бор. Майли, сенинг болаларингга қарашаман, деб айтганман», — деди судланувчи. Аммо она ишда бўлган пайтида энага болани муттасил равишда уриб, қийнаб келган.

«Балки аясига бўлган аламимни боласидан олгим келдими, фарзандсизлигим қаттиқ таъсир қилдими, нимага ҳаммага [фарзанд] беради, менга бермайди дедимми… Ҳамма нарса бўлди, ҳамма нарсани ўйладим. Бир марта урдим, лекин яхшигина урдим. Масалан, қўлидан чимчиладим, қорин соҳасидан чимчиладим, юзига урдим, орқасига — думба соҳасига урдим», — деди энага.

Таъкидланишича, аёл айбини яшириш мақсадида бадани кўкарган болани дугонасига бериб, уни даволатиш учун 500 минг сўм пул тақдим этган. Бола нафас олишда қийналгани сабабли аёл уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд вилояти филиалига олиб борган.

Судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, боланинг чап юз, ёноқ ва бурун соҳаларида шилинма, кўкрак, иккала қўл ва оёқларида жароҳатлар аниқланган. Қовурғаларнинг синиб силжиши каби жароҳатлар ҳаёт учун ўта хавфли бўлган жароҳатлар, дея баҳоланган ва у ўтмас жисмлар таъсирида етказилгани кўрсатилган.

«Ижара пулининг ярмига ёрдам берсангиз бўлди, деди. Ижара ҳақи 150 доллар эди. 75 доллар берасиз деди. Боламнинг памперсини, озиқ-овқатлар, мева-чеваларни — ҳаммасини етказдим. Шифохонага борганимда шифокорлар киришимга рухсат бермади. Улар „Сен ҳам шунақа онамисан, болангни кимга бердинг, кучукка ўхшаб талаб ташлабди-ку“, — дейишди», — дейди она.

Судланувчи судда қилмишидан пушаймон эканини, бу ишга жаҳл устида қўл урганини айтди. «Мени кечиришини хоҳлайман. Тўғри, у қизнинг ўрнида мен бўлганимда, ҳеч қачон кечирмасдим, қаматмасдим, ўлдириб юборган бўлардим», — деди судланувчи.

Суд раиси ишда тўпланган далилларни таҳлил қилиб, энаганинг жиноий ҳаракатларига қонуний баҳо берди. Энага Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «в» банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан баданга оғир шикаст етказиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Аввалроқ Чилонзор туманида энага 6 ёшли ногирон болани калтаклагани, ҳолат юзасидан туман ИИО томонидан терговга қадар текширув ўтказилаётгани ҳақида хабар берилган эди.