Ўзгидромет хизмати агентлиги директори Шерзод Ҳабибуллаев 15−17 апрель кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

15−17 апрель кунлари Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади. 15 апрелда республика ҳудудида, 16 апрелда Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин.

Баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Фарғона вилоятларида 25−28 м/с гача кучайиши мумкин.

17 апрелга ҳаво ҳарорати кечаси +2…+7 даражагача, кундузи +10…+15 даражагача пасаяди. 16−17 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятлари шимолида ҳарорат 0…+5 даражагача, баъзи жойларда −1…−3 даражагача бўлиши мумкин, кундуз кунлари +7…+12 даражагача пасаяди.

15−17 апрель кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир ёғади, баланд тоғларда қорга айланади) бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.