Ўзбекистон Маданият вазирлиги «Ўзавтосаноат» тузилмасига кирувчи корхонадан 15,5 млрд сўмга иккита юк машинаси харид қилгани ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Вазирлик буни президент қарорида келтирилган вазифа эканлигини таъкидлаганди. «Маданият карвони» учун мўлжалланган мазкур автотранспортлар Турин политехника университети билан бирга мукаммал ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва зарур ускуналар билан жиҳозлаш чоралари кўрилиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан тўғридан-тўғри шартнома тузилганди.

16 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг олд майдонида ушбу махсус автотранспорт воситаси тақдимоти бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов.

Турин политехника университети технопарки муҳандиси Жасур Мустафоевнинг сўзларига кўра, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга ушбу махсус автотранспорт воситасининг техник параметрлари: кўриниши, ускуналар сони, чизма схемаси ва бошқалари мутахассислар томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилди.

»давлат

Жасур Мустафоев. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

«Бу замонавий автотранспорт воситалари хориж давлатлари, хусусан, Франция, Германия, Буюк Британия, АҚШ ва Хитойдан келтирилган махсус ускуналар ёрдамида тайёрланди. Трансформер JV MAN Auto-Uzbekistan МЧЖ қўшма корхонасида Турин политехника университети билан биргаликда жиҳозланди. Маданият ва туризм вазирлиги томонидан қўйилган техник талаблар асосида ишлаб чиқишга икки ой вақт кетди. Жараёнда асосан, университетнинг битирувчи муҳандислари меҳнат қилди», — деди у.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Унинг айтишича, транспорт воситасининг умумий оғирлиги 25 тоннага яқин бўлиб, дизель ёқилғисида ҳаракатланади. Ҳар 100 км учун ўртача 18−20 литр дизель сарфланади.

«Саҳнани қуриш жараёнида салкам 10 киши иш олиб боради ва бунинг учун 2−2,5 соат вақт кетади. Транспорт воситаси ичида электр энергияси билан таъминлаб берадиган алоҳида генератор ўрнатилган. Генератор учун соатига тўрт литрдан дизель ёқилғиси сарфланади», — деди Жасур Мустафоев.

Муҳандиснинг таъкидлашича, бу автотранспортлар орқали олис қишлоқ ва овулларда ҳам бемалол сифатли маданий тадбирлар ўтказилади.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

«Буларнинг афзаллиги шундаки, олдинлари А. ҳудуддан Б. ҳудудга бориш учун ижодий гуруҳнинг техникаларига алоҳида бир қанча катта юк машиналари ажратиларди. Бу орқали техник томонлама муаммолар туғиларди. Қисқаси, транспорт ва логистика ҳамда саҳна қуришга кўп вақт кетарди. Ушбу махсус трансформер воситаси эса қатор қулайликлар яратади. Ўзбекистоннинг энг олис ҳудудларига ҳам бориб, концерт ва томошалар қўйиш мумкин. Аҳамиятли жиҳати, мазкур комплекс Марказий Осиёда ягона ҳисобланади, қўшни мамлакатларда бундан йўқ», — деди мутахассис.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Жасур Мустафоевнинг қайд этишича, монитор, овоз кучайтиргич ва чироқлар пульт орқали масофадан туриб бошқарилади. «Чироқ ва акустикалар учун камида 5 йил муддатга кафолат берилган. Овоз мосламаларининг мўлжаллаган аудиторияси 10 минг кишини қамраб олади», — деди Турин политехника университети технопарки муҳандиси.

Журналистлар билан суҳбатда маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ушбу транспорт воситалари нима мақсадда харид қилинганини тушунтиришга уринди.

«Жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган махсус транспортимизни айни пайтда тақдимот қиляпмиз. Ўзим ҳам бунинг имкониятлари билан ҳозир танишяпман. Энг чекка ҳудудларда маданий тадбирлар ўтказиш учун на амфитеатр бор, на концерт саройлари бор. Олис жойлардаги аҳоли, айниқса, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёш болалар туман ё вилоят марказига доим ҳам боролмайди. Шунинг учун кўчма саҳна сифатида иккита махсус авторанспорт харид қилдик. Булар йил давомида узоқ жойлар, ҳатто тоғли ҳудудларга, умуман, мамлакат бўйлаб юради ва халққа хизмат кўрсатади», — деди вазир.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Унинг сўзларига кўра, мазкур транспорт воситалари энг охирги техникалар билан жиҳоланган. «Ҳозир бу автотранспортдан иккита олиб келдик. Агар ҳар бир вилоятга биттадан харид қилиб олсак, халқимизга маданий хизмат кўрсатиш имкониятимиз янада кенгаяди. Энг муҳими, овоз кучайтиргич, чироқ каби ускуналарнинг ҳаммаси энг сўнггиси ҳисобланади. Бу техникалар 10−12 йил давомида эскирмасдан, одамларга хизмат қилади», — деди Озодбек Назарбеков.

Аввалроқ, ҳукумат вакили Озодбек Назарбеков ушбу транспорт воситаларини замонавий кўринишдаги «Халқлар дўстлиги» санъат саройининг кичрайтирилган бир саҳнаси деганди ҳамда уларларнинг харид қилинишини вазирликнинг «жуда катта ютуғи» деб айтганди.

«Одамларимиз хоҳласа энг ривожланган давлатда бўлаётган намойишларни ҳам кўриш имкониятига эга. Халқимиз энг юқори даражада ташкил этилган тадбирларни ҳам томоша қиляпти, дунёни кўряпти. Буни тўғри тушунишимиз керак. Лекин оддий қора парда олдида ёки шийпонда туриб бераётган концертимиз аҳолига қизиқарли бўлмаяпти. Шунинг учун биз ҳам юқори даражада хизмат кўрсатиш мақсадида сотиб олдик», — деган эди вазир.