Ўзбекистон Маданият вазирлиги «Ўзавтосаноат» тузилмасига кирувчи корхонадан 15,5 млрд сўмга иккита юк машинаси харид қилгани ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Вазирлик ахборот хизмати «Газета.uz»га ушбу машиналар президентнинг «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига кўра, сотиб олинганини маълум қилганди. Қарорда 2022 йил 1 июнгача «Маданият карвони» учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга 2 дона махсус автотранспорт воситасини харид қилиш вазифаси белгиланган.

9 декабрь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган тадбирда Маданият вазири Озодбек Назарбеков мазкур автомашиналар хариди юзасидан муносабат билдирди.

«112-сонли қарорда Маданият вазирига махсус автотранспорт харид қилиш топшириқ этиб белгиланган ва харид учун 20 млрд сўм пул ажратилган эди. Биз уни талашиб, бир нечта вариантлар ичида танлаб, арзонлатиб, нархни 15,5 млрдга туширдик ва [харидини] ташкил этдик. Ҳали автомашиналаримиз қўлимизгача етиб келгани йўқ, яқин кунларда етиб келади. Баралла айтоламан, бундай транспорт яқин қўшниларимизда ҳам йўқ», — деди Назарбеков.

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

Маданият вазирининг қайд этишича, ушбу машиналар энг чекка ҳудудга борган тақдирда ҳам 20 дақиқада концерт томошасини намойиш этиш учун тайёр бўлади.

«У транспортда саҳна, экран, овоз кучайтиргичлар мавжуд бўлиб, замонавий кўринишдаги „Халқлар дўстлиги“ санат саройининг кичрайтирилган бир саҳнаси дейиш мумкин. Бундай хариддан мақсад шуки, энг чекка ҳудудларда ҳам сифатли хизмат кўрсатиш. Оддий қора парда олдида ёки шийпонда туриб, хира чироқни ёқиб қўйиб концерт бериш даври ўтди, менимча. Бугун қишлоқда яшаётган аҳолига ҳам юқори даражадаги хизмат кўрсатиш даври келди», — деди у.

Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, аҳолининг савияси кундан-кунга ўсиб боряпти, улар бугун уйғонган.

«Одамларимиз хоҳласа энг ривожланган давлатда бўлаётган намойишларни ҳам кўриш имкониятига эга. Халқимиз энг юқори даражада ташкил этилган тадбирларни ҳам томоша қиляпти, дунёни кўряпти. Буни тўғри тушунишимиз керак. Лекин оддий қора парда олдида ёки шийпонда туриб бераётган концертимиз аҳолига қизиқарли бўлмаяпти. Шунинг учун биз ҳам юқори даражада хизмат кўрсатиш мақсадида сотиб олдик», — деган Озодбек Назарбеков.

Унинг қўшимча қилишича, бу Маданият вазирлигининг жуда катта ютуғи.