Ижтимоий тармоқларда картадан картага (p2p) пул ўтказмалари учун солиқ жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарлвр юзасидан Солиқ қўмитаси маълумот берди.

Қўмита қайд этишича, жисмоний шахсларнинг бошқа жисмоний шахсдан мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек текинга олган пул шаклидаги даромадлари солиққа тортилмайди.

Солиқ кодекси 378-модда яъни, бир жисмоний шахсдан бошқа жисмоний шахсга пул ўтказиш (p2p) операциялари солиққа тортилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистондаги тўлов ташкилотлари жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширишда (p2p ўтказмалари) хизмат кўрсатиш учун электрон ҳисоб-варақаларни (ESF) расмийлаштириши ва тақдим этиши керак бўлади.

Бугунги кунда бир электрон ҳисоб-варақаси учун хизмат нархи 270 сўмдан 450 сўмгача. Солиқ қўмитаси таннархни 1 сўмга туширишни режалаштираётганини маълум қилган.

Кейинроқ, Адлия вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилаётган президент қарори лойиҳасида бу банд йўқлиги маълум бўлди. Катта эҳтимол билан бу банд ҳужжатни текшириш ва баҳолашдан кейин пайдо бўлган.

28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Адлия вазири Акбар Тошқулов «Газета.uz»га ушбу ҳолат бўйича изоҳ берди.

«Қонунчилик жараёни жуда катта. Қонунларда белгиланган талабларга кўра, [лойиҳа ҳужжатлари] биздан (ҳуқуқий экспертизадан — таҳр.) ўтиши керак. Баъзида шундай (экспертизадан сўнг норматив ҳужжат лойиҳасига қўшимча банд қўшилиши) ҳолатлари учрайди. Буни, албатта, тегишли ташкилотларга етказамиз ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги чорасини кўрамиз», — дейди вазир.

«Газета.uz» мухбирининг «Экспертизадан ўтмаган ушбу банд қарордан олиб ташланадими?», — деган саволига Тошқулов «Йўқ, қарор имзоланган», — дея жавоб берганди.