Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходими фуқарога куч ишлатаётгани тасвирланган видеолавҳа юзасидан баёнот берди.

Маълум қилинишича, 19 январь куни Асака туманида жойлашган Evro Metan автомобилларга газ қуйиш шохобчасида навбатда турган ҳайдовчилар ўзаро навбат талашиб, жамоат тартибини бузган.

Шу ерга жамоат тартибини сақлаш ва тартиббузарлик олдини олиш мақсадида бириктирилган вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ходими сафдор Р.Мирзаев вазиятга аралашган.

Жанжални бартараф этиш мақсадида фуқароларни тинчлантиришга ҳаракат қилаётган вақтида жанжал сабабчилари — Асака туманида яшовчи, 2004 йилда туғилган О.Р. ва унинг акаси, 1997 йилда туғилган О.Ж. ходимга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, унинг қонуний талабларига бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган, — дейилади хабарда.

Тарқалган видеолавҳада ходим фуқарони тепиб, унинг кийимидан тортган ҳолда олиб кетаётганини кўриш мумкин.

ИИБ ҳодиса жойида жамоат тартиби тикланиб, фуқароларга нисбатан жисмоний куч ишлатилган ҳолда туман ИИБга олиб келингани ва улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилганини қўшимча қилди.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан воқеа иштирокчиларининг, шу жумладан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.

Ўз навбатида, жамоат тартибини бузиб, ходимларга қаршилик кўрсатишда айбланган фуқаролар видео орқали узр сўраб, ходимлар ишидан шикояти йўқлигини айтди ва совуқ кунларда тартибни сақлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

«Ходимни биз тушунмадик, ходим ҳам бизни тушунмади. Шунинг учун бироз муаммо юзага келди. Ходим тан жароҳати етказмаган. Эътирозимиз йўқ. Улар ҳам совуқни совуқ демай, эрталабдан кечгача заправкада туриб, ишда бўлишяпти. Уларгаям катта раҳмат», — дейди жанжаллашган фуқаро.

Профилактик суҳбат ўтказилган ака-укаларнинг иккинчиси ҳам ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилди.

«Ходимлар билан бироз келишмовчилик бўлди. Чеккадан кимдир видео олиб, интернетга қўйиб юборган. Лекин бу яхши иш эмас. Ҳеч кимга тан жароҳати етмаган. Интернетда биз ҳам кўрдик, „у қилган, бу қилган“ дейилган. Лекин ҳеч кимга жароҳат етмаган. Ҳамма ерим соппа-соғ. Бунчалик ваҳимали нарсалар бўлмаган. Ўша ерда турган акалар [ИИБ ходимлари]га катта раҳмат совуқда совуқ еб турганига ҳам», — дейди у.