Ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида зиддият юз бергани акс этган видео тарқалди. Тасвирда кўриш мумкинки, бир қанча фуқаролар ҳолатни тасвирга олиш учун воқеа бўлаётган хонага кирган, у ерда 3 нафар ходим ва 2 нафар фуқаро бўлган.

Ерда ётиб бақираётган фуқародан ички ишлар ходимини ажратиб олишгач, ИИО ходимларидан бири «бўлди, жавоб берилсин», «бўлди, мана шу етади», «бўлди, рухсат бер» деган сўзларни айтган.

Шундан сўнг бошқа бир фуқаро ходимдан нима учун тадбиркорлик фаолиятига халал бераётганини сўраган. Орган ходимларидан бири «ўзингдан кетма, бола», дея фуқаронинг қулоқларини ушлагани акс этган. Фуқаро эса ҳаммаси сьёмка бўлаётганини айтган, ходим «сьёмка бўлсин», дея жавоб қайтарган. ИИО ходимларидан бири ҳолат тасвирга олинишига қаршилик кўрсатиб, видеога олаётган фуқаронинг қўлидаги қурилмани қўли билан урган.

Ҳолат бўйича Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 13 апрель куни Шаҳрихон тумани ИИБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог майор С.Камолитдинов «Эшонқишлоқ» маҳалласида хизмат олиб бораётган бўлган. Шу вақтда маҳалла ҳудудидан 2004 йилда туғилган фуқаро Ш. Ш. бошқарувидаги Labo автомашинаси йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, 2006 ва 2007 йилда туғилган болаларни транспорт воситаси юкхонасида олиб кетаётганини кўриб, тўхтатган. Автомашина ҳайдовчиси болалар юкхонадан тушиб қолиши билан воқеа жойидан яширинган.

Шундан сўнг ҳолатни расмийлаштириш мақсадида майор С.Камолитдинов ва ҳудуд профилактика инспектори капитан Д.Қосимов «Қуруқсой» маҳалласида жойлашган 25-сонли ҳуқуқ-тартибот масканида вояга етмаган болаларни олиб борган. Улар билан суҳбатлашаётган вақтида Labo ҳайдовчиси Ш. Ш., унинг акаси Б.Ш. ва таниши Ж.Б. келиб, автомашинага нисбатан маъмурий жарима қўлламасликни, унинг жарима майдонига жойлаштирилиши тадбиркорлик фаолиятига зиён етказишини айтиб, ходимларнинг ҳаракатларига қаршилик кўрсатган. Шунингдек, хизмат олиб бораётган ходимларни ҳақорат қилиб, улар билан жанжаллашган ва майор С.Камолитдиновга жароҳатлар етказган.

«Тиббий хулосага кўра, майор С.Камолитдиновга бош юмшоқ тўқималари ҳамда чап елка ички юзаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, кўкариши ва милк юмшоқ тўқималарини лат ейиши ташхиси қўйилган. Фуқаро Б.Ш.да бўйин олд қисмида шилинма жароҳати мавжудлиги аниқланган», — дейилади расмий ахборотда.

Маълум қилинишича, Labo ҳайдовчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

«Воқеа иштирокчилари Ш. Ш., Б.Ш. ва Ж.Б.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозирда прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади вилоят ИИБ муносабатида.

Қайд этилишича, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида вилоят ИИБ томонидан хизмат текшируви тайинланган.

Аввалроқ Асака туманида ички ишлар ходимлари жамоат тартибини бузганликда айблаб, фуқароларга куч ишлатган эди. Кейинроқ туман ИИБга олиб кетилган фуқаролар узр сўраб, ходимларга совуқда тартибни сақлаётгани учун миннатдорлик билдирган.