Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган аёл киши ёш болани ураётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Чилонзор туманида яшовчи 1995 йилда туғилган И.Х. ўзининг ногиронлиги бор фарзандига энагалик қилиш учун 2002 йилда туғилган С.Т.ни ишга ёллаган. Бироқ, энаганинг хизматидан шубҳаланган уй эгаси фарзандининг ётоқхонасига кузатув камерасини ўрнатган.

11 февраль куни энага 2017 йилда туғилган К.З.га қўпол муносабатда бўлиб, уриб калтаклаган ҳолати кузатув камерасида қайд этилган. Хонадон эгаси И.Х. шу куни С.Т.ни ишдан бўшатган ҳамда фуқароларни огоҳликка чақириш мақсадида видеотасвирни ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Унинг якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади бошқарма хабарида.