Тошкент шаҳри Учтепа тумани ИИБ ходимлари кўп қаватли уйлар деворларига гиёҳванд моддалар сотувчи интернет дўконлар флаерларини ёпиштириб юрган 29 ёшли Р.Г.ни қўлга олди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Эркак бу ишни 2022 йилнинг октябрь ойида интернет орқали топганини маълум қилди. Унинг айтишича, ксерокопия билан шуғулланувчи 26 ёшли таниши З.К. пул эвазига флаерларни кўпайтиришда унга ёрдам берган.

«Газета.uz»га Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг аниқлик киритишича, мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддаси (Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) ва 194-моддалари (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома тузилган.

«Наркограффити» қўлланиши ёки дори воситаларини реклама қилувчи варақалар тарқатилишига гувоҳ бўлган пойтахт аҳолисидан 102 рақамига қўнғироқ қилишлари сўралади.